Девбанддаги “Дорул улум” номини эшитган бўлсангиз керак. Охирги пайтда Аллоҳ таоло бу идорани уммат учун раҳмат қилиб қўйди. У ердан саҳобаи киромларни ёдга соладиган одамлар етишиб чиқдилар.
Мен падари бузрукворим Муфтий Муҳаммад Шафеъ қоддасаллоҳу сирроҳдан эшитганман. Девбанддаги “Дорул улум”нинг аввалги даврида устозларнинг бир одатлари бор эди: “Дорул улум”га бирор меҳмон бирортаси билан учрашиш учун келса, келган вақтини қайд қилинар, кейин ой охирида, фалон-фалон кунларда меҳмон билан машғул бўлдим, шунча вақт “Дорул улум” ишидан чалғидим, шунинг учун менинг маошимдан кесиб қолинсин, деб илтимоснома тақдим қилар эдилар...
Ҳозирги кунда ойликни оширишни сўраганлари ҳақида кўп эшитасиз. Лекин, мен идорага тегишли муддатда шунча вақтни шахсий ишимга сарф қилдим, шу сабабли маошимдан қирқиб олинсин, деб илтимос қилган бирор кимса ҳақида эшитмайсиз. Бу ишни фақатгина бир кун Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришни ўйлаган шахсгина қила олади.
“Насиҳатлар гулдастаси”дан.
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД