Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
8. Абу Исҳоқ Муътасим
(халифалик даври: ҳижрий 218–227; милодий 833–842)
Абу Исҳоқ Муътасим Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид акаси Маъмундан кейин, унинг ақлига биноан ҳижрий 218 йилда халифаликни эгаллади. У жангу жадалга ва бошқа ишларга турк аскарларини жалб қила бошлади. Турклар томонидан Бағдод аҳолисига турли озорлар етди. Шундан сўнг халифа қарши чора сифатида улар учун Самурро шаҳрини қурдирди. Бундан кўринадики, форс ва арабларга ишонч қолмаганидан кейин Муътасим туркларга эътибор бериб, аскарликка улардан олишга қарор қилган.
Форслар ҳокимиятни ёлғиз ўзлари олишни қасд қилганлари тажрибадан равшан бўлгач, аббосий халифалар уларга қарши жуда қаттиқ чоралар кўрдилар. Абу Салама Ҳаллолдан бошлаб, Абу Муслим Хуросоний, бармакийлар, Фазл ибн Саҳл ва бошқалар муносиб жазоларини олишди. Арабларнинг ҳукмронлиги Аминнинг давлатига қўшилиб, форсларнинг қиличлари остида заволга учради. Ушбу сабабларга кўра Муътасим бошқа диёрлардан аскар излади ва улар турклар бўлди.
У ўзининг бу иши билан Ислом давлатига катта зарар етказаётганини англамаётган эди. У давлатнинг барча ишларини ана шу туғёнга кетган туркларнинг қўлига топшириб қўйди.
Муътасим “Қуръони Карим махлуқдир” деган ақийдани давом эттирди. Одамларни, хусусан имом Аҳмад ибн Ҳанбални азоблашда давом этди. У Маъмуннинг сиёсий соҳадаги жуда кўп ишларининг давомчиси бўлди.
Ҳодисалар
Бобак Хуррамий ҳаракати
Муътасим Бобак Ҳуррамийга қарши бир неча марта уруш қилди, охири ҳижрий 223 (милодий 838) йилда уни йўқ қилди. Бобак устидан қозонилган ғалаба мусулмонлар гувоҳ бўлган ғалабаларнинг энг яхшиларидан бўлди. Бобак Ҳуррамий ўлдирилган куни ҳуррамийя мазҳаби тугади. Бу 20 йил давом этган курашларнинг натижаси эди.
Фатҳлар
Амурийя фатҳи
Рум подшоҳи ва хуррамийлар биргаликда Зибтара ва Малотия деган жойларга киришди. У ерларда мусулмонларга қарши хоҳлаган ишларини қилдилар. Айтишларича,
Зибтара деган жойда бир муслима аёлга қарши тажовуз қилинганида “Вой, Муътасимим!” деб дод солган, шунда Муътасим ҳалиги аёлнинг нидосига жавобан ўзи Рум шаҳарлари томон юриш қилган. У Амурийя деган жойдан шаҳарга кириб бориб, катта жангдан сўнг уни фатҳ қилди. Бу ишлар ҳижрий 223 йилда содир бўлди.
Шоир Абу Тамим ушбу воқеани ўзининг машҳур қасидасида баён қилган.
Муътасимнинг вафоти
Муътасим ҳижрий 227 (милодий 842) йилда вафот этди. Унинг халифалик даври тўққиз йил давом этди.
9. Ҳорун Восиқ
(халифалик даври: ҳижрий 227–232; милодий 842–847)
Ҳорун ибн Муҳаммад Муътасим халифаликни ҳижрий 227 йилда отаси Муътасимдан кейин эгаллади. Унинг даврида аҳамиятга молик ҳодисалар деярли бўлмади.
Турклар
Восиқнинг даврида туркларнинг лашкарбошилари жуда юқори мартабаларга эришдилар. Восиқ уларга жуда кўп нарсаларни берди. Асли турк бўлган лашкарбоши Ашносга “Султон” лақабини берди. Унга жуда кўп имтиёзлар тақдим этди.
Ҳорун Восиқнинг вафоти
Ҳорун Восиқ ҳижрий 232 (милодий 847) йилда вафот этди. Унинг халифалиги 5 йил давом этди.
10. Жаъфар Мутаваккил
(ҳижрий 232–247; милодий 847–861)
Жаъфар ибн Муҳаммад Муътасим халифаликни акасидан кейин эгаллади. Уни ҳокимиятнинг барча жиловларини ўз қўлига олган турк лашкарбошилари халифа қилиб сайладилар. Мутаваккил турклардан халос бўлиш учун кўп ҳаракат қилди, лекин уддасидан чиқмади. Унинг ҳаёти уларнинг кўпида ниҳоясига етди. Жаъфар Мутаваккил даврида “Қуръони Карим – махлуқ” деган гапга барҳам берилди. У имом Аҳмад ибн Ҳанбални икром қилиб, ҳурматини жойига қўйди.
Ҳодисалар
Ҳижрий 238 (милодий 853) йилда, Мутаваккилнинг даврида Мисрнинг Димёт деган жойига румликлар ғорат қилиб келиб, у ерни вайрон этишди. Одамларини қатл қилгач, ўз юртларига қайтиб кетишди. Бирор киши уларга қарши чиқа олмади. Уларнинг мусулмон юртларига қарши тажовузкорликлари давом этди. Уларга бир неча марта ҳамлалар қилинди, лекин бирор марта ҳам жиддий натижага эришилмади.
Жаъфар Мутаваккилга қарши унинг ўғли Мунтасир фитна уюштирди. У баъзи бир турк қўмондонлари билан тил бириктириб, уни қатл қилдирди. Туркларнинг иши жуда ҳам кучайган, шаънлари юқорилашган эди. Ҳижрий 247 йилда халифа қатл қилинди. Мутаваккил 15 йил ҳалифалик қилди. Жаъфар Мутаваккилнинг қатл қилиниши билан аббосийларнинг биринчи даври – қувватли халифалар даври поёнига етди.
Кейинги мавзулар:
Ҳижрий II асрда ажраб чиққан давлатлар.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Инсоният азал-азалдан жамоа бўлиб яшаб келган. Ҳар бир инсон бошқалар билан ҳамкорликда ҳаёт кечириши, мулоқот қилиши ва муносабат ўрнатиши табиий ҳодисадир. Дини, ирқи, миллати ёки тилидан қатъи назар, ҳар бир инсон ўзининг бошқа биродарлари билан тинч-тотув ҳаёт кечиришга муҳтож. Ислом таълимотида барча инсонлар Одам Ато (а.с.) ва Ҳавво (а.с.)нинг фарзандлари эканлиги таъкидланади, бу эса улар ўртасида биродарлик алоқаларининг табиийлигини кўрсатади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Бу оятда инсонларнинг хилма-хиллиги табиий бир ҳикмат эканлиги ва бу фарқлар фитратга зид эмаслиги баён этилмоқда. Шунинг учун ҳар бир инсон, у қайси дин ва миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, инсонийлик жиҳатидан ҳурматга лойиқдир.
Ислом дини инсонларни ўзаро биродар деб билади ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўз ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қиладилар: "Ҳеч бирингиз ўзи учун яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам яхши кўрмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди" (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, ҳақиқий иймон соҳиблари нафақат ўзлари учун, балки бошқа инсонлар учун ҳам яхшилик тилашлари керак. Агар инсоният ўзаро муҳаббат, тинчлик ва бағрикенгликка асосланган муносабат ўрнатса, дунёда фитна-фасод, адоват ва урушлар камаяди.
Ислом дини бошқа дин вакиллари билан билан тинчлик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатда бўлишга буюради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилганларида у ердаги турли дин вакиллари – мусулмонлар, яҳудийлар ва бошқа диний гуруҳлар билан тинч-тотув яшаш учун "Мадина ҳужжати" деб номланган шартномани имзолаганлар. Бу ҳужжат мусулмонлар ва бошқа диний гуруҳлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солган. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинган:
لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳина сураси, 8-оят).
Бу оятдан кўриниб турибдики, мусулмонлар бошқа дин вакиллари билан адолат ва яхшилик асосида муомала қилишлари керак.
Ислом дини таълимотида динлараро мулоқот ва ҳамкорлик қуйидаги асосларга таяниши баён этилган:
1.Ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик – Ҳар бир инсон ўз динига амал қилиш ҳуқуқига эга. Айни пайтда ўзгаларни динга мажбурлаш мумкин эмас. Қуръонда шундай дейилади:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ
“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди” (Бақара сураси, 256-оят).
2.Адолат ва тенглик – Барча инсонларга адолатли муносабат кўрсатилиши лозим. Қуръони каримда айтилади:
إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا
“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
3.Дўстона мулоқот ва ҳамкорлик – Дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш учун динлар ўртасида мулоқот бўлиши зарур. Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) насронийлар билан ҳурмат асосида дўстона муносабат қилганлар. Нажрон насронийлари билан мулоқотда бўлиб, уларга ҳимоя ва кафолат берганлар. Шунингдек, Халифа Умар ибн Хаттоб (р.а.) Қуддусга кирганларида насронийларнинг ибодатхоналарини ҳурмат қилиб, уларни ҳимоя қилишга ваъда берганлар.
Маълумки, 2019 йил 4 февральда Папа Франциск ва Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Мҳаммад Тоййиб Абу-Дабида "Инсоний биродарлик ҳужжати"ни имзолаб, динлараро ҳамкорликни тарғиб қилдилар. Турли халқаро ташкилотлар ва давлатлар диний бағрикенглик ва ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Буларнинг барчаси, ҳозирги замонда ҳам дунёда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш учун динлараро мулоқот нақадар зарур эканлигини кўрсатмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча инсонларни тинчлик ишига ёппасига киришишга чақирган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).
Инсоний биродарлик ва динлараро мулоқот нафақат ахлоқий, балки диний бурч ҳамдир. Барча инсонлар тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлашга интилиши, бир-бирини ҳурмат қилиши ва адолатли муносабатда бўлиши керак.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари
Ҳомиджон қори Ишматбеков