Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Умар халифа бўлганидан кейин давлат идора услубини ҳазрати Абу Бакр қурган ижтимоий ва ахлоқий мерос устига бино қилди. У ҳар доим ўзидан ва оила аъзоларидан олдин ўз халқини ўйлади ва уларга хизмат қилди. У баъзан кўпчилик қатори оч ҳам қолди, баъзан етимларни таомлантирди, баъзан халқи билан бирга қийинчилик ва машаққатларнинг аламини тотди. У очарчилик ва қурғоқчилик пайтларида зайтун мевасини еб, очлигини қондирар эди.
Анас ибн Моликнинг айтишича, бир сафар очликдан унинг қорни қулдуради. Ҳазрати Умар эса бармоғи билан қорнига туртиб, ўзига-ўзига: «Қани, қуриллайвер. Инсонлар фаровонликка етгунича ёнимда ундан (зайтундан) бошқа сенга берадиган ҳеч нарса йўқ», деди.
Агар ҳазрати Умар хоҳлаганида, халифалик даврида бойликка кўмилиб яшаш, энг гўзал кийимлар кийиши ва энг нафис таомларни ейиши мумкин эди. Аммо унинг ягона мақсади ҳар доим зухд, тақво, камтарлик ва халқи орасидаги йўқсиллар ва ожизларга хизмат қилишдан иборат эди.
Бир куни унинг ҳузурига бир ҳайъат келди. Улар олдига қўйилган таомларни иштаҳа билан ея бошлашди. Буни кўрган ҳазрати Умар охират неъматларини хотирлаб, шундай деди: «Агар истасам, мен сизга ўхшаб гўзал таомлар пиширтириб ея оламан. Фақат биз дунёмизни охиратимиз учун тарк этдик».
Дарҳақиқат, ҳазрати Умар бу дунёга ва унинг ноз-неъматларига мутлақо эътибор қаратмаган улуғ саҳоба эди.
Бир куни у қизи Ҳафсанинг уйига борди. Унга бир косада шўрва олиб келишди. Қизи шўрванинг устига зайтун ёғи қуйган эди, буни кўрган отаси шундай деди: «Бир идишда иккита аралашмами? Мен Роббимга етишгунимча икки хил аралашмани бир жойда емайман».
Бир куни ҳазрати Умар ичиш учун бир нарса сўради. Унга асал шарбатини олиб келишди. Ҳазрати Умар уни ичмади ва шундай деди: «Бу (қандай) гўзал ва ҳалол ичимлик! Фақат мен Аллоҳ таолонинг бир жамоага тоттирган неъматларининг лаззатларини баён қилиб: «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз» (Аҳқоф сураси 20-оят) деганини эшитдим. Шунинг учун менга гўзал нарсалар охиратга қолдирилмай, бу дунёда берилишидан қўрқдим».
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди