Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Ким зино қилса, ундан иймон чиқиб кетади...

18.12.2024   3693   1 min.
Ким зино қилса, ундан иймон чиқиб кетади...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино қилувчи зино қилаётган вақтида мўмин бўлмайди» деб огоҳ қилганлар (Саҳиҳи Бухорий).

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бунинг маъносини бундай нақл қилганлар:

«Зино сабабли инсондан иймон нури суғуриб олинади».

Имом Табаронийдан қилинган бошқа бир ривоятда бундай дейилади:

«Ким зино қилса, ундан иймон чиқиб кетади. Кейин агар тавба қилса, Аллоҳ таоло тавбасини қабул қилади» (Фатҳул Борий).

Ўйлаб кўрадиган ўрни шуки, иймондан маҳрум бўлиш бир неча лаҳзалар учун бўлса-да, жуда хатарли! Айни ўша маҳрумлик лаҳзаларида Аллоҳ таоло тарафидан ўлим келиб қолса, иймонсиз кетган бўлади. Бундай хотимадан Аллоҳ таоло сақласин. Бундай ёмон оқибатни инсон тааммул қилса, оёқлари кишанланиб, фаҳш тарафга юришдан тўхтаб қолади. Биз зино ва зинонинг барча сабаблари ва важҳларидан ўзимизни сақлашга батамом ҳаракат қилишимиз лозим.

«Бадназарлик ва зинодан сақланиш» китоби асосида тайёрланди

Бошқа мақолалар

Chatgpt дан диний саволларга жавоб олиш

13.06.2025   10179   2 min.
Chatgpt дан диний саволларга жавоб олиш

Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга  амал қилсак бўладими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:


فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).

Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:


 ‌إن ‌هذا ‌العلم ‌دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم

“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.