Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: «Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтди. Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг хос мажлислари бўлар эди. Мажлисга ҳазратга яқин кишилар келарди. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турардилар. Ўғиллари келганида, ҳазрат унга, биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан, бугун уларга сен ваъз қил, дедилар. У жудаям тетик эди. Ҳазратнинг таклифини бажонудил қабул қилди. Мажлис бошланди. У ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор-йўғи шундай бир жумла айтдилар: «Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилгандик. Кечаси саҳарликда ичамиз деб сут ҳам сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдирни қарангки, мушук сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик».
Бор-йўғи шу гапни айтдилар. Ҳамма йиғлай бошлади. Гаплари қаттиқ таъсир қилди, мажлис аҳли ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Кейин ҳазрат ўғилларига бундай дедилар: «Қара, сен соатлаб ваъз қилдинг. Уларга ҳеч нарса қилмади. Мен бор-йўғи бир оғиз гапирдим, одамларнинг қалбларига катта таъсир этди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин энди қалб дардини пайдо қил, қалбингни Аллоҳга қайтаришга (яъни боғлашга) ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг, хоҳу фасоҳатли, балоғатли бўлсин-бўлмасин, чала-чулпа бўлсин фарқи йўқ, одамларнинг қалбларига кўп таъсир қилади».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
Уламолар бирор бир мазҳабга эргашиш борасида Қурон оятлари ва ҳадиси шарифлардан ишоралар келтириб айтишадики,«...Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз» (16:43).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда: «Мен сизларнинг орангизда яна қанча қолишимни билмайман. Шундай экан, мендан сўнг у иккиси: Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинг» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад), дейилган.
Имом Муслим «Саҳиҳ» асарининг шарҳловчиси Имом Нававий муайян имомга тақлид қилишнинг шартлигини шарҳлаб: «Сабаб шундаки, мазҳаблардан бирини танлашга рухсат бериш кишиларни, улар ўз хоҳишларига мос келадиган осон нарсага эргашишига олиб келади. Улар ҳалол ва ҳаром, рухсат этилган ва ман этилган нарсаларнинг орасидан ўзларига мосини танлайдилар. Бу мазҳаблар осонлаштирилмаган, тизимлаштирилмаган ёки машҳур бўлмаган илк ислом давридан фарқли равишда масъулият ташвишидан озод қилишга олиб келади. Шулар асосида киши ўзи қатъий равишда амал қиладиган мазҳаблардан бирини танлаши лозим бўлади», деган .Бошқа манбада: «Бу уммат ижмо қилган, тўғирланган, ёзиб қўйилган тўрт мазҳабдир. Бизнинг кунимизгача одамлар унга тақлид қилишиб ўзларини ўшандан деб ҳисоблайдилар. Бунда, айниқса, қатъиятлилик камайган, хоҳишларимиз онгимизга ўрнашган ва одамнинг аҳмоқона эҳтироси худди фазилат сифатида қараладиган бугунги кунда, кўпгина аниқ устунлик бор», деб ёзган.
Янги Наманган тумани "Абдуллоҳ ибн Масъуд" жоме масжиди
имом-хатиби Ш.Тўхтабаев