Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Жинлар ва шайтонлар орасидаги фарқлар

23.12.2024   5711   12 min.
Жинлар ва шайтонлар орасидаги фарқлар

УЛУҒ ҲИСОБ-КИТОБ БЎЛИШИ БАЁНИ


 - 55حِسَابُ النَّاسِ بَعْدَ الْبَعْثِ حَقٌّ فَكُونُوا بِالتَّحَرُّزِ عَنْ وَبَالِ

Маънолар таржимаси: Қайта тирилишдан кейин инсонларнинг ҳисоб беришлари ҳақдир, шундай экан (эй инсонлар) ёмон оқибатдан (қиёматда ёмон ҳисобга йўлиқишдан) сақланишда бўлинглар.


Назмий баёни:

Қиёматда ҳисоб бўлмоғи аниқ,
Ёмон оқибатдан сақлан, халойиқ.


Луғатлар изоҳи:

حِسَابُ – мубтадо.

النَّاسِ – музофун илайҳ.

بَعْدَ – зарфи замон.

الْبَعْثِ – музофун илайҳ. Луғатда “юбориш”, “жонлантириш”, “уйғотиш” каби маъноларни англатади.

حَقٌّ – хабар. Воқеликнинг берилган ҳукмга мувоқ бўлиши ҳақ дейилади.

كُونُوا– ноқис феъл, охиридаги واو исми.

بِ – “мажозий зарфият” маъносида келган.

تَّحَرُّز – “сақланиш”, “ўзини асраш” ва “эҳтиёт бўлиш” маъноларини англатади. Жор мажрур كُونُوا нинг хабари эканига кўра насб ўрнида турибди.

وَبَالِ – “зарар”, “ҳалокат” маъноларида бўлиб, ёмон оқибатга олиб борувчи нарсаларга нисбабтан ишлатилади. Жор мажрур تَّحَرُّز га мутааллиқ.


Матн шарҳи:

Байт мазмунидан, эй инсонлар, келажакда ҳисоб-китоб бўлиши ҳақдир, шунинг учун ўткинчи нарсаларга алданиб қолманглар, зиммаларингиздаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини ҳам, инсонларнинг ҳақларини ҳам адо этинглар, агар ҳозир адо этмасангиз, улуғ ҳисоб-китоб кунида бадалини тўлайсизлар, деган маъно тушунилади.

Сўфи Оллоҳёр бобомиз қайта тирилгандан кейинги ҳисоб-китобни қуйидаги содда ва равон сўзлари билан баён қилган:

Удур ҳоким нечукким ҳукм қилди,
Тирил дегач ҳама олам тирилди.

                                                                  * * *

Йиғар маҳшар ерида барча жонни,
Сўрар бандасидин яхши-ёмонни.

Қуръони каримда зарра миқдоричалик яхшилигу ёмонликнинг ҳисоб-китоби бўлиши хабар берилган: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар”[1].

 Яъни ўша кунда инсонлар ҳисоб-китоб жойидан яхши ва ёмон қилган амалларининг самараларини кўриш учун гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғаладилар. Тупроқ зарраси вазнидаги яхши амални қилган бўлса, уни ўзининг амаллари ёзилган саҳифада борлигини кўради ва ўшанга лойиқ мукофотни олади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу зарра ҳақида: “Кафтингизни ерга қўйиб кўтарганда унга ёпишган ҳар бир тупроқ заррадир,” – деган.

Ҳисоб-китоб кунида ҳар бир банданинг дунёда қилиб ўтган барча амаллари ёзилган китоб чиқарилади ва ҳамма ўз китобини ўқийди: “Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз. Қиёмат кунида унга очиқ ҳолда учратадиган китобни (Номаи аъмолини) чиқариб берурмиз. (Унга айтилур): “Китобингни ўқи! Бугун ўз шахсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир”[2].

Яъни ўша кунда қилинган барча яхшию ёмон амаллар соҳибидан асло ажрамайди. Ҳаммага амаллари ёзилган китоб очиқ ҳолатда кўрсатилади. Бу китобда яхши ишлар ҳам, ёмон ишлар ҳам, очиқ-ойдин кўриниб туради, бирортаси ҳам пинҳон қолмайди. Китоб соҳибига, амалларинг ёзилган китобни ўқи! Бугунги кунда қилган амалларингга ўзинг гувоҳлик берасан! Бошқа гувоҳ ё бошқа ҳисобчига муҳтож бўлмайсан, – дейилади.

Қилинган яхши ишларнинг мукофотлари кўпайтириб берилади, ёмон ишларга эса кўпайтирилмасдан жазо берилади:

“Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур). Кимки (бир) ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша (гуноҳ) миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай”[3].

Ушбу ўн баравар ошириб мукофотлаш ҳам аслида кўп мукофот беришнинг энг ози ҳисобланади. Чунки гоҳида етти юз бараварига бериладиган ёки ундан ҳам кўпига бериладиган мукофот берилади. Ёмон амал қилганларга эса қилган ёмонликларидан ошиқча жазо берилмайди, қилган ёмонлигига белгиланган жазонинг ўзигина берилади. Яхши амалларнинг мукофотини кўпайтириб бериш, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати бўлса, ёмон иш қилганларни қилмишларига яраша жазолаши У зотнинг адолати ҳисобланади.

Шунингдек, кофир жинларнинг ҳам азобга гирифтор этилишини уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Жин сурасида қуйидагича хабар берилган:

“Аммо (йўлдан) озганларга эса, бас, улар жаҳаннамга ўтин бўлувчи кимсалардир”[4].

Яъни тўғри йўлдан озиб, иймон келтирмаган кофир жинлар, кофир инсонлар каби жаҳаннамга “ўтин” бўладилар.

Аммо мўмин жинларнинг жаннатга киришлари тўғрисида ихтилоф бўлиб, бу ҳақида Бадриддин Шиблий Ҳанафий[5] ўзининг машҳур “Окомул маржон фи аҳкамил жан”[6] китобида тўрт хил сўзни келтирган.

 

МЎМИН ЖИНЛАРНИНГ ЖАННАТГА КИРИШЛАРИ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАР

“Уламолар мўмин жинларнинг жаннатга киришлари ҳақида тўрт хил қарашни айтганлар:

1. Жумҳур уламолар мўмин жинларни жаннатга киради, деб ҳисоблайдилар. Ушбу қарашни Ибн Ҳазм “Милал” китобида Абу Яъло, Абу Юсуф ва бошқа кўпчиликлардан ривоят қилган;

2. Жинлар жаннатга кирмайдилар, балки унинг атрофида бўладилар. Инсонлар уларни кўрадилар, улар эса инсонларни кўрмайдилар. Ушбу қараш Молик, Шофиъий, Аҳмад, Абу Юсуф ва Муҳаммадлардан ривоят қилинган;

3. Жинлар Аърофда[7] бўладилар;

4. Бу ҳақида ҳеч қандай гап айтмаслик”[8].

 

ЖИНЛАР ВА ШАЙТОНЛАР ОРАСИДАГИ ФАРҚЛАР

Жинлар ва шайтонлар орасидаги фарқлар ҳақида “Ақидатул муъмин” китобида қуйидагилар ёзилган: “ Жинлар икки турли бўлади:

1. Шайтонлар. Буларда ҳеч қандай яхшилик бўлмайди;

2. Жинлар. Булар орасида солиҳлари ҳам, ёмонлари ҳам бўлади.

Жинларнинг ҳолати инсонларга ўхшаш бўлиб, улар орасида хушфеъллари ҳам, бадфеъллари ҳам, мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.

Шайтонлар аслида жинларнинг вакиллари ҳисобланади. Зеро, иблиснинг жинлардан бўлгани Қуръони каримда хабар берилган:

“Эсланг, (Эй Муҳаммад!) Фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан сажда қилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйин сунишдан бош тортди”[9].

Шайтон илоҳий раҳматдан қувилиб, барча яхшиликлардан кесилгач, мазкур ишлар унинг зурриётларига ҳам мерос бўлиб ўтган. Шунинг учун шайтонларда асло яхшилик бўлмайди, улар фақат ёмонликни биладилар ва доим ёмонликка чақирадилар. Буларнинг ҳолатига илон анча яқин мисол бўла олади. Яъни илондан фақат илон туғилади, илон насли борки, барчаси доим заҳар солиш пайида бўлади. Худди шу сингари, шайтонлардан ҳам фақат шайтонлар туғилади, шайтон насли борки, доим одам болаларини йўлдан уриш пайида бўлади.

Шунингдек, аслида шайтон бўлмаган жин ва инсонлар ҳам ифлос ишларни қилишлари ва туғёнга кетишлари сабабли шайтонга айланиб борадилар. Шайтонга айланганларининг ашаддийлари “Марид” дейилади, янада бундан ҳам ортиқ туғёнга кетганлари “Ифрийт” деб номланади.

Шайтонларнинг васваса қилишлари ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

“Шунингдек, ҳар бир пайғамбарга инсу жиннинг шайтонларини душман қилиб қўйдик. Улар алдаш мақсадида сохта хушсуханлик билан бир-бирларига васваса қиладилар”[10].

Ушбу оят шайтонларнинг инсонлардан ҳам, жинлардан ҳам бўлишига далолат қилади. Жинларнинг турли бўлиши ҳақида эса уларнинг тилидан ҳикоя тарзда шундай хабар берилган:

“Ва албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор. Турли гуруҳлар бўлган эдик”[11].

Ушбу оятда эса жинларнинг ораларида солиҳлари ҳам бўлиши баён қилинган”[12].


Кейинги мавзулар:
Номаи аъмол берилиши ҳақидаги эътиқодимиз.

 


[1] Залзала сураси, 7, 8-оятлар.
[2] Исро сураси, 13, 14-оятлар.
[3] Анъом сураси, 160-оят.
[4] Жин сураси, 15-оят.
[5] Бадриддин Шиблий Ҳанафий  ҳижрий 712 йилда Дамашқда туғилган. Ҳанафий мазҳабидаги улуғ муҳаддис олимлардан бири бўлган бу зотнинг “Фусул фи аҳвали Расул”, “Кашфул ибҳам бишарҳил аҳкам”, “Нашрул аълам фи аҳкамис салам”  ва “Окомул маржан фи аҳкамил жан” каби кўплаб асарлари бўлган. Ҳижрий 796 йилда вафот этган.
[6] “Окомул маржон фи аҳкамил жан” китоби жинларга тааллуқли ҳукмларни баён қилувчи энг мўътабар асарлардан бири ҳисобланади. Унда жинларнинг мавжудлиги,  уларнинг синфлари, саҳоба жинлар, мўмин жинларнинг жаннатга киришлари ҳақидаги қарашлар каби ранг-баранг мавзулардаги  маълумотлар жамланган. Бадриддин Шиблийдан кейинги олимлар жинлар тўғрисидаги маълумотларни баён этишда, асосан, ушбу китобдан фойдаланишган. “Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”дек мўътабар китобда ҳам агарчи номи баён қилинмаган бўлса-да, ушбу китобдан иқтибос келтирилган.
[7] “Аъроф – жаннат билан дўзахни ажратиб турадиган девор, арасот. Бу жой жаннатга ҳам, дўзахга ҳам кирмаган, яъни вақти соати келиб, Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритгунга қадар маълум муддат турадиган кишиларнинг жойидир”. Қаранг:  Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.  – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 151.
[8] Бадриддин Шиблий Ҳанафий. Окомул маржон фи аҳкамил жан. – Қоҳира: “Дорул ҳарам литтурос”, 2009.  – Б 155.
[9] Каҳф сураси, 50-оят.
[10] Анъом сураси, 112-оят.
[11] Жин сураси, 11-оят.
[12] Абу Бакр Жобир Жазоирий. Ақидатул муъмин. – Мадинаи мунаввара: “Мактабатул улум вал ҳикам”, 2009. – Б. 122.

Бошқа мақолалар

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

09.06.2025   6905   4 min.
Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

Ҳар янги куннинг тонгини кўрганингизда қалбингизни зикр ила тўлдиринг. Иймон зикрларига қулоқ тутар экансиз, борлиқ Яратган Зот сари талпинаётганини ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло айтади: «...Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур...»[1]. Балки уйда, балки кўчада, қаерда бўлсангиз-да, Аллоҳнинг зикрига шошилинг. Зикрларни кўпайтирганингиз сари Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ортиб боради, осмонлару ернинг Холиқи бўлган Аллоҳ таолодек буюк Зот суянчиғингиз эканини англайсиз...

Ушбу мисраларни доим ёдда тутинг:

Гар эрса қалблар Холиқин зикридин мосуво,
Алар жасад ичидин жой олган тош каби гўё.

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг.
Тошда на меҳр ва на ҳис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббини зикр қиладиган билан зикрдан йироқда бўлган киши худди тирик билан ўлик кабидир” [2],  деганлар.

Яна Набий алайҳиссалом: “Сизларга амалларингизнинг энг хайрлиси ва Султонингиз ҳузурида энг покиза, даражангизни юқорилатадиган, сизлар учун тилло-кумушларни эҳсон қилгандан-да, душманингизга йўлиқиб, унинг бошини танасидан жудо қилишингиз, у ҳам сизнинг каллангизни бўйнингиздан узиб ташлашидан-да яхшироқ амал қайси эканини билдириб қўяйми?!” дедилар. Саҳобалар: ”Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: У Аллоҳнинг зикридир”,3] дедилар.

Убайд ибн Умайр айтадилар: “Мўминнинг амал дафтаридаги ҳамд ила тасбеҳ – у билан дунё тоғларича тилло судралиб юришидан хайрлидир”.

Набий алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг фазилат излаб кезиб юрувчи фаришталари бўлиб, улар зикр айтиб ўтирилган давраларни излаб юришади. Шу аснода зикр бўлаётган даврани топишса, фаришталар зикр ҳалқасидагилар билан биргаликда ўтиришади ва бир-бирларини қанотлари билан ўраб олишади, шу тарзда зикрдаги кишилар билан дунё осмонининг ораси фаришталар билан тўлиб кетади. Зикр ҳалқасидаги кишилар тарқалиб кетишса, фаришталар осмонга кўтарилиб кетишади.

Кейин Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб тургани ҳолда, улардан: “Қаердан келдинглар? – деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг олдидан келдик. Улар Сенга тасбеҳ айтяптилар, такбир, таҳлил айтиб, Сенга мақтов йўллаяптилар ва Ўзингдан сўрашяпти”, деб жавоб қайтаришади.

Аллоҳ таоло: “Улар Мендан нимани сўраяпти?” – дей­ди. Фаришталар жавобан: “Сендан жаннатингни сўрашяпти”, дейишади.  Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” – дея фаришталардан яна савол сўрайди. Фаришталар жавоб бериб: “Йўқ! Эй Яратган Зот!” – дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: “Мабодо улар жаннатимни кўрадиган бўлсалар, ҳолат қандай бўлади-я?” – дейди. Фаришталар: “Улар яна Сендан паноҳ тилашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло савол тариқасида: “Нимадан паноҳ беришимни сўрашяпти?” – дейди.

Улар: “Жаҳаннамингдан, эй Яратган Зот!” – деб жавоб қайтаришади. “Улар дўзахимни кўрганми?” – деб сўрайди Аллоҳ таоло. Жавоб қайтариб: “Йўқ!” – дейишади улар.

Аллоҳ таоло: “Улар дўзахимни кўришса қандай бўларкин?” – дейди.

Фаришталар: “Улар яна Сендан мағфират қилишингни сўрашяпти”, дейишади.

Аллоҳ таоло: “Сўзсиз уларнинг гуноҳларини кечирдим, уларга сўровларини ато этдим ва паноҳ тилаган нарсаларидан уларни Ўз паноҳимга олдим”, дейди.

Фаришталар: “Эй Яратган Зот! Улар орасида фалончи, ўта хатокор қул ҳам бор. У ўтиб кета туриб уларнинг олдига ўтириб олди”, дейишади. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилади: “Уни ҳам кечирдим! Улар ҳаммажлислари бадбахт бўлмайдиган кишилардир”, дейди»[4]дедилар. 

 


[1]  Исро сураси, 44-оят.
[2]  Имом Муслим ривояти.
[3]  Имом Термизий ривояти.
[4]  Имом Муслим ривояти.