Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Август, 2025   |   24 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:08
Қуёш
05:35
Пешин
12:32
Аср
17:17
Шом
19:22
Хуфтон
20:42
Bismillah
18 Август, 2025, 24 Сафар, 1447

Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак

16.12.2024   52699   1 min.
Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак

Бугун, 14 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилояти сафарлари давомида туман-шаҳар бош имом-хатиблари ва “Саййид Муҳйиддин махдум” билим юрти мударрислари билан йиғилиш ўтказдилар.

Учрашув аввалида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимиз тараққиётининг янги даврида диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритдилар. Жумладан, ҳар бир имом-хатиб масжиддаги фаолияти билан бирга ўзига бириктирилган маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ҳам фаол хизмат қилишларини таъкидладилар. Шунингдек, имом-домлалар ҳар бир ишни қонунчилик доирасида амалга оширишлари ва дин пешвоси бўлган имомлар жамиятнинг энг намунали кишиси бўлишларига катта урғу қаратдилар.
Таҳлилий руҳда ўтган мажлисда Муфтий ҳазратлари кейинги йилларда Андижон вилоятида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилаётгани, имом-хатиблар шариат ходими сифатида халқимиз диний эҳтиёжини қондириш ва хайрия ишларини кенг кўламда адо этаётганларини таъкидлаш баробарида баъзи имом-хатиблар фаолиятида камчиликлар кўзга ташланаётгани, улар ўзларини ислоҳ қилишлари лозимлигини алоҳида қайд этдилар. 
Шунингдек, устоз-муддарислик ҳам жамият ҳаётида энг муҳим мақом ва одамлар эътиборидаги улуғ касб экани, бугунги кунда барча соҳада бўлгани каби диний жабҳада ҳам ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш жуда ҳам зарур эканини баён этдилар.

Йиғилиш давомида мутасаддилар ўтaётган йил якунлари ва келгуси йилги режалар юзасидан ахборот берди. Шунингдек, масъулларга соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак Муфтий ҳазрат: Имомлар жамиятда ҳар доим намуна бўлиши керак
Бошқа мақолалар

Аллоҳ берган неъматлари миқдорича берамиз

15.08.2025   3257   3 min.
Аллоҳ берган неъматлари миқдорича берамиз

Бир аёл Лайс ибн Саъддан озроқ асал беришини  илтимос қилди. Лайс унга бир меш асал олиб келишларини буюрди. Атрофидагилардан бири: “Нима учун бу аёлга бунча асал беряпсиз? Ахир у сиздан озгина асал сўради, холос”, деди. Лайснинг жавоби мана шундай бўлди: “У биздан ўзига керагини сўради, биз эса унга Аллоҳ таоло бизга берган неъматлари миқдорича берамиз”.

Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш бечораҳолга садақа улашмасидан бурун биров билан гаплашмас экан. Биз-чи, биз?! Ҳар куни яримта хурмо бўлса-да, садақа қиляп­мизми?! Агар мол-дунёингиз етарли бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мол-дунё садақа сабабли камаймайди”[1] деган гапларини эсингиздан чиқарманг!

Алий розияллоҳу анҳу бир куни йиғладилар. У кишидан: “Йиғингизнинг боиси не?” – деб сўрашганида, “Менинг олдимга мана етти кундирки меҳмоннинг қадами етмади. Аллоҳ мени хор қиляптимикан деб хавфсираб қолдим”, деган эканлар.

Бировга эҳсон берар экансиз, чеҳрангиз очиқ бўлсин. Яхшилик қилаётган кишингизнинг қаршисида қовоғингизни уйманг.

Шоир айтади:

Фақир даргоҳига ҳар дам чеҳранг очиб бор,
Ўзингни паст тутиб, кибру ҳаводан қочиб бор. 

Берган нарсаларингизни миннат қилишдан сақланинг, йўқса  амалларингиз чиппакка чиқади. Аллоҳ таоло айтади: «Яхши сўз ва кечириш  ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир»[2]. Яна Аллоҳ таоло миннатчиликдан огоҳлантириб, шундай дейди: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб  берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..”[3].

Бир киши дўстининг олдига келди. Дўсти унга: “Нима гап, тинчликми? Бирор ишинг бўлса айт”, деди. У: “Менинг тўрт юз дирҳам қарзим бор, берай десам бир дирҳам ҳам пулим йўқ”, деди. Дўсти унга тўрт юз дирҳам берди-да, кўзларида ёш ила уйига кирди. Аёли: “Ахир йиғлар экансиз, нимага  бердингиз?” – деди. Шунда у: “Худо ҳаққи, мен бу учун йиғлаётганим йўқ. Мени йиғлатган нарса, наҳот яқин дўстимнинг бу ҳолидан бехабар қолдим, ахир дўстим эшигимгача келибди. Шунинг хижолатидан йиғлаяпман”, дебди.

Яқинларимиз, қариндош-уруғ, дўстларимиз ҳолидан хабар олаяпмизми?!

Уларга бирор нарса бергудек бўлсак, уларнинг ҳожатлари миқдорича бераяпмизми ёки бизга ато қилинган неъматлар қадарми?! 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ривоят қилган.
[2]  Бақара сураси, 263-оят.
[3]  Бақара сураси, 264-оят.