Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Март, 2025   |   14 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:18
Қуёш
06:37
Пешин
12:37
Аср
16:42
Шом
18:32
Хуфтон
19:44
Bismillah
14 Март, 2025, 14 Рамазон, 1446

Одамларнинг қўлидаги неъматларга қараш

20.12.2024   3147   4 min.
Одамларнинг қўлидаги неъматларга қараш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эътибор берган кишини маҳзун қиладиган учта нарса бор. Уларнинг ҳар бири алоҳида жиҳат бўлиб, уларга қараган қиз албатта маҳзун бўлади. Мана шу уч нарсага қарашни бас қилсак, ҳаётимиз розилик, саодат ва сакинатга тўлади.

Маҳзун қилувчи биринчи нарса: Атрофдаги одамларнинг қўлидаги неъматларга қараш.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Синов учун дунё ҳаётининг кўрки қилиб, айримларни баҳраманд қилган нарсаларимизга кўз тикма. Роббингнинг ризқи яхшидир, боқийдир"(Тоҳо сураси, 131-оят).

Кўз тикиш – бировларнинг қўлидаги дунё матоҳларига ҳасад, тамагирлик билан қарашдир.

Бировнинг қўлидаги нарсаларга қараш ҳам икки хил бўлади:

Биринчиситабиий, беихтиёр қараш. Бунда атайлаб, қасд қилиб қаралмайди. Одамларнинг қўлидаги нарсаларга, уларга Аллоҳ берган неъматларга беихтиёр кўз тушиб қолади. Бундай пайтда кўзини четга олган одамнинг қалби тамагирликдан узилиб, хотиржам бўлади. Аслида бунақанги пайтларда чин дилдан ҳавас қилиш, бу неъмат ўша кишига буюрсин, бардавом бўлсин деб дуо қилиш, бу кишига неъмат берилганига хурсанд бўлиш керак. Лекин кўз тикиб тураверса, «Нега шу нарса менда йўқ? Нега нуқул унинг омади келаверадию, менинг ҳеч ишим юришмайди?» деб, ҳасад қилса, ўша кишидаги бу неъмат йўқ бўлишини истаса, бундай пасткаш одам ўзига ғам-ғуссани тилаб олган бўлади.

Иккинчисиатайлаб кўз тикиш. Бу – бировларнинг мол-мулкига, уларга берилган неъматларга атайлаб, бирор ёмон мақсад билан қараш ва бу ишни қайта-қайта қилишдир. Аллоҳ таоло қалбимизни маҳзунликдан асраш учун бизни бу нарсадан қайтарган. Шундай экан, қалбингиз хотиржам бўлиб, қайғусиз яшашни истасангиз, бошқаларга берилган неъматларга кўз тикманг!

Бир қиз айтади: «Бир куни онам мени ҳайрон қолдириб, "Кел, қизим, бугун сенга 37 йилдан буён қалбимнинг туб-тубида сақланиб келаётган бир сирни айтаман", деб қолдилар. Бориб, ёнларига ўтирган эдим, бундай дедилар:

«Ёшлигимда бировларнинг қўлидаги неъматларга кўп кўз тикардим. Аллоҳ уларга берган нарсаларни кўриб, ҳасад қилардим. Уларни ўзимдан устун деб, ўзимни эса жуда ночор деб билардим. Аллоҳ менга берган неъматлар эса кўзимга кўринмасди. Шунинг учун бирор кун розилик деган нарсани ҳис қилмай яшадим, қайғу мени бир сония ҳам тарк этмади. Охири бориб, тушкунликка – депрессияга тушиб қолдим.

Маҳзунлигимнинг сири мана шу эди. Лекин мен сенинг бундай бахтсиз бўлишингни истамайман. Шунинг учун, бойликда ҳам, чиройда ҳам доим ўзингдан пастроқларга қарагин, қизим. Шунда дунёю охиратда бахтли бўласан. Одамларнинг қўлидаги неъматларга қарасанг, қайғу-ҳасратдан бошинг чиқмайди, бундан ўзингни ҳимоя қилгин, болам!»

 

Иккинчи қиз айтади:

«Яширмайман, онам бировларга кўп ҳасад қиларди. Гапининг асосий мавзуси кимнингдир нимагадир эришган бўлар эди. Ўзининг аҳволидан эса фақат нолир эди. Яхшиям дадажоним донолик билан иш тутдилар. Бўлмаса мен ҳам онамнинг аҳволига тушиб қолишимга бир баҳя қолган эди. Отам онамнинг бу хунук одатига ажойиб услубда ёндаша бошладилар. Ҳар гал онам: "Фалончининг фалон-фалон нарсалари бор, бизда эса ҳеч нарса йўқ" деса, отам: "Одамларнинг қўлидаги нарсаларни кўп гапирсанг, обрўйинг тушиб кетади. Энг ёмони – Аллоҳнинг адолатига шубҳа қилган, берган ризқига норози бўлган бўлиб қоласан", дер эди.

Онам ўзининг аҳволидан нолиб, "Фалончихон бой-бадавлат, мен бечора эса…" деб қолса, отам яна ўша ҳикматли сўзларини такрорлар эди.

Отам бу сўзларни сокинлик билан, табассум билан айтар эди. Отамнинг бутун жисми-жонида, онамнинг акси ўлароқ, ҳар доим розилик, хотиржамлик уфуриб турарди, «Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бизда неъматлар жуда кўп!» деган сўзларни бот-бот такрорлар, ортидан эса Аллоҳ бизга берган, бошқаларда йўқ неъматларни санаб берарди.

Кўпинча отамнинг саодати билан онамнинг маҳзунлигини таққослаб кўрардим. Онамнинг одамлар қўлидаги нарсаларга қараб, хурсанд бўлмаслиги, отамнинг эса ўзига берилган неъматларга шукр қилиб, хотиржам яшаши ҳақида кўп ўйлардим. Ниҳоят, икки томонни солиштириб кўриб, отамга ўхшашга онт ичдим, бирор сония ҳам онамга ўхшаб қолмасликни Аллоҳдан сўрай бошладим. Чунки онам бировга берилган мол-дунёга қараб, ўзининг аҳволидан нолиб, ҳаётини барбод қилди, обрўсини тушириб, Роббининг адолатига шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолган эди».

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рўза 2 нарсани ўргатади

18.03.2024   1670   1 min.
Рўза 2 нарсани ўргатади

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Тақво – Рамазон рўзасининг ғоясидир. Яъни рўзадан кўзланган мақсад – тақводир. Бунинг учун банда Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан қайтиши, буюрган амалларни адо этиши лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ахир, инсон фақат таомдан ҳамда ичимликдан ўзини тийса-ю, лекин ёлғон сўзлашни, ғийбатни, судхўрликни, одамларнинг обрўсини тўкишни тарк этмасдан рўза тутиши мумкин-ми?!

Рўза бандани нафсига қарши туришга, ғазабини ютишга ва одамлардан етган озорларга сабрли бўлишга ўргатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза қалқондир. Рўзадор фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин».

Рўза бандани Аллоҳ таоло уни ҳамиша кузатиб турганини ҳис қилишга ҳамда ҳар бир ишни фақат холис Аллоҳ учун адо этишга ўргатади.

Шундай экан, рўза фақат таом ва шаробдан тийилиш эмас, балки нафсни тақво билан тарбиялашдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, тақводорлар жаннату анҳорлардадирлар. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадир” (Қамар сураси, 54-55-оятлар).

 Даврон НУРМУҲАММАД

Рамазон