Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳтарама синглим!
Қўлингизга дафтар-қалам бериб, «Ўзингиз ҳақингизда ёзинг» десак, нималарни ёзган бўлардингиз?
Ёки «Мен – чорасиз, маҳзун, бутун ҳаёти чигалликлардан иборат, омадсиз, беўхшов, ўзига ишончи йўқ, ҳаётда ўз ўрнини тополмаган қизман. Менинг келажагим қоронғи, қандайдир мавҳумликдан иборат» каби тунд сўзларни ёзасизми?
Ўзингиз ҳақингизда нималар деб ёза олишингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг!
Ёзганларингиз ижобий бўладими, салбийми?
Ўзингиз, ҳаётингиз ҳақидаги фикрларингиз салбий бўлса, демак, сиз ўзингизнинг фақат ёмон тарафларингизни кўрар экансиз, ижобий тарафларингизни эса кўрмас экансиз. Шунинг учун зилдек қайғуларни, кўз ёшларни кўтариб юраркансиз. Баъзан ғам-ғуссадан азият чекасиз, дард-алам ич-этингизни ейди, фикрларингизни жамлай олмайсиз. Яқин инсонларингиз билан ёмон муносабатдасиз. Одамларнинг ҳар бир гапи эътиборингизни тортаверади, ҳеч бир яхшилиги бўлмаган ёмон келажакни кутиб яшайсиз.
Буларнинг барчасига сабаб шуки, қиз бола ўзига нисбатан қандай муносабатда бўлса, атрофида бўлаётган ишларни ҳам шундай талқин қилади. Қиз бола ўзига салбий баҳо берса, бу нарса уннг ижтимоий алоқаларига, ўқишига, иш фаолиятига, руҳий ҳолатига салбий таъсир қилади. Ҳатто интернетдаги тахаллуси учун ҳам «ёлғиз», «кўз ёши», «маҳзун» каби салбий маънони англатувчи номлар танлайди. Тинмай ўзини бошқалар билан солиштираверади, улардаги неъматларга ҳасад қилади. Буларнинг барчаси ўзига паст баҳо бериш, барча инсонлар ҳақида, ўзига нисбатан кўрсатилаётган ҳамма муносабатлар ҳақида ёмон гумонда бўлишнинг оқибатидир.
Бир қиз айтади:
«Ўсмирлик давримда ўзимга жуда паст баҳо берардим. Бу нарса бошимга битган бало бўлди. Қиз бола учун ҳаётдаги энг муҳим нарса – унинг кийиниши деб ҳисоблардим. Одамлар қизларнинг фақат кийинишига қараб баҳо беради, деб ўйлардим. Ҳатто шуни деб, «Янги кўйлак олиб берасизлар!» деб ота-онамга қўпол гапирардим. Бора-бора ўзимнинг кийинишим ўзимга ёқмай қолиб, ҳатто ўзим билан ҳам зиддиятга бориб қоладиган бўлдим. Ҳар куни бир ярим-икки соат вақтим кийинишга кетарди: бир кўйлакни кияман, ёқмайди, бошқасини кияман, у ҳам ёқмайди… Кийим кийиб-ечиш билан овора бўлиб, қанча вақт ўтиб кетганини билмай қолардим. Шундан кейин ҳам кийган кийимимдан норози бўлиб уйдан чиқардим. Баъзан ўзимни ўзим ўлдиргим келиб кетарди. Лекин бу фикрдан мени бир нарса тўхтатиб турарди – «Ўлганимдан кейин одамлар жанозамга келса, ўзимга ярашмай турган кийимда кўрадими? Ўлганимда ҳам мана шундай беўхшов кийимда ётаманми?» деган ўй-хаёлларга борардим. Мана шу фикр жонимга қасд қилишдан бир неча бор қайтариб қолган.
Орадан бир неча йил ўтиб, Аллоҳ мени кийим-кечак васвасасидан қутқарди. Аста-секин ҳамма қатори оддий яшай бошладим. Энг муҳими –асосий вақтимни илм олишга сарфлай бошладим, охират ҳақида кўпроқ ўйлайдиган бўлдим. Тушуниб етдимки, охират ғами билан яшайдиган, дунёни арзимас санайдиган қиз фақат дунё орзу-ҳавасларига берилиб яшайдиган қиздан кўра минг чандон бахтли бўларкан!».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бераётган барча дуоларнинг туб мақсади шуки, қай ҳолатда, қандай ишда машғул бўлсангиз ҳам, қалбингиз фақат Аллоҳ томонга қарасин. Бу қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган. Кўз, қулоқ, тил ва бошқа аъзолар дунёвий ишлар учун, улар орқали дунёвий мақсадларга эришилади. Лекин қалбни Аллоҳ таоло холис Ўзи учун яратган. Токи, унда Аллоҳнинг тажаллийси (нури) бўлсин, Аллоҳнинг муҳаббати ила яшнасин, Аллоҳнинг зикри ила обод бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал амал банданинг тили Аллоҳнинг зикри ила нам бўлишидир», дедилар.
Тилни Аллоҳ таоло қалбга тушадиган зина қилган. Тил билан зикр қилаверсанг, иншаАллоҳ, у зикр қалбга нақшланиб бораверади. Аллоҳ таолонинг ёди ва муҳаббати шу даражада жо бўлсинки, қалб Аллоҳ таолонинг тажаллийгоҳи (нури тушадиган жой) бўлсин. Тариқат, тасаввуф ва сулукнинг асл мақсади ҳам шудир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан