Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Бугун сизларга онага яхшилик қилиш, уни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш, яхши кўриш ҳақида сўзлаб бераман. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Аллоҳ таоло: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат”, деган.
Аллоҳ таоло ушбу оятда ота-онага меҳрибон бўлишга, уларга мулойимлик билан муомала қилишга буюради. Фарзанд ота-онасининг олдида ўзини камтар тутиши лозим.
Келинг, сизга бу ҳақда бир ҳикояни сўзлаб берай.
Бир йигит онаси билан ёлғиз яшарди. У барча ёшлар каби тез жаҳли чиқадиган ва ғазабланадиган эди. Кунларнинг бирида кўйлагини киймоқчи бўлди, лекин тугмаси узилиб тушганини кўриб жиғибийрон бўлди. Онасидан аламини олмоқчи бўлиб: “Она кўйлагимнинг тугмаси қани?!” деб бақирди. Онаси бир зумда кўйлакка тугма қадаб берса-да, ўғлининг ғазаби босилмади. Балки янада қаттиқроқ онасига бақириб, қўлидаги қоғозларни столга отиб, онасига жаҳл қилди. Онаси хафа бўлиб, бир оғиз ҳам сўз айтмади. Ўғли ўзининг хонасига эшикни бор кучи ёпиб, кириб кетди.
Ҳа, афсуски бугунги кунда бундай ёшлар жуда кўп.
Йигит қилган ишидан қаттиқ афсусланди, онасини ранжитгани учун кечаси билан ухлай олмади. Эрталаб тонг отиши билан онасидан кечирим сўраш учун онасининг олдига борди, лекин онаси унга ҳеч нарса демади. Йигит университетга кетди.
Йигитнинг ҳаловати йўқ эди, дарсга қатнашишни ҳам истамасди. Миясида турли ўй-ҳаёллар қайнарди. “Бугун онамга бирор нарса бўлса-я”, “Аллоҳ сақласин, агар онам вафот этиб қолса-чи?”, “ахир онам менда норозику...”, “нега онамни хафа қилиб қўйдим...”
Йигитнинг ҳаёлига шу каби турли қўрқинчли фикрлар келарди.
Йигит қандай бўлмасин онасидан узр сўрашга, онасининг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Телефонидан онасига хат ёзмоқчи бўлди. Лекин нима деб ёзишни билмасди. Охири бундай деб ёзди: “Онам мен ҳозир бир маълумотни ўқиб қолдим. Айтилишича, инсон оёғининг таг қисми оёқнинг устки қисмига қараганда юмшоқроқ экан. Менинг меҳрибон онам бу маълумотга ишонч ҳосил қилишим учун оёқларингизнинг тагини ҳам, устини ҳам ўпиб кўришимга рухсат берасизми?”.
Шу пайт йигитнинг дарси бошланди, дарсга кириб кетди. У дарсда ўтирар экан, лекин бутун ҳаёли онасида эди. Тезроқ уйга боришга, онасининг оёқларини ўпишга шошиларди.
Йигит уйига худди шамолдек учиб борди, ҳали ҳеч қачон бунчалик тез югурмаган эди. Уйига кириши билан онасини қучоқлаб, юзларидан, қўлларидан ўпди. Оёқларидан ўпмоқчи эди, онаси бунга йўл қўймади. Онасини қаттиқ қучоқлаб, “Онажон мени кечиринг” деди. Онаси ҳам кўз ёш тўкиб “Сендан хафа эмасман, болам, аллақачон кечирганман”, деди.
Азиз ёшлар, онангизни ҳурмат қилинг! Асло ранжитманг, хафа қилманг! Меҳрибон ва мулойим бўлинг. Ҳар куни хурсанд қилинг, ҳамиша юзида табассум бўлишига сабабчи бўлинг!
Унутманг, жаннатингиз калити, бу дунёдаги бахт, роҳат ва ютуқларингиз асоси – онангиз розилиги билан боғлиқ.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим бераётган барча дуоларнинг туб мақсади шуки, қай ҳолатда, қандай ишда машғул бўлсангиз ҳам, қалбингиз фақат Аллоҳ томонга қарасин. Бу қалбни Аллоҳ таоло Ўзи учун яратган. Кўз, қулоқ, тил ва бошқа аъзолар дунёвий ишлар учун, улар орқали дунёвий мақсадларга эришилади. Лекин қалбни Аллоҳ таоло холис Ўзи учун яратган. Токи, унда Аллоҳнинг тажаллийси (нури) бўлсин, Аллоҳнинг муҳаббати ила яшнасин, Аллоҳнинг зикри ила обод бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг афзал амал банданинг тили Аллоҳнинг зикри ила нам бўлишидир», дедилар.
Тилни Аллоҳ таоло қалбга тушадиган зина қилган. Тил билан зикр қилаверсанг, иншаАллоҳ, у зикр қалбга нақшланиб бораверади. Аллоҳ таолонинг ёди ва муҳаббати шу даражада жо бўлсинки, қалб Аллоҳ таолонинг тажаллийгоҳи (нури тушадиган жой) бўлсин. Тариқат, тасаввуф ва сулукнинг асл мақсади ҳам шудир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан