Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон — чексиз неъматлар ато этувчи ва гуноҳлардан покланиш ойидир. Рамазон ойида Аллоҳ таолога дуолар ила илтижо қилиш мўминнинг муҳим ибодатларидан биридир. Рамазон ойида Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодатларни қилганлар бандаларининг гуноҳларини Яратган албатта кечиради.
Бу ойда энг афзал ва энг самарали амаллардан бири бу дуо қилишдир. Шундай экан, Рамазон ойида имкон қадар Аллоҳ таолога дуо қилиш лозим.
Мўмин дуо қилганида бошқа фойдалар билан бирга, ўз дуоси учун катта ажр олади, чунки муборак Рамазонда Аллоҳ таоло рўза тутганларнинг ибодатларини рад этмайди. Шунинг учун бу ойда ҳар биримиз тез-тез дуолар билан Аллоҳ таолога юзланишимиз керак бўлади.
Рамазон ойининг исталган вақтида дуо қилиш мумкин ва Аллоҳ таоло уларни қабул қилади. Бироқ бу ойда ҳам шундай пайтлар борки, бу вақтда ибодатлар билан Яратганга мурожаат қилинганда дуолар қабул бўлиш эҳтимоли анча ортади:
1. Оғиз ёпиқ вақтда
Дуо кечаю кундуз ўқилиши керак, зеро, бутун Рамазон ойи айнан дуо ойидир. Бироқ, Аллоҳ таоло учун рўза тутганларнинг дуоси қабул бўлади, чунки рўза дуоси рад этилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: рўзадорнинг ифтор қилгунига қадар қилган дуоси, адолатли ҳукмдорнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”. (Имом Аҳмад, 8043; Ибн Можа, 1752; Термизий, 3598; Ибн Ҳиббон, 3428).
Имом Нававий бу ҳақда ўзининг “Ал-Мажмуъ Шарҳул Муҳаззаб” китобида шундай ёзади:
“Рўзадор рўза тутган вақтида дуо қилиши, охират ва дунёнинг муҳим ишларини Аллоҳ таолодан сўраши тавсия этилади. Ҳатто ўзидан ташқари барча яхши кўрган кишилари ва барча мусулмонлар эҳтиёжи учун ҳам сўраши мумкин. Дарҳақиқат, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: рўза тутганнинг дуоси, токи у рўзасини бузмагунича…», дедилар. Бу ҳадисни Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ва Термизий уни ҳасан ҳадис, деган.
Ҳадисдан англашиладики, рўзадор куннинг бошидан охиригача дуо қилиши мақсадга мувофиқ, чунки одам шу вақт давомида (кундузи бутун кун давомида) рўза тутган ҳисобланади.
2. Тонг отгунга қадар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Роббимиз табарока ва таоло ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда бу дунё осмонига тушади. Сўнгра: “Ким Менга дуо қилади, Мен уни ижобат қилсам? Ким Мендан сўрайди, Мен унга сўраганини берсам? Ким Менга истиғфор айтади, Мен унинг гуноҳларини кечирсам», дейди». (Бухорий, 7494; Муслим, 758).
Бу ҳадиснинг фақат Муслим томонидан берилган шаклида:
“… ва бу тонг отгунча давом этади”, дейилган.
3. Ифторлик вақти
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:
“Албатта шундай дуо борки, агар рўзадор ифтор пайтида у билан Аллоҳга тавба қилса, рад этилмайди”. Бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилган Ибн Абу Мулайка Абдуллоҳнинг ифторлик пайтида шундай деганини эшитганлигини қўшимча қилади:
«Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсани қамраб олган раҳматинг ила мени мағфират қилишингни сўрайман». (Ибн Можа, 1753; Ибн ас-Сунний, “Амал ал-явми ва ал-лайла”, 481)
Ифтор чоғида мўмин оч, ташна ва ожиз бўлиб, ўзининг нақадар ожизлигини англаб етади ва қалбида тавозеъ билан қилган дуоси қабул бўлиши эҳтимоли кўпроқ.
4. Қадр кечасида
Ҳар қандай ибодат каби, бу кечада Аллоҳ таолога дуолар билан мурожаат қилиш минг ой дуо қилиш билан баробардир. Бундай дуонинг кучини тасаввур қилиб кўринг! Бу муборак кечада фаришталар ерга тушиб, мўминларни ўраб оладилар ва уларнинг ҳар бир намозидан кейин «амин»ни такрорлайдилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ё Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, агар Лайлатул қадр кечаси қайси кеча эканини билсам, унда нима дейман?» дедим.
«Аллоҳим! Албатта Сен афв қилувчи ва карамлисан. Афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин», дегин», дедилар». (Имом Аҳмад, 35497; Ибн Можа, 3850; Термизий, 3513; Ан-Насоий, “Амал ал-явми ва ал-лайла”, 876).
5. Қуръон ўқишни тугатгандан кейин
Рамазон — Қуръон ойидир. Солиҳ салафлар бу ойда Қуръон ўқишга урғу бериб, бошқа вақтларга қараганда бу ибодатга кўпроқ эътибор қаратганлар.
Шунинг учун Рамазон ойида имкон қадар тез-тез Қуръон ўқишимиз тавсия этилади ва Қуръон ўқиш (хатм) охирида биз Аллоҳ таолога ўзимиз ва оиламиз, қариндошларимиз ва дўстларимиз учун барча яхшиликларни тилаб дуолар билан мурожаат қилишимиз мумкин.
Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Қуръон ўқишни тугатмоқчи бўлганларида, оила аъзоларини йиғиб, улар учун дуо қилдилар». (Табароний, «Ал-Муъжам ал-кабир», 674; Ад-Доримий, 3517).
Айни дамда мўминнинг дуоси билан Аллоҳ таолонинг раҳмати ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ирбоз ибн Сария розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қуръонни тўлиқ ўқиган (хатм қилган)нинг дуоси қабул бўлади». (Табароний, “Мужм ал-кабир”, 647).
Рамазон ойида Аллоҳга таолога ибодат қилишда мўмин киши жидду жаҳд қилиши, кўпроқ дуо қилиб, сиз энг муҳим нарсаларни сўраши лозим. Албатта сўралган нарсаларнинг барчаси охиратимиз учун фойдали амаллар бўлиши лозим.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَأْكُلْ بِيَمِينِهِ، وَإِذَا شَرِبَ فَلْيَشْرَبْ بِيَمِينِهِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَأْكُلُ بِشِمَالِهِ وَيَشْرَبُ بِشِمَالِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар (Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар).
Демак, чап қўли билан еб-ичган одам Роҳманнинг амридан юз ўгириб, шайтонга эргашган ва унинг ишини қилган бўлади.
Шунинг учун бу масалага катта эътибор билан қарамоғимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим.
عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: كُلْ بِيَمِينِكَ، قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ، قَالَ: لَا اسْتَطَعْتَ، مَا مَنَعَهُ إِلَّا الْكِبْرُ، قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, у зот:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар.
«Қодир эмасман», деди у.
«Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», дедилар у зот. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди» (Муслим ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилганлигини ёрқин кўриб турибмиз. Албатта, гап овқатланишнинг исломий маданияти ҳақида кетмоқда. Овқатланишнинг исломий маданиятларидан бири ўнг қўл билан ейишдир. Ҳар бир мусулмон инсон бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан қараши лозим. Баъзи бир кишилар бу исломий маданиятга риоя қилмасалар, уларни огоҳлантириш керак.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овқатланишнинг исломий маданиятига риоя қилмай, чап қўли билан таом ейишга тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар».
Бундай пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига:
«Қодир эмасман», деди».
Яъни, бу «Овқатни ўнг қўли билан ея олмайман. Чап қўлим билан еявераман», дегани эди. Ўзи нотўғри иш қила туриб, унга меҳр кўрсатиб, хатосини тўғрилаб қўйган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб:
«Қодир бўлмагин!» дедилар».
Яъни, «Ўнг қўлинг билан таом ея олмасанг, бир йўла ея олмай қолгин», дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун:
«Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», деб, қўшиб қўйдилар. Яъни, у одам юқоридаги гапни ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, кибр билан хатосини тан олишдан бош тортиб айтган эди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.
«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».
Ажаб бўлди! Баттар бўлсин! Ўз фойдасини билмаган, шариат ҳукмидан кўра ўзининг кибрини устун қўядиганлар учун бу ҳам кам!
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Чап қўл билан таом еб бўлмаслиги.
2. Бировнинг чап қўл билан еганини кўрган одам танбеҳ бериб, ўнг қўл билан ейишини эслатиб қўйиши кераклиги.
3. Диний ҳукмлар бўйича насиҳат эшитган одам мутакаббирлик қилмаслиги кераклиги.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари дарҳол қабул бўлиши.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби 16-жуз