Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир инсоннинг ҳаётга қарашини, унинг шахсиятини билиш учун у ёки бу вазиятда айтаётган сўзларига, гапига яраша қилаётган хатти-ҳаракатларига назар ташлашнинг ўзи кифоя. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом тарихидаги ўзи айтган сўзларига амал қилувчи энг содиқ инсондир.
Бинобарин, у киши нафақа қилишни яхши кўришини айтган, шунингдек, бутун ҳаёти давомида бор бойлигини Ислом йўлида сарфлаган. Мана, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг сўзларини ўзингиз бир ўқиб кўринг:
«Бу дунёдаги менга энг суюкли нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига қараш, қизимнинг у зотга рафиқа бўлиши ва мол-дунёмни у зот учун сарфлаш булди».
«Бу дунёда уч нарсани суйдим: сизнинг юзингизга қараш; сиз учун мол-дунё сарфлаш, сизга ваҳий қилинган Қуръонни ўқиш».
«Биз Аллоҳнинг саховатли қулимиз».
«Агар мол инфоқ қилмаганларда, қурол ундан фойдалана олмайдиганларда, фикр қабул қилмайдиганларда бўлса, ишлар бузилади».
«Биз бир ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб, етмиш (дан кўп) ҳалолни тарк этардик».
«Яхши кўринган, лекин ниҳояси жаҳаннам билан тугайдиган яхшилик яхшилик эмас. Ёмон кўринган, лекин ниҳояси жаннат билан тугайдиган ёмонлик ёмонлик эмас».
«Аллоҳга қасамки, мен намоз билан закотни ажратадиганларга («Намоз ўқиймиз, закот бермаймиз», деганларга) қарши албатта жанг қиламан».
«Инсонлар икки тоифага бўлинишини кўрдим. Кимдир дунёни, кимдир охиратни хоҳлайди. Мен эса Мавлони афзал кўрдим».
Катта бойликка эга бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганида қўлида қирқ минг дирҳам бор эди. У бор-будини қулларни озод қилиш ва Исломга ёрдам бериш учун сарфлади. Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган пайтда қўлида бор-йўғи беш юз (баъзи ривоятларда беш минг) дирҳам бор эди. Мусулмон бўлгани учун қийноқларга учраган учта жория ва тўртта қулни сотиб олиб, озод қилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ер ва ҳар йили ўн уч тонна (юз васақ) хурмо беришни тайинладилар. У киши ҳижратдан кейин Мадинада яна беш минг дирҳам сармоя билан янгидан тижорат қила бошлади. Мадинанинг чеккасида ва шаҳар марказида уйлари, Мадина атрофидаги Хайбарда ва Баҳрайнда ери бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган йиллари савдо қилиш учун Бусрага бориб, молларини сотди. Ўшанда Табук ғазоти учун тўрт минг дирҳам хайр-эҳсон қилди, халифаликни бошлаганида эса ҳамма мол-мулки ва бойликларини байтулмолга берди.
Ибн Исҳоқнинг ривоят қилишича, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганидан кейин бозорда бошига кийим қўйиб сотиб юрганида Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳумо учраб қолишган. Икковлари унга:
«Мусулмонларга бошлиқ бўла туриб, нега бундай қилиб юрибсан?» дейишган. Ҳазрати Абу Бакр:
«Аҳли аёлимни қаердан боқаман?» деган.
Икковлари: «Сенга маош тайинлайлик» деб, ҳар кунига яримта қўй тайинлашган».
Бироқ бу маблағларнинг салмоқли қисми элчилар ва меҳмонларга сарфланган.
Халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу байтулмолнинг ортиқча даромадидан «ато» ёки «атия» номи билан эркак, аёл, катта-кичикни ажратмасдан, барча мусулмонларга тенг миқдорда маош ажратган. У киши халифаликнинг биринчи йилида ҳар бир кишига йилига 7,3 дирҳамдан, иккинчи йили эса йигирма дирҳамдан тарқатган.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин шахсий бойликларининг барчасини камбағалларга тарқатган. Давлат маошини олган бўлса-да, гўё оддий одамдек, ҳатто улардан ҳам фақирона ҳаёт кечирган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан фақат бир соғин туя, бир қул, бир парча мато ва сут соғиш учун бир идиш мерос қолган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло у кишига берган дунё неъматларини У Зот рози бўладиган ишларга сарфлаган.
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Машина йўлига чиқиб кетган одамни кўриб ҳайдовчи зўрға тўхтатиб қолди. Ундан ҳам олдин ёнидаги дўсти тушасолиб йўловчининг ёқасидан олди. Узр сўраб довдираётган одамни кўриб, ҳайдовчи тез тушди-да, дўстидан унинг ёқасини қўйиб юборишини сўради.
– Бу нима деганинг?! Сал бўлмаса қамалиб кетардинг-ку буни деб, – янада жаҳли чиқди дўстининг.
– Сен уни қўйиб юборавер, гап бор... Бўлди, ака, ҳушёр бўлиб етиб олинг... Йўқ, шошманг...
Ҳайдовчи ҳатто у одамнинг қўлига пул ҳам берди. Дўстини ҳайрон қолдириб, машинага қайтди.
Дўстининг савол назари билан қараб турганини кўриб, изоҳ бера бошлади:
– Бир соатча олдин дорихонага киргандим. Шу одамга кўзим тушганди. Қўлида дорилар рўйхати ёзилган қоғоз, пули етмаганидан мунғайиб турган эди. Дорилар нархини эшитиб, оғир қадамлар билан чиқиб кетганди. Ортидан чиқиб ёрдам бергим келди. Лекин пулимни қизғондим. Ташқарига чиққанимда у онаси билан гаплашиб турган экан. Ҳалиги одам онаси билан гаплашиб бўлгач: “Шунча пулни қаердан топаман? Ё Аллоҳ! Ўзинг йўл кўрсат, деганини эшитиб ҳам индамай кетавердим. Гўё унга пул берсам ўзим оч қоладигандай... Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади” (Бақара сураси, 268-оят) дея огоҳлантирганини билардим. Яна “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом сураси, 160-оят) деган ваъдасини ҳам ўқигандим. Барибир хомлик қилдим. Сал бўлмаса ўша хасислик қилган пулимдан ўн, юз ҳиссаси чиқиб кетадиган бир мусибатга дучор бўлардим. Майли, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам, Аллоҳ имкон берди. Шунинг учун айб у одамдамас, ўзимда, деб билдим...
Ҳа, азизлар! Ҳаётимизда бундай ҳолатларга дуч келиб турамиз. Аввало, биров билан тушунмовчилик бўлиб қолса у одамнинг аҳволини сўрайлик. Балки бирор мусибат ё ташвишда юргандир. Дарҳол тилимизга келган сўзлар билан хақорат қилиб, уришиб кетмайлик. Бунақа вазиятларда шайтон васваса қилишини унутмайлик. Хулоса қилишга шошилмайлик. Ҳазрати инсон деган номга муносиб иш тутайлик.
Акбаршоҳ Расулов