Cавол: Даллоллик касби жоизми? Агар жоиз бўлса, даллол икки томондан ҳақ олса бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Даллол гоҳида сотувчи тарафидан, гоҳида олувчи тарафидан, гоҳида эса иккиси тарафидан ҳам вакил бўлади. Агар даллол ёлғон, фириб, алдов қилмасдан фаолият юритса, бу учун ҳақ олиши жоиз ҳисобланади.
Даллолнинг ҳақ олиши ва унинг қайси томондан бўлиши урф-одатга кўра бўлади. Урфда сотувчи, ёки харидор, ё ҳар икки томон даллол ҳаққини берадиган бўлса, шундан келиб чиқиб иш фаолиятини юритиши жоиз ҳисобланади ("Дурарул ҳуккам" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.
Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ....
Абдулқодир Полвонов