Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَرْبَعٌ مِنْ سُنَنِ الْمُرْسَلِينَ: الْحَيَاءُ، وَالتَّعَطُّرُ، وَالسِّوَاكُ، وَالنِّكَاحُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ بِسَنَدٍ حَسَنٍ.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок ва никоҳ», дедилар».
Аҳмад ва Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аллоҳ таолонинг Расуллари У зот яратган бандаларнинг энг сарасидирлар. Улар турли замонларда турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлар ҳисобланадилар. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи турли хато ва гуноҳлардан сақлаб турган ва у зотларнинг ҳаётлари умматларига ўрнак бўлган.
Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларга амал қилиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир.
Ушбу ҳадиси шарифда Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача – барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда:
1. Ҳаё.
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига хос муштарак сифат бўлган.
Шунинг учун ҳар бир мўмин ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ хоҳласа, бу ўта муҳим сифат ҳақида «Ахлоқ китоби»да алоҳида сўз юритамиз.
2. Хушбўй сепиш.
Хушбўйлик кишига завқ беради, очиқ табиатлик, қувонч келтиради. Хушбўйлик инсон табиатига ижобий таъсир этадиган нарсадир.
Исломда ҳар бир нарсанинг хушбўй бўлишига катта эътибор берилади. Сассиқ, қўланса ҳидни йўқотишга ҳаракат қилинади. Чунки бу барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
3. Сивок.
Ҳозир эса сивок, яъни оғизни, тишни тозалаб юриш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлганлигини билишимиз кифоя қилади.
4. Никоҳ.
Аллоҳ таолонинг барча Пайғамбар алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланади. Аксинча, Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият берилиши лозимлигини англатади.
وَلِلتِّرْمِذِيِّ وَالنَّسَائِيِّ وَالْحَاكِمِ: ثَلَاثَةٌ حَقَّ عَلَى اللهِ عَوْنُهُمُ: الْمُكَاتَبُ الَّذِي يُرِيدُ الْأَدَاءَ، وَالنَّاكِحُ الَّذِي يُرِيدُ الْعَفَافَ، وَالْمُجَاهِدُ فِي سَبِيلِ اللهِ.
Термизий, Насаий ва Ҳокимларнинг ривоятларида:
«Уч кишига ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасида ҳақдир: адо этишни ирода қилган мукотабга, иффатни ирода қилган турмуш қурувчига ва Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳидга», дейилган.
Шарҳ: Инсон тирик экан, ҳамиша ўзаро ёрдамга эҳтиёж сезади. Қолаверса, кўпчилик турли масалаларда бир-биридан ёрдам сўрайди. Лекин ёрдам берувчи кўпроқ қай ҳолларда ёрдам бериши матлуб ва қайси кишиларга ёрдам берса, кўпроқ савоб олади?
Ушбу ҳадисда шундай саволга жавоб берилмоқда:
«Адо этишни ирода қилган мукотабга».
Мукотаб – хожаси билан маълум бир вақтда маълум миқдор пулни бериб, озод бўлишга аҳднома тузган қул эканлигини «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг ўн иккинчи жузида, «Қул озод қилиш» бобида ўрганган эдик. Бу қанчалар улуғ ва савобли иш эканлигини таъкидлаб ўтирмасак ҳам бўлади.
Бировга сидқидилдан ёрдам бермоқчи бўлган одам аввало ана шундай, озод бўлишни чин қалбдан хоҳлаётган, бунинг учун жону дили билан уринаётган қулга ёрдам қилиши жоиз ва яхши эканлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида алоҳида таъкидлаб ўтганлар.
«Иффатни ирода қилган турмуш қурувчига».
«Ўз иффатимни сақлайин, жинсий майлимни пок йўл – никоҳ йўли билан қондирайин», деб уринаётган кишига ёрдам бериш ҳам худди қулликдан озод бўлишга ҳаракат қилаётган одамга ёки кейин баёни келадиган, жиҳодга чиқишга ҳаракат қилаётган одамга ёрдам беришдек зарур ва савобли ишдир.
Никоҳли бўлиб, иффатини сақлашга ҳаракат этаётган, аммо эриша олмаётган кишига ёрдам қўлини чўзиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг муқаддас бурчидир. Бундай одамга кимдир сўзи билан, кимдир хизмати билан, кимдир молу дунёси билан ёрдам бермоғи керак. Бу иш жуда ҳам улуғ савобга молик бўлиб, мусулмонлар қадимдан бу борада бошқа халқлардан ажралиб турганлар. Улар оила қуришга уринмаганларни оила қуришга ундаганлар, оила қуриш ниятидагиларга қўлларидан келган ёрдамларини аямаганлар.
Бу ишларни худди мана шу ҳадисга амал қилиб, адо этганлар. Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу борада ўз ихлос ва ғайратларини кўрсатишлари керак.
Баъзи юртларда бу иш мусулмонларнинг шахсий ҳаракати тариқасида амалга оширилаётган бўлса, бошқаларида оила қурувчиларга ёрдам жамиятлари тузилган. Нима қилиб бўлса ҳам, бу ишни хайрли санаб, жонлантирган афзал. Ана шунда ажру савобга эришилади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.