Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446
Мақолалар

Аллоҳ мени яхши кўришини билишни истайман...

19.12.2024   1662   3 min.
Аллоҳ мени яхши кўришини билишни истайман...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм


Агар Аллоҳ Сизни яхши кўришини билмоқчи бўлсангиз, Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаларининг ахлоқлари ҳақидаги оятларни ўқинг!

Аллоҳ таоло тақво қилувчи бандаларини яхши кўради: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 76-оят).

Сиз тақво қиляпсизми? Тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишга уриняпсизм?


Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи бандаларини яхши кўради: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашяпсизми?

 

Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Сиз яхшилик қиляпсизми?


Аллоҳ таоло адолатли бандаларини яхши кўради: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят).

Сиз барчага бирдек адолатли бўляпсизми?

 

Аллоҳ таоло ҳар бир ишни гўзал бажарувчи бандаларини яхши кўради: (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят).

Сиз ҳар бир ишингизни пухта адо этяпсизми?


Аллоҳ таоло сабрли бандаларини яхши кўради: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Сиз тоат-ибодатларни адо этишда, гуноҳлардан тийилишда ҳамда мусибату синовларга сабр этяпсизми?

 

Аллоҳ таоло таваккул қилувчи бандаларини яхши кўради: (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Сиз ҳар бир ишингизда Аллоҳга таваккул қиляпсизми?

 

Агар юқорида зикр этилган Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаларининг сифатларидан бирортаси сизда йўқ бўлса, ноумид бўлманг! Унутманг! Аллоҳ чин тавба қилувчи бандаларини ҳам яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандаларидан бўлишмизга имкон берган экан, ғафлатда қолмайлик, фурсатни ғанимат билиб, гуноҳларимизга тавба қилайлик! Шоядки, Аллоҳ таоло бизни ҳам Ўзининг яхши кўрган бандалари қаторига қўшса.

Аллоҳим гуноҳларимизни мағфират эт! Сен гуноҳларни кечирувчи, меҳрибон ва раҳмли Зотсан. Сендан бошқа гуноҳларни авф этувчи Зот йўқ!

Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ, Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ, Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

7.01.2025   2892   2 min.
Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!

Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ