Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Охиратни ўйлаб ўтирибман
Юсуф ибн Асбот айтади: «Масжидда эдим. Суфён Саврий менга: «Эй Юсуф, таҳорат қилишга тоза сув олиб келгин», дедилар. Сувни мендан ўнг қўл билан олиб, чап қўлларини юзларига қўйиб, ўйга толиб қолдилар. Шу орада ухлаб қолибман. Турсам, тонг отиб қолибди. Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳга қарасам, қўлларидаги сув ўша ҳолича турибди. Шунда у зотга: «Эй Абу Абдуллоҳ, тонг отди», дедим. У зот: «Менга сувни олиб келганингдан бери охиратни ўйлаб ўтирибман», дедилар».
Шундан бошқа нарсам йўқ
Ҳажжождан ривоят қилинади: «Шўъба эшагини миниб кетаётган эди, Сулаймон ибн Муғирани учратиб қолди. У Шўъбага (муҳтожлигидан) шикоят қилди. Шўъба эса: «Аллоҳга қасамки, шу эшакдан бошқа нарсам йўқ», деди. Кейин эшакдан тушиб, уни Сулаймонга бериб юборди».
Онага эҳтиром
Ашжаий айтади: «Бир куни кечаси Мисъар ибн Кидомнинг онаси сув сўради. Лекин Мисъар идишда сув олиб келгунича онаси ухлаб қолибди. У тонггача идишни қўлида кўтариб турди».
Аҳмад Муҳаммад Турсун раҳимаҳуллоҳ
Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.
Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ....
Абдулқодир Полвонов