Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Келинликка номзод ҳам, куёвликка номзод ҳам суриштириб бўлинди. Сифатлари, дину диёнати, одоб-ахлоқлари ва одамгарчилиги ўрганилди. Ана шу маълумотларга қараб, оила қуришга ният қилинади.
Исломда юқоридаги икки услуб ҳам нотўғри ҳисобланади. Бир-бирини кўрмасдан оила қуриш яхши эмас. Бир-бирини кўрмаган кишилар юз кўришганларида бир-бирларига ёқмай қолишлари ҳам мумкин. Иккинчидан, сифатлари суриштирилганда бошқа одам кўрсатилиб, никоҳга бошқасини олиб келиш хавфи ҳам бор. Бошқа одамнинг суратини кўрсатиб, тамоман ўзга кишини никоҳламоқчи бўлганлар ҳам топилади. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган икки тараф никоҳдан аввал бир-бирини кўришгани маъқул.
Лекин бу кўпчилик орасида кенг тарқалган «Оила қурмоқчи бўлган ёшлар бир-икки йил синашиб, кейин никоҳдан ўтишлари керак», деган гапларни тасдиқлаш эмас. Мазкур «синаш» даври қанчалик узоқ давом этмасин, ҳар икки томон ҳам мақсаддаги синовга эриша олмаслигини тажриба исбот қилмоқда.
Синашиб турмуш қурганларнинг оиласи тезроқ ва кўпроқ бузилишини ҳамма кўриб, билиб турибди. Чунки ҳар икки тараф ҳам «синаш» даврида ўз камчиликларини беркитишга, ўзида йўқ фазилатларни ҳам бор қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан уринади. Оқибатда икки томон ҳам бир-бирини алдайди, бир-бирига «фаришта» бўлиб кўринади. Лекин қалбакилик умр бўйи давом этиши мумкин эмас. Никоҳдан кейин икки томон ҳам тезда ўзининг ҳақиқий башарасини очади. Сўнгра келишмовчиликлар чиқади ва оила бузилади. Фақат «синаш» давридаги ҳаром-хариш юриш, гуноҳ, баъзи ҳолларда зино, зинодан ортган фарзанд қолади, холос.
Шунинг учун ҳам Исломда бу ишга рухсат берилмайди. Сўраб-суриштирсин, шариат белгилаб берган доирада кўриб, ўргансин, шунинг ўзи етарли бўлади. Бу масалага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қизиқтирганлар, тавсия қилганлар. Шунинг учун ҳам барча ҳадис китобларимизда ва кўпгина фиқҳ китобларимизда совчилик пайтида бир-бирини кўриш ҳақида алоҳида боблар бор.
Албатта, бу вазиятда фақат кўриш ҳақида гап кетмайди. Балки бугунги кун таъбири билан айтадиган бўлсак, совчилик пайтида куёвликка ва келинликка номзод шахсларнинг ҳуқуқ ва одоблари ҳақида сўз боради.
Куёвликка номзоднинг ҳуқуқ ва одоблари.
Совчилик никоҳ эмас, шунинг учун ҳам совчилик қилаётган, куёвликка номзод шахс келинликка номзодга нисбатан бегона ва номаҳрам сифатида қолади. Бу пайтда ушбу ҳолатни зинҳор унутмаслик зарур.
Ушбу муҳим омилни ҳисобга олган ҳолда, куёвликка номзоднинг ҳуқуқ ва одоблари қуйидагилардан иборат:
Куёвликка номзод келинликка номзод билан учрашиб, унга назар солишга ҳақли.
قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كُنْتُ عِنْدَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَأَخْبَرَهُ أَنَّهُ تَزَوَّجَ امْرَأَةً مِنَ الْأَنْصَارِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: أَنَظَرْتَ إِلَيْهَا؟ قَالَ: لَا، قَالَ: فَاذْهَبْ فَانْظُرْ إِلَيْهَا، فَإِنَّ فِي أَعْيُنِ الْأَنْصَارِ شَيْئًا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бир киши у зотнинг олдиларига келиб, ансорийлардан бир аёлга уйланмоқчи эканлигини хабар қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга назар солдингми?» дедилар.
«Йўқ», деди у.
«Бор! Унга назар сол! Ансорийларнинг кўзларида бир нарсаси бўлади», дедилар», деди».
Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.
Демак, уйланмоқчи бўлган одам ўзининг бўлажак умр йўлдошига қараши, ҳатто кўзидаги фарқни англаши ҳам жоиз экан. Шунингдек, шунга ўхшаш маслаҳатлар бериш ҳам жоиз экан.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا خَطَبَ أَحَدُكُمُ الْمَرْأَةَ فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى مَا يَدْعُوهُ إِلَى نِكَاحِهَا فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّافِعِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз бирор аёлга совчи қўймоқчи бўлса-ю, уни (ўша аёлнинг) никоҳига чорловчи нарсага назар солишга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».
Абу Довуд, Шофеъий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.
Демак, уйланишдан олдин ўзининг бўлажак умр йўлдошига назар солиш жоиз экан.
Бошқа ҳадисларда саҳобаларнинг ўзлари уйланмоқчи бўлган қизларга суннатга амал қилган ҳолда қандай назар солганликлари, уни ёқтириб, сўнгра уйланганликлари ҳақида сўз кетган.
عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ خَطَبَ امْرَأَةً، فَقَالَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم: انْظُرْ إِلَيْهَا، فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ.
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши бир аёлга совчи қўймоқчи бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга назар сол, чунки бу орангизни бардавом қилиш учун керакдир», дедилар».
Насаий ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий ҳасан, деган.
Демак, шариатда бўлажак умр йўлдошини бир кўришга рухсат берилганлигининг ҳикмати бир-бирини ёқтириб, муносиб кўрса, кўнгли тортса, кейин турмуш қуриш учундир. Лекин бундай шаклдаги назар солишнинг, бир-бирини кўришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор.
Аввало, мазкур кўриш унаштирилишдан аввал бўлади. Шунинг учун бу ишда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Кўриш оқибатида турли-туман гап-сўзлар тарқалмаслиги керак. Ҳатто бир-бирини ўзига мос эмас деб топилганда ҳам, ёқмай қолган тарафнинг шаънига тегадиган гап-сўзлар тарқаб, хафа қиладиган иш бўлмаслиги лозим. Ушбу кўришдан кейин маъқул топилса, унаштириш, бўлмаса, гап-сўзсиз қолавериш керак.
Иккинчидан, мазкур кўришиш, танишишнинг баъзи нозик тарафлари вакил воситасида ёки шахсий иштирок билан бўлиши мумкин.
Шунингдек, бўлажак келин ҳам куёвни кўриш, уни яқинроқдан таниш учун ўз вакилини юбориши мумкин. Оила қуриш ниятидаги кишиларнинг бир-бирлари билан бевосита кўришишлари шариат ҳукмига биноан ўтиши керак. Ўзлари хилватда ёлғиз қолишлари мумкин эмас. Маҳрамлардан бирор киши улар билан бирга бўлиши шарт. Йигит қизнинг юзига, икки қўлига назар солса бўлади. Ҳанафий мазҳабида «қадамига ҳам» дейилган. Юз – жамолнинг ойнаси, ундан кишининг чиройи ҳақида тўлиқ хулоса чиқариш мумкин. Қўлдан эса баданнинг бошқа қисмлари ҳақида, масалан, ориқ-семизлик каби ҳолатларни билиш мумкин. Ҳаракати, юриш-туриши, қад-қомати ҳақида шундай ҳам тасаввур олса бўлаверади.
"Бахтиёр оила" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан