Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абул Аббос Саффоҳ
(халифалик даври: ҳижрий 132–136; милодий 750–754)
Тўлиқ исми – Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббос. У Бану Аббоснинг биринчи халифасидир. Отаси аббосийлар давлатининг биринчи мутафаккири – аббосийлар давлати тузиш фикрини ўртага ташлаган одам бўлиб, ушбу фикрни ёйиш учун кўплаб ишларни амалга оширган. Абдуллоҳ унинг кўп сирларини билар эди. Абул Аббос Саффоҳнинг акаси Иброҳим ҳижрий 129 (милодий 746) йилда умавийлар томонидан қамалишидан олдин ўз ўрнига укасини сайлаб кетган эди. У ўз жамоати билан махфий равишда Куфага келиб жойлашганди.
Абул Аббос Саффоҳнинг халифалиги
Хуросон ва Ироқни аббосийлар эгаллаб олганларидан кейин Абул Аббос Саффоҳ беркинган жойидан чиқди ва у ҳижрий 132 (милодий 750) йилда халифа этиб сайланиб, байъат қилинди. Шундан сўнг Абул Аббос Саффоҳ Марвон ибн Муҳаммадни енгди ва ўша йилнинг ўзида умавийлар давлатини қулатди.
Мулоҳаза қилинишича, у ўзининг халифалик даврида уч нарсага суянган.
Биринчиси – оиласи. Унинг амакилари, ака-укалари, амакиваччалари жуда кўп бўлган. Ҳарбий соҳани, вилоятлардаги барча ишларни, насиҳат, шуро (кенгаш) ишларининг ҳаммасини улар ўзлари бошқаришган.
Иккинчи суянч ниҳоятда уста ва нодир лашкарбоши Абу Муслим Хуросоний бўлган. Ўзининг қуввати, сабр-бардоши, жасорати ҳамда ишни яхши билиши билан Хуросон ва Ироқни бўйсундирган бу одам аббосийлар давлатининг ташкил топиши учун ҳам жуда кўп ишларни амалга оширган эди.
Учинчи суянч қабила мутаассиблиги бўлган. Қабила аъзолари орасида ҳукм сурган мутаассиблик умавийлар даврининг сўнгида яна ҳам ҳаддидан ошиб кетди. Аббосийлар бундан усталик билан фойдаландилар. Улар яманликлар билан бирга бўлиб, Қайс қабиласининг зиддига, умавийларнинг ёрдамчиларига қарши туришган эди.
Пойтахт
Куфа шаҳри аббосийлар давлатининг пойтахти қилиб олинди. Мана шу шаҳарда Саффоҳга байъат қилинди. Сўнг у Анборга кўчиб ўтди ва ҳижрий 134 (милодий 752) йилда бу ерни ўзининг пойтахти деб эълон қилди.
Фатҳлар
Саффоҳга байъат қилингач, у асосан ўз давлатини қарор топтириш, уни қувватлантириш билан машғул бўлди. Фатҳларга эътибор бермай қўйди.
Баъзи бир турк юртларида, Мовароуннаҳрда аскарларнинг борди-келдиси бўлиб турди, холос. Саффоҳ ҳижрий 136 (милодий 754) йилда вафот этди. Унинг халифалиги тўрт йил давом этди.
Абу Жаъфар Мансур
(халифалик даври: ҳижрий 137–158; милодий 754–775)
Абу Жаъфар Мансур – Абдуллоҳ Соний ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Абдуллоҳ ибн Аббосдир. У Бану Аббоснинг энг шижоатли, энг билимдон ва энг азму қарорли одами эди. Абу Жаъфар Мансур аббосийлар давлатининг ҳақиқий муассиси ҳисобланган. У Абул Аббос билан Куфага кўчиб келган, у билан бирга фаолият олиб борган, даъват ишларида унга елкадош бўлган ва уни қувонтирадиган жуда кўп ишлар қилган эди. У ўзидан олдинги халифанинг доимий ёрдамчиси ва кўмакдоши бўлган. Абу Жаъфар Мансур халифа бўлишидан олдин Жазира, Арманистон ва Озарбойжонда волийлик қилган, акаси Абул Аббосдан кейин унинг ёзган аҳдномаси асосида халифа бўлган.
Ҳодисалар
Мансурга қарши жуда кўп хатарли қўзғалонлар уюштирилди. Қўзғалонлар борлиқни ларзага соладиган, нафсларни титратадиган даражада кучли бўлди. Лекин Мансур ниҳоятда мустаҳкам сабр-бардошга эга эди. У ўзининг оқиллиги ва маҳорати, тўғри сиёсати билан барча қўзғалонларни бостирди, қўзғалончилар устидан ғолиб келди. Қуйида унинг давридаги энг муҳим ҳодисалардан бир нечтасини айтиб ўтамиз.
Амакиси Абдуллоҳ ибн Алийнинг қўзғалони
Мансурнинг амакиси Абдуллоҳ ибн Алий халифаликка ҳақлироқ эканини даъво қилди, чунки у Марвон ибн Муҳаммадни қатл этган ва давлатнинг асосини собит қилган эди. Шунингдек, Абдуллоҳ Саффоҳ унга аҳд қилиб, «Сени халифа қиламан» деган даъвони илгари сурди. Абдуллоҳ ибн Алийнинг аскарлари унга байъат ҳам қилди. Шунингдек, Шом аҳли ва Арабистон яриморолидаги мусулмонлар ҳам унга байъат қилишди. У ўз лашкари билан Ҳарронга бориб, ўша ерда истеҳком қуриб олди. Шундан сўнг Мансур унга қарши Абу Муслим Хуросонийни юборди. У ерда беш ой уруш бўлди ва ниҳоят Абдуллоҳ Саффоҳ енгилиб, Басрага қочиб кетди. Ҳижрий 137 (милодий 754) йилда Мансур уни тутиб, ҳибсга олди. Абдуллоҳ ибн Алий қамоқда вафот этди.
Абу Муслим Хуросонийнинг қатл қилиниши
Абу Муслим ниҳоятда кучли, асли Форсдан бўлган доҳий инсон эди. У Хуросон юртида ҳеч кимга итоат қилмайдиган, ҳеч кимсадан қўрқмайдиган яккаю ёлғиз довюрак инсон ҳисобланарди. Мансур ҳар доим ундан қўрқиб яшар, унинг қалбида Абу Муслимга нисбатан “Менинг давлатимга қарши чиқиб қолмаса эди” деган хавф бор эди. Бир куни Мансур амакиси Абдуллоҳни йўқ қилишни буюриш баҳонасида уни олдига чақирди. Абу Муслим Хуросоний жуда кўп таҳдидлардан ва қистовлардан кейин келди. Шунда Мансур уни тутиб олиб, қатл қилдн. Бу воқеа ҳижрий 137 йилда юз берди.
Муҳаммад ва Иброҳим томонидан уюштирилган қўзғалон
Муҳаммад ва Иброҳим Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Алийнинг фарзандлари эди. Ҳижрий 145 (милодий 762) йилда Муҳаммад Мадинаи мунавварада қўзғалон кўтарди. Мансур лашкар юбориб, уни енгди. Сўнг Муҳаммаднинг акаси Иброҳим Басрада қўзғалон уюштирди. Басранинг аҳолиси унга итоат қилди. Сўнг у Ироқ, Форс ва Ахвоз халқини ўзига бўйсундирди. Мансурга қарши жуда катта урушлар олиб борди ва ҳижрий 145 йилда Мансур уни йўқ қилди.
Ана шу алавийлар “Халифаликка аббосийлардан кўра биз ҳақлироқмиз” деган даъвони илгари суришар ва халифаликка талабгор эдилар.
Хаворижлар
Мансурнинг даврида Мағриб юртларида хаворижлар катта фаолият олиб боришди. Ҳижрий 140 (милодий 758) йилда улар Сижилмоса деган жойда Суфрийя номли давлатни тиклашди.
Абу Жаъфар Мансур уларга қарши урушда жуда катта жасорат кўрсатди.
Андалусдаги умавийлар давлати
Умавийлар давлати қулагандан сўнг Абдурраҳмон ибн Муовия ибн Ҳишом ибн Абдулмалик Андалусга қочиб кетди. Исмини Абдурраҳмон Дохил деб ўзгартириб, у ерда умавийлар давлатининг бир бўлагига асос солишга имкон топди. Абдурраҳмон Дохил Андалусда жуда кўп ишларни амалга оширди ва ҳижрий 137 йилда у орзусига етди. Абу Жаъфар Мансур унга қарши уруш қилишдан ожиз бўлди ва ўз холига қўйиб берди.
Фатҳлар
Вазият қарор топгандан сўнг Мансур Рум юртларига аскарлар юборди. Чегаралар қурди, чегара қўриқлашни йўлга қўйди. Турли фатҳ ишларини тартибга солди. Қишда ва ёзда ҳаракат қиладиган ҳарбий қўшинларни тузди, улар “савойиб” ва “шатойиб” деб аталди. Амалга оширилган бу барча ишларнинг ортида чегараларни яхшилаб қўриқлаш, аҳдни бузган юртларни яна қайтадан ўзига бўйсундириш мақсади бор эди. Мисол учун, ўша пайтларда Табаристон, Дайлам, Кашмир ва шунга ўхшаш бошқа юртларда аҳдни бузиш ҳолатлари содир бўлган эди.
Халифа Мансурнинг энг муҳим ишлари
Ҳижрий 146 (милодий 763) йилда Мансур Бағдод шаҳрини қурди ва уни ўз давлатига пойтахт қилиб олди.
Ушбу ўринда яна Буюк Британияда Жон Фозергил суратга олган «Шарқ ва Ғарб» номли ҳужжатли фильмнинг тўртинчи қисмидан олинган иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.
Доктор Томас Кирк
(Нью-Йорк университети):
“Ислом ҳукмдорлари Бағдоддаги аббосийлардан бошлаб ўзлари фатҳ қилган ўлкалардаги маданият ва маорифни сақлаб қолишга, илм-фанга алоҳида аҳамият беришга ва тўпланган илмий маълумотларни умумлаштиришга уриндилар”.
Аббосийлар сулоласи 750 йилда Дажла дарёси қирғоқларида янги шаҳарга асос солиб, унга «Мадинатус-Салом» деб ном бердилар. Бироқ шаҳар ўзининг маҳаллий номи – Бағдод деган ном билан тарихда қолди. Бағдод шаҳри улкан дойра шаклидаги маконда жойлашган бўлиб, унинг марказида халифанинг муҳташам қасри ўрин олган, унинг атрофида эса ўз даврининг энг буюк шаҳри қад кўтармоқда эди.
Доктор Томас Кирк
(Нью-Йорк университети):
«Агар менга VIII асрда яшаш насиб қилиб қолса, Бағдодни танлаган бўлардим. Бу жуда қизиқарли эди. У ерда ҳаёт қайнар, Бағдод дунёдаги энг қудратли салтанатнинг маркази эди, халифалар янги шаҳарнинг маданияти, таълим тизими ва қурилиши учун улкан маблағларни аямасдилар. Ўйлайманки, ўша пайтда бу шаҳар ғоятда ажойиб жой бўлган» (Иқтибос тугади).
– Халифа Мансур Рофика шаҳрини ҳам қурди.
– Халифа Мансур ҳижрий 139 (милодий 757) йилда Масжидул Ҳаромни кенгайтирди.
– Мансур аббосийлар давлатининг асл бунёдкори ҳисобланади. У ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйди, қоидаларни тартибга солди. Низом ва қонунларни жорий қилди.
– Имом Молик ибн Анас ёшлигида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган экан. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, имом Молик илмда, айниқса фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлди.
Бир куни халифа Жаъфар Мансур оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: «Яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манави иш (яъни халифалик) билан машғул бўлиб қолдим. Сен одамларга диний ишларни енгиллаштириб берсанг», деди.
Имом Молик рози бўлди ва «Муватто» китобини таълиф қилди. Янаги ҳаж мавсумида «Муватто» китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва имом Моликка: «Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман», деди.
Имом Молик: “Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди”, деди.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда давлат бошлиғи кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етган.
Бундан халифа Мансурнинг фиқҳ илми ривожига ҳам катта ҳисса қўшгани келиб чиқади.
– Халифа Абу Жаъфар Мансур Бағдодни қураётиб, Куфадан Абу Ҳанифани опкелтирди. Имом Абу Ҳанифа шаҳар режасини ишлаб чиқиш ва қуришда қатнашди. Аммо ҳалифа қозиликни таклиф қилганда, бош тортди. Орада дўқ-пўписа, тортишувлар бўлди.
– Имом Абу Ҳанифанинг ҳаётини ўрганган тарихчиларнииг айтишларича, у киши халифа Мансурнинг «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқида «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деган. Шунда халифа Имомга: «Ёлғон айтяпсан», деган. Имом Абу Ҳанифа дарҳол: «Қандай қилиб сен ёлғончини қози қилишга рози бўляпсан?» деган.
– Абу Жаъфар Мансур турли илмларни тарқатишга катта аҳамият берар, олимларни эҳтиром қилар эди. У Бағдодда, халифалик қасрида «Байтул Ҳикмат»ни ташкил қилган ва унга ўзи бошчилик қилиб турган. Ўша пайтда Байтул Ҳикмат турли китобларни араб тилига таржима қилиш маркази сифатида иш бошлаган.
Абу Жаъфар Мансур Рим императоридан юнонларнинг китобларидан юборишни сўраган. У тиб, ҳандаса, ҳисоб ва фалакиётга оид китобларни юборган. У ердаги таржимонлар эса мазкур китобларни араб тилига таржима қилишган.
Халифа Абу Жаъфар Мансурнинг кун тартиби
– Мансур куннинг аввалида амри маъруф, наҳий мункар, вилоятларга боғлиқ ишлар, ишга тайин қилиш ва олиш ҳамда омманинг манфаатига оид ишлар билан машғул бўлар эди.
– Пешин намозини ўқигач, уйига кириб, асргача дам олар эди.
– Аср намозини ўқиб бўлгач, оила аъзолари билан ўтирар ва уларга тегишли ишлар билан машғул бўлар эди.
– Ҳуфтон намозини ўқиганидан сўнг атрофдан келган мактублар билан танишар, сўнг кечанинг учдан бири ўтгунча ўзининг яқинлари билан гаплашиб ўтирар эди.
– Кейин кечанинг учдан бири қолгунича ухларди.
– Сўнг туриб, таҳажжуд намозини ўқир эди.
– Тонг отганда чиқиб, бомдод намозига имомлик қиларди.
– Бомдоддан кейин айвонида ўтирар эди.
Абу Жаъфар Мансурнинг вафоти
Абу Жаъфар Мансур ҳижрий 158 (милодий 775) йилда Маккаи мукаррамада, ҳаж амалларини адо этаётганида вафот этди. У 21 йил халифалик қилди.
Кейинги мавзулар:
Муҳаммад Маҳдий;
Мусо Ҳодий;
Ҳорун ар-Рашид.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.
Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфрга кетганликда айблайдиган даражага етди.
Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.
Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.
Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.
Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.
Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.
Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.
Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўшлаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.
Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.
Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.
Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.
Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.
Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.
Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бошқа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.
Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.
Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жамоа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг тарафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.
Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.
Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айтган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўлганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.
Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.
Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:
«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди