Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:26
Шом
17:10
Хуфтон
18:30
Bismillah
04 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446
Мақолалар

23 савол

24.12.2024   1290   2 min.
23 савол

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

  1. Одамларнинг энг олими бўлишни истайсизми? – Аллоҳга тақво қилинг.
  2. Одамларнинг энг бойи бўлишни истайсизми? – Аллоҳ берган неъматларига қаноат қилинг.
  3. Одамларнинг энг адолатлиси бўлишни истайсизми? – Ўзингизга ёққан нарсани бошқаларга ҳам раво кўринг.
  4. Одамларнинг энг яхшиси бўлишни истайсизми? – Инсонларга манфаат етказишга ҳаракат қилинг.
  5. Аллоҳга энг яқин банда бўлишни истайсизми? – Аллоҳ таолони кўп зикр қилинг.
  6. Иймонингиз комил бўлишини истайсизми? – Хулқингизни гўзал қилинг.
  7. Муҳсинлардан бўлишни истайсизми? – Аллоҳ таолога Уни кўриб тургандек ибодат қилинг. Агар бунга қодир бўлмасангиз У Зот сизни кўриб турганини унутманг.
  8. Итоат этувчилардан бўлишни истайсизми? – Аллоҳнинг фарзларини ўз вақтида адо этинг.
  9. Қиёмат куни юзингиз нурли бўлишини истайсизми? – Ҳеч кимга зулм қилманг.
  10. Қиёмат куни Аллоҳ таоло сизга раҳм қилишини истайсизми? – Инсонларга раҳм қилинг.
  11. Аллоҳ гуноҳларингизни кечиришини истайсизми? – Истиғфор айтинг.
  12. Инсонларнинг энг саховатпешаси бўлишни истайсизми? – Мусибатингизни одамларга билдирманг, уларга шикоят қилманг.
  13. Одамларнинг энг кучлиси бўлишни истайсизми? – Аллоҳга таваккул қилинг.
  14. Аллоҳ ризқингизни кенг қилишини истайсизми? – Доимо таҳоратли ҳолда юришга одатланинг.
  15. Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббатли бўлишни истайсизми? – Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган нарсаларни яхши кўринг.
  16. Қиёмат куни Аллоҳнинг ғазабига учрамасликни истайсизми? – Аллоҳ яратган бирорта махлуқотга ғазаб қилманг.
  17. Дуоларингиз қабул бўлишини истайсизми? – Луқмангиз ҳалол бўлишига эътиборли бўлинг.
  18. Қиёмат куни Аллоҳ таоло айбларингизни беркитишини истайсизми? – Одамларнинг айбларини яширинг.
  19. Гуноҳларни нима ювиб юборади? – Кўз ёшлар, хушуъ-хузуъ ва беморлик.
  20. Қайси яхшилик Аллоҳ учун энг севимли? – Хусни хулқ, тавозеъ, мусибатларга сабр қилиш.
  21. Аллоҳнинг наздида амалларнинг энг ёмони қайси? – Ахлоқсизлик ва бахиллик.
  22. Аллоҳнинг ғазабини нима кетказади? – Махфий садақа ва силаи-раҳм.
  23. Жаҳаннам оловини нима ўчиради? – Бало-офат ва мусибатларга сабр қилиш.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Тирикчилик қилиш ҳам кундалик жиҳоддир!

3.01.2025   2247   2 min.
Тирикчилик қилиш ҳам кундалик жиҳоддир!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақувват ва бўйи узун бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетди. У зот саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар унинг куч ва қувватидан ҳайрон қолиб дейишди:

– Ё Аллоҳнинг Расули! Қани энди унинг мана шу кучи Аллоҳнинг йўлида ишлатилганида эди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга дедилар:

– Агар у гўдак болалари учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у қари ота-онаси учун кўчага чиққан бўлса, Аллоҳнинг йўлидадир. Агар у риё ва фахрланиш учун кўчага чиққан бўлса, шайтоннинг йўлидадир!

Инсонлар фақатгина жангга қилич яланғочлаб чиқишни жиҳод деб ўйлашади. Қолган нарсалар уларнинг наздида гўё бир маромдаги оддий урф-одатлар. Тўғри, жанг қилиш Аллоҳ йўлидаги ишлар рўйхатининг аввалида туради. Аммо негадир «Аллоҳнинг йўлида» дейилса, энг аввал мияга жиҳод келади. Ҳолбуки, ҳалол тирикчилик қилиш ҳам Аллоҳнинг йўлидаги иш!

Саҳобалар инсоннинг кучи ва қуввати фақат Аллоҳнинг йўлидаги жиҳодда ишлатилиши керак деб ўйлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тушунчаларини тўғрилаб қўйдилар. Уларга киши хотини ва бола-чақасининг ташвишида кўчага чиқса, ота-онасининг хизмати учун кўчага чиқса, уйланиш учун маҳрга яроқли нарса топиш илинжида учун кўчага чиқса, у ҳам Аллоҳнинг йўлида юрганини англатдилар!

Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир ҳалол амалингизнинг ажрини тасаввур қилиб кўринг! Фарзанд ва аёлингиз яхши еб, яхши кийиниши учун кўчада, уйингиз тартибли бўлиши учун уйингизда ишлашингиз оддийгина одатий иш эмас, Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир!

Ота-онангизни шифохонага олиб боришингиз оддий иш эмас. Бу яхшилик Аллоҳ йўлидаги амалингиздир!

Бир беморни кўргани боришингиз оддий инсоний бурч эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кўнгил олишдир!

Бировнинг отаси ёки онаси вафот қилганида бориб таъзия билдиришингиз оддийгина ижтимоий кўриниш эмас. Бу Аллоҳ йўлида бир-бирига қилинадиган раҳм-шафқатдир!

Тоат, яхшилик ва маъруф ишда ҳаёт кечириш барчаси Аллоҳ йўлида ҳаёт кечиришдир. Бу ишлардаги ажрни тасаввур қилсак, Аллоҳ йўлидаги кураш бизга енгил кечади!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди