Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Баъзи қизлар гуноҳлари сабабли намоз ўқишга сусткашлик қилишади, баъзан эса бутунлай ташлаб қўйишади. Ўзларича «Шунча гуноҳларим бор, Аллоҳ намозимни қабул қилмайди», деб ўйлашади.
Бундай қилган қиз шайтонга икки марта алданади:
Биринчиси – шайтон уни гуноҳга етаклаганида алданади. Кейин шу гуноҳи сабабли қалбида қора доғ қолади, виждони қийналиб, юраги сиқилади.
Иккинчиси – шу гуноҳи учун шайтон уни намоздан узоқлаштирганда алданади. Шайтон «Энди қайси юзинг билан намозда Аллоҳнинг ҳузурида турасан? Аллоҳ гуноҳкор банданинг ибодатини қабул қилмайди. Ҳам гуноҳ қилиб, ҳам ибодат қилиб, Роббингнинг устидан куляпсанми? Сен бир гуноҳкор бўлсанг, нимангга намоз ўқийсан?» каби гаплар билан васваса қилади. Қарабсизки, бечора қиз ҳам гуноҳга ботади, ҳам намоз ўқимай қўяди – икки марталаб гуноҳкор бўлади. Борган сари қалбида қора доғлар ҳам, ғам-ташвишлари ҳам кўпайиб бораверади.
Агар бу қиз тавба намози борлигини билса, Аллоҳ фарз қилган, қалбига сокинлик, осойишталик ато этадиган беш маҳал намоз туфайли гуноҳлари ювилиб кетишини билса, намозини тамомлагунича Аллоҳ унинг гуноҳларини кечириб юборишини билса, намозга шошилган бўлмасмиди? Айнан ана шу гуноҳлари намозни маҳкам тутишига, ўқиганда ҳам, хушуъ ва ихлос билан ўқишига туртки бўлмасмиди?
Афсус. Аллоҳ таоло ҳаммамизга инсоф, тавфиқ берсин...
Бу фазилатли кунни Аллоҳ таоло мусулмонларга насиб айлади. Парвардигор ҳар жума куни олти юз минг кишини дўзахдан озод қилади.
Жума куни вафот этган бандага шаҳидлик ажри берилиши, Аллоҳ таоло уни қабр азобидан сақлаши ҳақида ҳадислар келтирилган.
Жума куни айтилган салавотнинг савоби беҳаддир.
Жума намози Исро кечасида фарз бўлган, лекин мусулмонларнинг сони кам бўлгани сабабли ҳижратга қадар ўқилмаган.
Жума намози Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубода бўлган пайтларида фарз бўлди.
У зот алайҳиссалом Қубода бир ҳафта турдилар, сўнг Мадина томон отландилар.
Илк жума намозини Мадинаи Мунавварадан бир мил узоқликдаги Нақийъул Хазимот деган жойда Бану Солим ибн Авфнинг маҳалласида ўқидилар. Ҳозир ўша ерда «Жума» масжиди қурилган.
Исломдан олдин жума кунини «аруба» деб аташган. Унинг яна бир номи – «явмул мазийд», яъни хайру баракот зиёда қилиб бериладиган кун.
Шунингдек, жума кечаси ҳафтанинг бошқа кечаларидан афзал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизга жума айёмини муборак этсин! Бу муқаддас кунлардаги ибодат ва дуоларимизни даргоҳида холис қабул айласин!
"Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар" китобидан