Эр ўз аёлидан сўради:
«Эркак уйланганда нима йўқотади ва нима топади?»
Аёли табассум билан жавоб берди:
«Эркак ўз ёлғизлигини, кичик қарорларни мустақил қабул қилиш эркинлигини ва янги масъулиятлари ҳақида ўйламасдан ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотади. Бунга жавобан эса, ҳаётидаги шерикни, фарзандларининг онасини ва ҳаётда илиқлик уфуриб турган уйни топади».
Эр кулиб сўради: «Унда бахт-саодатчи?»
Аёли табассум билан жавоб берди: «Бахт-саодат, азизим, бу ўзимиз яратадиган нарса. Агар никоҳ биз учун мажбуриятларни, хурсандликни ва муваффақиятни бўлишишни англатса, биз бахтли бўламиз. Аммо агар биз унга йўқотиш сифатида қарасак, доимо норозилик ҳиссини туямиз».
Эр унинг сўзларини мулоҳаза қилиб, яна сўради: «Сен мени кўпроқ севасанми ёки болаларингни?».
Аёли иккиланмай жавоб берди: «Болаларимни».
Эр ажабланиб сўради: «Нега?».
Аёли жавоб берди: «Чунки улар менинг бир бўлагим, қоним ва жоним».
Эр кулиб: «Унда мен-чи?».
Аёли кулиб жавоб берди: «Сиз эса бу турмушимдаги шериксиз, баъзан мени хурсанд қиласиз, баъзан эса асабимни бузасиз!».
Бу суҳбатдан сўнг эр ўйланиб қолди: «Ростдан ҳам эр-хотин муносабати қурбонликлар устига қуриладими ва бу қурбонликлар қадрланадими?».
Жамиятимизда аёл оиланинг асосий тиргакларидан бири ҳисобланади. У кечалари уйқусиз қоладиган она, овқат тайёрлайдиган, болаларини ўқитадиган, тарбиялайдиган, уйни тозалайдиган, ғамхўрлик қиладиган ва қўллаб-қувватлайдиган аёлдир. У ҳаётнинг барча оғирликларини жимгина ўз елкасида кўтаради ва чарчоққа қарамай, табассум қилиб яшайди.
Шунга қарамай, бордию оила аъзоларидан бири муваффақиятсизликка учраса, бармоқлар дарҳол аёлга қаратилади:
— Боланинг ўқиши орқага қолса, «Она қаерда?» дейишади.
— Боланинг хулқи ёмон бўлса, «Она уни тарбияламабди!» дейишади.
— Эрнинг ҳаётидан қониқмаганлигида, «Хотин етарли эътибор бермабди!» дейишади.
— Уй тартибсиз бўлса, «Она ўз вазифасини бажармабди!» дейишади.
Аммо ҳақиқат шуки, аёл оилада улкан рол ўйнайди. У ҳақиқий мактаб, ҳатто ундан ҳам устундир. У — жароҳатни даволовчи шифокор, қадриятларни сингдирувчи мураббий, маслаҳат берувчи маслаҳатчи ва каттаю кичикка ғамхўрлик қилувчи меҳрибон инсон.
У ҳаёт ҳикматини сақлайдиган кутубхона, меҳр-муҳаббатни беғараз бахш этадиган юрак, оиланинг суянчиғи бўлган қўллаб-қувватловчи устундир.
Шунинг учун, каттаю кичик масъулиятларни зиммасига олган, ўз тинчлиги ва бахт-саодатидан бошқалар учун воз кечадиган, барча қийинчиликларга қарамай атрофидаги инсонларга хурсандлик улашадиган аёлга чуқур ҳурмат билан эътибор қаратмоқ лозим.
Эй аёл, табассум қил ва ўзинг билан фахрлан. Чунки сен авлодларни тарбияловчи, дунёдаги куч ва муҳаббат манбаисан.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ