Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

Дунёмизни охиратимиз учун тарк этдик

03.01.2025   3878   2 min.
Дунёмизни охиратимиз учун тарк этдик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Умар халифа бўлганидан кейин давлат идора услубини ҳазрати Абу Бакр қурган ижтимоий ва ахлоқий мерос устига бино қилди. У ҳар доим ўзидан ва оила аъзоларидан олдин ўз халқини ўйлади ва уларга хизмат қилди. У баъзан кўпчилик қатори оч ҳам қолди, баъзан етимларни таомлантирди, баъзан халқи билан бирга қийинчилик ва машаққатларнинг аламини тотди. У очарчилик ва қурғоқчилик пайтларида зайтун мевасини еб, очлигини қондирар эди.

Анас ибн Моликнинг айтишича, бир сафар очликдан унинг қорни қулдуради. Ҳазрати Умар эса бармоғи билан қорнига туртиб, ўзига-ўзига: «Қани, қуриллайвер. Инсонлар фаровонликка етгунича ёнимда ундан (зайтундан) бошқа сенга берадиган ҳеч нарса йўқ», деди.

Агар ҳазрати Умар хоҳлаганида, халифалик даврида бойликка кўмилиб яшаш, энг гўзал кийимлар кийиши ва энг нафис таомларни ейиши мумкин эди. Аммо унинг ягона мақсади ҳар доим зухд, тақво, камтарлик ва халқи орасидаги йўқсиллар ва ожизларга хизмат қилишдан иборат эди.

Бир куни унинг ҳузурига бир ҳайъат келди. Улар олдига қўйилган таомларни иштаҳа билан ея бошлашди. Буни кўрган ҳазрати Умар охират неъматларини хотирлаб, шундай деди: «Агар истасам, мен сизга ўхшаб гўзал таомлар пиширтириб ея оламан. Фақат биз дунёмизни охиратимиз учун тарк этдик».

Дарҳақиқат, ҳазрати Умар бу дунёга ва унинг ноз-неъматларига мутлақо эътибор қаратмаган улуғ саҳоба эди.

Бир куни у қизи Ҳафсанинг уйига борди. Унга бир косада шўрва олиб келишди. Қизи шўрванинг устига зайтун ёғи қуйган эди, буни кўрган отаси шундай деди: «Бир идишда иккита аралашмами? Мен Роббимга етишгунимча икки хил аралашмани бир жойда емайман».

Бир куни ҳазрати Умар ичиш учун бир нарса сўради. Унга асал шарбатини олиб келишди. Ҳазрати Умар уни ичмади ва шундай деди: «Бу (қандай) гўзал ва ҳалол ичимлик! Фақат мен Аллоҳ таолонинг бир жамоага тоттирган неъматларининг лаззатларини баён қилиб: «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз» (Аҳқоф сураси 20-оят) деганини эшитдим. Шунинг учун менга гўзал нарсалар охиратга қолдирилмай, бу дунёда берилишидан қўрқдим».

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қурбон ҳайити – эзгулик ва бағрикенглик байрами!

05.06.2025   7987   4 min.
Қурбон ҳайити – эзгулик ва бағрикенглик байрами!

Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити  Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
 

Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон  ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.


Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.


Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик  қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.


Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.


Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.


Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.


Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).


Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.


Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.


Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.


Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!


Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин! 

Убайдуллоҳ Абдуллаев, 
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари