Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Март, 2025   |   13 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:20
Қуёш
06:38
Пешин
12:37
Аср
16:41
Шом
18:30
Хуфтон
19:43
Bismillah
13 Март, 2025, 13 Рамазон, 1446

Гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман

20.12.2024   6445   4 min.
Гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман

Бир куни кўп гуноҳлар қилиб юрган бир йигит солиҳ бир зотнинг ҳузурига келиб, ўз аҳволидан шикоят қилибди.
— Э солиҳ зот! Мен қилмаган гуноҳлар қолмади. Менга насиҳат қилиб қўйсангиз. Ҳар қанча уринсам ҳам гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман. Шоят панду насиҳатларингиз таъсир қилиб гуноҳ қилишдан тўхтасам, қилган гуноҳларимга тавба қилсам, - дебди.
Солиҳ киши:
— Эй ўғлим, агар Аллоҳга осийлик қилишни хоҳласанг, қилавер, аммо аввало бешта шартга риоя қилишинг керак. Агар буларни бажара олсанг, истаганча гуноҳ қил, - деди.
Йигит хурсанд бўлиб:
— Эй солиҳ зот, айтинг, уларни албатта бажараман. Тезроқ айтинг, - деди.
Солиҳ киши:
Биринчи шарт: агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, аввало Унинг еридан чиқиб кет ва гуноҳни бошқа ерда қил, - деди.
Йигит ҳайрон бўлиб:
— Эй улуғ зот, раҳмат сизга! Аммо, қаерда гуноҳ қиламан? Аҳир Ернинг барчаси Аллоҳнинг мулки эмасми? - деди.
Солиҳ зот жавоб берди:
— Ҳа, албатта. Энди сен Аллоҳдан уялмайсанми? Унинг ерида яшаб, яна Унга осийлик қиласанми?!
Йигит:
Иккинчи шартни айтинг, эй устоз, - деди.
Солиҳ киши:
— Агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, қилавер, аммо Унинг ризқидан емагин, - деди.
Йигит яна ҳайратланиб:
— Эй улуғ зот, сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Аҳир ризқ берувчи Унинг ўзи бўлса, унда мен қаердан ризқланаман? - деди.
Солиҳ киши:
— Аллоҳнинг ризқидан еб туриб, яна Унга осийлик қилишдан уялмайсанми?!-  деди.
Йигит:
Учинчи шартни айтинг, - деди.
Солиҳ киши:
— Агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойга бориб қил, - деди.
Йигитнинг ҳайрати яна ошди:
— Эй устоз!  Бу нима деганингиз? Аҳир қаерга бормай Унинг кўз ўнгидаманку. Аллоҳ ҳатто қоронғу кечада қора тош устида юрган қора чумолининг ҳаракатини ҳам кўради-ку! Қаерга бормай, қаерга яширинмай мени кўриб, билиб турадику? - деди.
Солиҳ зот:
— Шундайлигини билар экансан, бошқаларнинг кўриб қолишидан уяласану, наҳотки Аллоҳнинг кўз ўнгида гуноҳ қилишдан уялмайсан? Наҳотки, Аллоҳ сен учун бошқалардан кўра қардсиз ва ҳурматсиз бўлса. У ҳамма нарсани билиб, кўриб турганида Унга осийлик қиласанми?! - деди.
Йигит:
Тўртинчи шартни айтиб беринг, - деди.
Солиҳ киши деди:
— Агар Аллоҳга осийлик қилар экансан, ундай бўлса қачонки ажал фариштаси келиб, жонингни олмоқчи бўлганида унга айт: “Менга озгина муҳлат бер, гуноҳларимдан тавба қилиб олай”, дегин.
Йигит қаттиқ йиғлаб:
— Эй солиҳ зот, мен кимманки ўлим фариштасига буйруқ бера олсам, буни ҳеч ким қила олмайди? Ўлим келганда уни бир сонияга ҳам ортга суриб бўлмайди-ку! — деди.
Солиҳ киши:
Бешинчи шарт шуки, агар Аллоҳга осийлик қилмоқчи бўлсанг, қилавер, бироқ қачонки дўзахнинг фаришталари келиб, сени дўзахга тортмоқчи бўлганларида уларнинг чангалидан қутулиб қочгин ва жаннатга кириб олгин, - деди.
Йигит дод солиб йиғлади ва баланд овозда:
— Бас, етар эй улуғ устоз! Аллоҳни номи билан қасам ичиб айтаман, бугундан бошлаб гуноҳ қилмайман, мен Аллоҳга чин дилимдан тавба қилдим, Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ - деди.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ижтимоий иллатлар – тараққиёт кушандаси

13.03.2025   936   1 min.
Ижтимоий иллатлар – тараққиёт кушандаси

Жорий йилнинг 12 март куни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакиллиги ҳамкорликда вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, маҳаллада ва бошқа ижтимоий объектларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик, мактаб ўқувчиларини илм-фан ва касб-ҳунарга қизиқтириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режасига мувофиқ тадбирлар ўтказилди.

Куннинг биринчи яримида Қарши шаҳридаги “Асл” тўйхонасида маҳалла фаоллари, тадбиркорлар ва аҳоли иштирокида “Исрофгарчилик ва дабдабабозлик ижтимоий иллатлардир” мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбири ўтказилди. 

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов томонидан бугунги кунда тўй, маърака ва маросимлардаги ҳаддан ошишлар, Динимизда асли йўқ бўлган “уч”, “етти”, “йигирма”, “қирқ”, “йил” ва ҳоказо маросимлар, Энг ачинарлиси, ибодатларда ҳам дабдабабозликка берилиш, ибодатларни кўз-кўз қилиш каби иллатлар ҳақида Қуръони карим оятлари, ҳадислар ва ҳаётий воқеалардан мисоллар келтириб маъруза қилинди.

Куннинг иккинчи ярмида Қарши шаҳрида жойлашган 6-сонли мактаб биносида таълим олувчи ўқувчиларнинг ота ва оналари иштирокида “Илм ва касб ҳунар фазилати ҳамда ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги мажбуриятлари” мавзусида суҳбат ўтказилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги 
Матбуот хизмати

 

Ижтимоий иллатлар – тараққиёт кушандаси Ижтимоий иллатлар – тараққиёт кушандаси
Ўзбекистон янгиликлари