Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Январ, 2025   |   2 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:32
Аср
15:23
Шом
17:08
Хуфтон
18:27
Bismillah
01 Январ, 2025, 2 Ражаб, 1446
Мақолалар

Аллоҳ ўзини кўз-кўз қилмаган бандасини яхши кўради

16.12.2024   1727   3 min.
Аллоҳ ўзини кўз-кўз қилмаган бандасини яхши кўради

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Соиб ибн Ақраъ розияллоҳу анҳу халифа ҳазрати Умарга Наҳованд жангида шаҳид бўлган кишиларни санади. У таниқли, кўзга кўринган кишиларнинг исмларини бирма-бир айтиб бўлиб, сўнгра деди:

– Қолганлар чекка қишлоқлардан. Амирул мўминин, сиз уларни танимайсиз.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар ва:

– Умарнинг танимаслиги уларга зарар бермайди. Чунки уларни Аллоҳ танийди, - дедилар.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг «Сияру аъла мин нубало» китобида келади: «Ҳорун Рашиднинг қўшинида йигирма минг мужоҳид ўз номини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким уларни билмаслиги учун қўшин китобига ёздирмас, маош ҳам олмас эди».

Гапнинг боғлиқлик томонига келсак, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қатл қилинган пайтда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу саҳрода туяларини боқиб юрган эдилар. У кишининг олдига ўғли келди. Саъд розияллоҳу анҳу уни узоқдан кўргач, дедилар:

– Аллоҳим! Бу чавандознинг ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман.

Фаросатлари ила чопарнинг ёмон хабар олиб келаётганини сезганлар. У етиб келгач, қарасалар, ўғли экан. У Саъд розияллоҳу анҳуга деди:

– Сиз туяларингиз билан юраверинг. У ёқда эса одамлар подшоҳликни талашиб ётишибди (яъни ўғли Саъд розияллоҳу анҳуни халифаликка тарғиб қиляпти).

Саъд розияллоҳу анҳу дедилар:

– Жим бўл! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло тақводор, бой ва махфий бандасини яхши кўради», деганларини эшитганман.

Махфий банда бошқалардан ўзининг ёмонликларини яширганидек, яхшиликларини ҳам яширади. Фақатгина ўзи билан Аллоҳ биладиган махфий амали бўлади.

Сиз қиладиган садақани инсонлар билиши керак эмас. Риё амалларни ботил қилади. Гарчи кишида риё бўлмаса-да, садақа бераётгани шахснинг қалбига озор етказиб қўйиши эҳтимоли бор. Кишиларнинг қалбини тўлдириш эса, уларнинг чўнтагини тўлдиришдан олдинда туради.

Қиладиган ҳар бир яхши амалингизни ҳужжатлаштириб қўйишингиз шарт эмас. Нафсингизга ҳам озроқ дам беринг. Бу ишларни ёзиб қўйишни Аллоҳга қолдиринг. Модомики, мухлис экансиз, У зот амалингизни зое қилмайди.

Дин ишининг ҳисобини Аллоҳ қилади. Амалимиз остида ихлос бўлса ажр, риё бўлса, азоб бор... Аллоҳ ҳеч нарсани зое қилмайди.

Солиҳлардан бири айтади: «Яширин мукофотлар яширин амалларгадир».

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган касаллигимизга Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган садақа билан шифо сўрайлик.
Қалбингизда ин қуриб олган, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган ғамга Ундан ўзга ҳеч ким билмайдиган истиғфор билан нажот истанг.
Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган ташвишларингизга фақатгина Аллоҳ биладиган тунги икки ракат намозингиз билан кенгчилик сўранг.
Ризқингиз тор бўлса, кишиларга айтиб юрманг. Иффатли бўлинг. Аллоҳга яширин истиғфор айтинг. Буни ҳеч ким билмасин!
Ёдингизда тутинг! Умарнинг билмаслиги сизга зарар бермайди. Зеро, Аллоҳ сизнинг барча ҳолатингизни билиб турибди!
У Зот ўзини кўз-кўз қилмаган бандасини яхши кўради.

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Илтимос, шовқин солманг, озор беришни бас қилинг!

31.12.2025   9382   1 min.
Илтимос, шовқин солманг, озор беришни бас қилинг!

Одатда ҳар йили 31-декабрь санасида шомдан кейин бошланган пақилдоқ ва салютлар товуши соат о'н иккига яқин авжига чиқиб, тонггача давом этади. Ба‘зи инсонларнинг хурсандчилик қиламан, деган ниятда солаётган шовқинлари ҳаммага ҳам ёқмайди.

 Ҳеч о‘йлаб ко‘рганмисиз? Бу овозу шовқинлар қанчалаб хонадонларнинг тинчини бузар эканаа?!. Ба'зи уйларда қон босими баланд бо‘лган қариялар, ог'риқдан ко'нглига қил ҳам сиг‘маётган беморлар, куну тун бетоб бо‘либ ётган фарзандининг тепасида мижжа қоқмай чиқаётган оналар, шовқиндан қо'рқиб тинмай йиг‘лаётган го‘даклар тонг отиши, шовқин-суронлар то‘хташига интизор бо‘ладилар. Кишилар тинчини бузаётганларни уйида ҳам юқоридага айтган ҳолатлар бо'лганда шу ишни қилишармиди? 

Динимизда бошқаларга тили ва қо‘ли билан озор етказишдан қайтарилган. Исломда инсонларни қо'рқитиш зулм ҳисобланади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмон мусулмонни қо'рқитиши ҳалол бо‘лмайди", дея марҳамат қилганлар. 
 
Янги йил арафасида пақилдоқ ва салютлар нархи қанча қиммат бо'лиши ҳаммамизга ма‘лум. Мана шу нарсаларга пулларини исроф қилиб, уни ҳавога учирмай, эҳсон қилинса, қандай ҳам яхши амал бо‘ларди. 

Буларни нега ёзаяпмиз?! Илтимос, о'зингизнинг озгина хурсандчилигингизни, деб бошқаларга озор берманг, бизни о‘з уйимизда тинч яшашга қо‘йинг, о'згаларга озор беришни бас қилинг!"

Жозиба Жамол қизи,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом та‘лим муассасаси о'қитувчиси