Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов “пақилдоқ” ва салютлардан олинган жароҳатларнинг инсон кўриш аъзоларида қолдирадиган оғир асоратлари ҳақида маълумот берди:
– Ҳар йили Янги йил арафасида, байрамдан олдин ва байрамдан кейинги кунларда, "пақилдоқ" ва салютлардан олинган жароҳатлар туфайли клиникамизга кўплаб мурожаатлар бўлади. Уларда юз соҳаларининг, пешона соҳасининг куйиши билан биргаликда кўз кўрув аъзоларининг шикастланиши, кўриш фаолиятининг бузилиши ёки бутунлай йўқолиши ҳолатлари кузатилади. Даволаш чора-тадбирларига қарамасдан, айрим беморларда оғир асоратлар кузатилади – кўриш аъзолари шикастланиб, кўриш қобилияти бутунлай йўқолади. Ҳаттоки, пиротехника воситалари сабабли болалар умрбод ногиронликка маҳкум бўлиб қолади.
Кўзнинг пиротехника воситалари таъсирида куйиши бир неча даражага бўлинади. Биринчи даражали куйишда беморларда кўз соҳасида қичишиш, қизариш шикоятлари кузатилса, иккинчи даражали куйишда кўз олмасида, кўзнинг шиллиқ пардасида гиперемиялар, шохпардада бироз шиш кузатилади. Шу билан биргаликда, юз аъзоларининг, пешона соҳасининг куйиши кузатилади. Учинчи даражали, яъни оғир даражали куйишда эса шох парданинг хиралашиши, қовоқлар некрози, юзнинг тўлиқ куйиши рўй беради. Тўртинчи даражали, яъни ўта оғир даражадаги куйишда кўзнинг барча органлари, шох парда ва бошқа тўқималарнинг куйиши, хиралашишлар ва чуқур некрозлар кузатилади.
Шунинг учун ота-оналардан, мактаб муассасаларидан ва барча масъул бўлган ташкилотлардан болаларга бу тўғрисида тўғри тушунча бериб, ҳар хил “пақилдоқ“лардан, пиротехника воситаларидан фойдаланмасликка чақиришларини сўрайман. Фарзандларимизнинг саломатлиги бир зумлик завқ ва ўйинқароқлиги ортидан хавф остида қолмасин!
ЎзА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, ҳаж делегацияси аъзолари ва Ишчи гуруҳи вакиллари Макка шаҳрида жойлашган Мино ва Арафот водийларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Мино водийсида зиёратчилар учун кенг ва текис ҳудуддаги алоҳида чодирлар ажратилган. Улар гиламлар, юмшоқ ўринлар, ёстиқ-чойшаблар, махсус совуткичлар билан жиҳозланган, коммунал хизматлар билан таъминланган ва санитария-гигиена талаблари ҳам инобатга олинган.
Жорий йилдаги қулайлик шуки, делегация талабларига мувофиқ Арафот ҳудудидаги ҳар бир чодир иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан тўлиқ ўралган ва ёруғлик учун ойналар ўрнатилди. Мазкурларда “Sofa bed” (ёстиқ ва тўшак), “Martaba” (тўшак), совуткич сингари қулайликлар ибодатларни хотиржам адо этишга хизмат қилади.
Шунингдек, уч маҳал иссиқ овқат, мунтазам чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш учун ҳам барча шароитлар ҳозирланган.
Айниқса, ҳожилар чодирларда вақтларини ғанимат билиб кўпроқ тоат-ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини етказиш мақсадида микрофон ва овоз кучайтиргичлар билан етарли даражада таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, мўмин-мусулмонларга янада қулай шарт-шароит ҳозирланиб, бу йилги ҳаж мавсуми сифат, мазмун ва хизматлар жиҳатидан энг юқори даражада бўлишига ҳаракат қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати