Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Сентябр, 2025   |   12 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:31
Қуёш
05:52
Пешин
12:27
Аср
16:58
Шом
18:55
Хуфтон
20:10
Bismillah
04 Сентябр, 2025, 12 Рабиъул аввал, 1447

Бола қандай қилиб ота-онасига оқ бўлади?

14.12.2024   4352   4 min.
Бола қандай қилиб  ота-онасига оқ бўлади?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага оқ бўлиш оғир гуноҳ эканини кўпчилик билади. Аммо оқ бўлишнинг чегараси, ўлчови, оқ бўлишга сабаб бўладиган нарсалар айнан нималардан иборат экани ҳақида кўпчилигимизда илмий асосланган далил ва ҳужжат йўқ. Кўп нарсалар умумий маълумотлардан нарига ўтмайди. Ушбу сарлавҳа остида келадиган маълумотлар орқали бу мавзуни қўлдан келганича ўрганишга ҳаракат қиламиз.

عَنْ سَعِيدٍ الْمَقْبُرِيِّ؛ أَنَّهُ سَمِعَ السَّلُولِيَّ يُحَدِّثُ نَوْفَلَ بْنَ مُسَاحِقٍ؛ أَنَّهُ سَأَلَ كَعْبَ الْأَحْبَارِ: مَا تَجِدُونَ فِي كِتَابِ اللهِ مِنْ عُقُوقِ الْوَالِدَيْنِ؟ قَالَ: أَنَا أُخْبِرُكَ إِذَا أَقْسَمَ عَلَيْهِ فَلَمْ يَبَرَّهُ، وَسَأَلَهُ فَلَمْ يُعْطِهِ، وَائْتَمَنَهُ فَلَمْ يَرُدَّ عَلَيْهِ، وَاشْتَكَى إِلَى اللهِ مَا يَلْقَى مِنْهُ، فَذَلِكَ الْعُقُوقُ كُلُّهُ.

Саъид Мақбурийдан, у Салулийдан Навфал ибн Мусоҳиққа ҳадис айтаётганини эшитди.

«У Каъбул Аҳбордан сўради: «Аллоҳнинг Китобида қайси нарсалар ота-онага оқ бўлиш ҳисобланади?»
«Мен сенга хабар бераман: агар у қасам ичса, бола унга амал қилмаса, сўраганида бермаса, омонат қўйса-ю, қайтармаса ва Аллоҳга ундан (боласидан) кўрган нарсаси ҳақида шикоят қилса, ўшаларнинг ҳаммаси оқ бўлиш бўлади», деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятда боланинг ота-онага оқ бўлиб қолишига сабаб бўладиган амаллардан баъзилари зикр қилинмоқда:

1. Ота-она боласи ҳақида қасам ичса, бола унга амал қилмаслиги.

Яъни, ота-она боласини ўртага қўйиб қасам ичди. Улар қасамхўр бўлмаслиги учун бола қасамдаги ишни қилиши лозим. Агар бепарво бўлиб, мазкур амални қилмай, ота-онани танг ҳолга солиб қўйса, уларга оқ бўлади.

2. Ота-она боласидан бирор нарсани сўраса, бола имкони бўлиб туриб, бермаслиги.

Ота-она ҳожатманд бўлибми, кўнгли тусабми ёки бошқа бир сабабданми, боласидан бирор нарсани беришини сўради. Бола ўша нарсани дарҳол, хурсандчилик билан ота-онасига бериши керак. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида айтилганидек, боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир.

Агар бола ота-онаси сўраган нарсани бермаса, уларга ёмонлик қилган ҳисобланади ва бу ёмон иши билан ота-онасига оқ бўлади.

3. Ота-онасининг омонатига хиёнат қилиши.

Ота-она боласига бирор нарсани омонат қилиб топширса-ю, у омонатга хиёнат қилса, ота-онасига оқ бўлади. Бегона, ҳатто ғайридин одамнинг омонатига хиёнат қилиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Шундай экан, ота-онанинг омонатига хиёнат қилиш уларга оқ бўлиш учун кифоя қилади.

4. Фарзанд ота-онаси у ҳақда Аллоҳга шикоят қиладиган иш қилиши.

Яъни боланинг бир қилмишлари борки, ота-онаси уларга чидай олмасдан, Аллоҳга ёлвориб: «Аллоҳим, болам мени шундай қилди», деб шикоят қилса, ўша бола ҳам оқ бўлади.

5. Ота-онага қилиш лозим бўлган яхшиликни қилмаслик «салбий оқ бўлиш» деб аталади. Улардан бирортасини қилмаган одам ота-онасига ўша соҳада оқ бўлаверади.

6. Ота-онага оқ бўлиш амалий ва каломий қисмларга бўлинади. Ота-онага гап-сўз билан озор етказган одам уларга каломий оқ бўлади. Ота-онага бир қилмиши билан озор берганлар амалий оқ бўлади.

Буларга ота-онани малол олиш, уларга дўқ қилиш, ғазаб кўрсатиш, тик қараш каби нарсалар киради.

7. Ота-онага оқ бўлишнинг умумий ўлчови шуки, бегона кимсага қилинса, кичик гуноҳ бўладиган амаллар ота-онага нисбатан қилинганда катта гуноҳга айланади.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Бошқа мақолалар

"Эй нафсим, қанча, яна қанча ухлайсан?!"

27.08.2025   11479   3 min.

Абу Алий Рўзборийнинг қизлари Азиза умму Айман муножотларида бундай дер экан: “Қандай қилиб ҳузурингдаги нарсага ишқибоз бўлма­йин, ахир қайтар жойим Сен-ку! Қандай қилиб Сенга муҳаббат қилмайин, ахир нимаики яхшилик бўлса, Сен тарафдан келади-ку! Қандай қилиб Сенга ошиқмай, Ўзинг шавқимни оширган бўлсанг!”.
 

Бошқа бир аёл Аллоҳга илтижосида бундай дер экан: “Аллоҳим, Подшоҳим! Сен тараф отланмаганнинг йўли на қадар тор-а! Сен билан суҳбатдош бўлмаганнинг ҳоли қандайин қўрқинчли-а!”.

Бурда раҳматуллоҳи алайҳ тун зимистонида: “Одамларнинг кўзлари тинди, чуқур уйқуга кетди. Ҳамма ошиқ ўз маъшуқи бирла ёлғиз қолди. Мен ҳам Сен билан бирга хилват ичраман, Ҳабибим! Сенинг муҳаббатинг қалбимда бўлар экан, мени азоблармидинг?!” – дер экан.

Нақиш бинти Солимнинг муножотлари: “Эй тунда ибо­дат қилувчиларнинг Ҳабиби! Бериш қашшоқ қилиб қўймайдиган Зот! Сермурувват Зот! Сенинг висолингга етишишимга бўлган ишончимни орттир! Зиёфатинг мени жаҳаннамдан қутқариш бўлсин! Ўз розилигинг бирла кўзларимни қувончга тўлдир!”.

Мансур ибн Аммор айтади: “Мен бир серибодат кишининг тунда Роббига илтижо қилиб, бундай деяётганини эшитдим: “Иззатинг ва буюклигинг ҳаққи, мен маъсиятим орқали Сенга қарши чиқишни хоҳламаганман. Сенинг ғазабингга дуч бўлмоқчи эмас эдим. Лекин нима қилай, нафсим шу гуноҳларни зийнатлаб кўрсатди. Гуноҳларимни парда ортида тутганинг мени алдаб қўйди ва натижада гуноҳга қўл урдим, бу нодонлигимдандир. Ана энди азобингдан мени ким ҳам қутқара оларди, агар Сен ўз арқонингни мендан узсанг, кимнинг арқонидан тутаман?! Вооҳ, эрта қаршингда туришга хижолатман, қандай қилиб ҳузурингда тураман?!”.

Робия Адавия туннинг барча қисмида намоз ўқир эди. Тонг вақти киргач намоз ўқиган жойидаёқ озгина мизғиб олар ва кун чиқиб кетиб қоларди, кейин: “Эй нафсим, қанча, яна қанча ухлайсан?! Кимнинг қаршисида турасан?! Сен бу кетишда уйқудан қиёмат қоим бўлганида уйғонадиганга ўхшайсан”, дер эди.

Ажарва исмли солиҳа бир аёл саҳар пайтигача туни билан намоз ўқиб чиқарди. Саҳар пайтида хомуш бир овозда: “Сен тунда ибодат қилиш бобида обидлардан ўзиб кетишинг керак. Улар Аллоҳнинг раҳмати ва фазлида сендан ўзаяптилар. Роббим! Сендан сўрайман бошқадан эмаски. Сен тарафга чопувчилар ичида энг олдинги сафларда қилишингни сўрайман. Мени Ўзингга яқин бандаларинг даражасига кўтаришингни сўрайман. Солиҳларга эргаштиришингни сўрайман. Сенингдек сахий Зот йўқ. Сен каби раҳм қилувчи йўқ!” дер ва саждага йиқилар эди. Саждада яна Аллоҳга илтижо қилар, йиғлар эди ва шу зайлда тонг отарди. У ўттиз йил мобайнида шундай муножот қилди”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.