Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Молик Куфа аҳлидан бўлган бир кишидан ривоят қилади:
Қаранг-а, қандай олийжаноблик! Уруш вақти. Бир душман тоққа қочиб, яшириниб олди. Лекин уни қувиб борган мусулмоннинг ёлғон ваъда бериб, душманни ўлдиришга ҳаққи йўқ. Агар ёлғон ваъда бериб, бирор мушрикни ўлдирса, у ўз ҳукумати томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Имом ал-Воқидий ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Абу Ҳадрад ал-Асламийдан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Жобияга келдик. У аҳли зиммадан бир чолнинг таом тиланиб юрганини кўриб қолиб, унинг кимлигини сўради. «У аҳли зиммадан, ёши улғайиб, заифлашиб қолган», дейилди.
Умар унинг зиммасидаги жизяни бекор қилди. Кейин: «Ундан жизя олиб, заифлашган чоғида таом тилантириб қўйдингизми?!» деб, Байтулмолдан ўн дирҳам нафақа жорий қилди. Унинг оиласи бор эди».
Абу Убайд ва Ибн Занжавайҳ ривоят қиладилар:
«Умар розияллоҳу анҳу бир қари зиммий чолнинг масжид эшиги олдида тиланиб турганини кўриб қолди ва:
«Сенга нисбатан инсоф қилмабмиз. Ёшлигингда сендан жизя олибмиз. Катта бўлганингда сени зое қилибмиз», деди. Сўнгра Байтулмолдан унга етарли маош жорий қилди».
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.
Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:
– Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.
Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти
катта ўқитувчиси.