Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446

Мен яқинман... жуда яқинман

03.01.2025   9332   1 min.
Мен яқинман... жуда яқинман

Кўпинча денгиз сатҳи ташқаридан қараган кишига гўёки ипакдан тўқилган майин гиламни тўшаб қўйгандек, тинч ва сокин кўринади...

Лекин ўша тинч ва сокиндек кўринаётган алдамчи манзара остида тинимсиз кураш, ҳаёт ва мамот тўқнашувлари, ҳалокатли нидолар яшириниб ётади. Денгиз қаърида китлар, акулалар, илонлар ва сувсарлар сузиб юради, бир-бирларини ўлжага айлантириш мақсадида тинимсиз таъқиб қиладилар.

Худди шу каби сизнинг юзингиз ҳам ойна қаршисида тинч, меҳрли ва мусаффо кўринади. Аммо танангизни ичида эса, хужайралар ғалаён қилади, нафс хоҳишлари аланга олади, ғаризалар авж олади ва адоватлар оловланади.

Агар сиз денгиздаги ўша махлуқлар жанг қилаётган чегаралардан ўтиб, денгизнинг уларданда қаърига етиб борсангиз, у ерда сукунат ҳукмрон эканлигини, садафлар, марваридлар ва маржонлар яшаётганини кўрасиз.

Худди шунингдек, танангизда ҳам агар нафсоний ҳирслар ҳукмронлик қилаётган чегарадан ўтиб олиб, руҳият ҳудудига етиб борсангиз, у ерда сакинат топасиз, ҳикмат зиёсининг нуридан баҳра оласиз, Парвардигорнинг ҳузуридан оқиб чиқаётган муҳаббат булоғидан қонасиз.

Роббимиз бизга бундай марҳамат қилади:
"Албатта, Мен яқинман... жуда яқинман. Сизларга жон томирингиздан ҳам яқинроқман".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Талабага хизмат - Аллоҳга ибодат қилиш

11.04.2025   9364   3 min.
Талабага хизмат - Аллоҳга ибодат қилиш

Илм йўлида юрганларга ёрдам – Қуръон ва суннат нурида

Илм – бу инсоният тараққиётининг асоси бўлиб, динимиз эса бу ҳақиқатни ҳар жиҳатдан юксак даражада таъкидлаб келади. Ислом дини илмни нафақат мақтайди, балки уни талаб қилишни ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожиб деб санайди. Айниқса, илм талаб қилаётган кишиларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, йўлларини очиш ва уларга енгиллик яратиш – бу фақат инсонийлик эмас, балки ибодатнинг ўзидир. Ушбу мақолада Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламолар ҳикматлари асосида бу мавзу чуқурроқ таҳлил қилинади.


Қуръони каримда илм аҳлига эҳтиром

“Агар ҳар бир жамоатдан бир гуруҳ чиқиб, динни ўрганиб келса ва ўз қавмларини огоҳлантирса, эҳтимолки, улар (гуноҳлардан) сақланурлар эди” (Тавба сураси, 122-оят).

Бу оят илм талаб қилишнинг ижтимоий ва диний масъулият эканлигини очиқ-ойдин ифодалайди. Динни чуқур тушунадиган кишилар жамиятнинг маънавий устунидир. Уларнинг тайёргарлиги учун шароит яратиш – бу жамоанинг иймонига далолатдир. Ҳар бир мусулмон илм аҳлини рағбатлантириши, моддий-маънавий ёрдам бериши бу оят асосида шаръий масъулият бўлиб қолади.

Айтинг: билганлар билан билмаганлар тенг бўлурми? Фақат ақл эгалари ибрат олурлар (Зумар сураси, 9-оят).

Аллоҳ таоло илм эгаларининг даражасини улуғлаб, уларни билмаганлардан ажратмоқда. Бу оят, илм эгасини қадрлашни, унга хизмат қилишни ва унга ёрдам кўрсатишни Аллоҳнинг марҳаматига яқинлаштирадиган амаллардан бири деб англашга ундайди.


Ҳадиси шарифлар: Илм йўлида юрганларга жаннат йўли очилади

“Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннат сари йўлни осон қилади” (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис илм йўлида юрган кишини қўллаб-қувватлаган ҳар бир инсонни жаннат йўлининг шерикларидан бири бўлиши мумкинлигини билдиради. Илм олувчига сув олиб бериш, китоб олиб бериш, йўл харажатига ёрдам бериш, ҳатто унга дуолар қилиш ҳам бу йўлга хизмат қилишдир.

Агар Аллоҳ бир кишига яхшиликни хоҳласа, уни динни тушунишга муваффақ қилади (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ҳадисда Аллоҳнинг бир бандага берган энг катта неъматларидан бири – илмга рағбатдир. Шундай инсонларни қўллаб-қувватлаш, Аллоҳ иродасини бажараётгандай ажр олиб келади.

Талаба – Аллоҳнинг розилигини истаётган банда. Унга ёрдам – бу розилик сари қўл чўзишдир.


Уламолар ҳикматларида:

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: Илм талаб қилувчига хизмат қилиш Аллоҳга ибодат қилишдир”.

Бу сўзлар илмга хизмат қилишнинг даражасини аниқ белгилайди. Бу фақат одамга эмас, балки Аллоҳга қилинаётган хизмат сифатида баҳоланади.

Ибн Қаййим Жавзийя раҳимаҳуллоҳ: Илм эгаларини кўтариш, уларга йўл очиш – жамиятнинг юксалиши учун замин яратади”.

Илм аҳли ёрдам олмаса, жамият заифлашади. Уларнинг илм олишига, ривожланишига, хизмат қилишига ёрдам бериш жамиятнинг тараққиётига хизматдир.

Илм йўлида ҳаракат қилаётган кишилар – бу умматнинг келажак пойдеворидир. Уларга ёрдам бериш, уларга хизмат қилиш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш – Қуръон ва Суннат кўрсатмасидир. Ҳар биримиз бу йўлда ҳисса қўшсак, Аллоҳ ҳузурида ажру савоб оламиз ва охиратда илм билан дўстлашганлардан бўламиз, иншаАллоҳ.

Хулоса қилиб айтганда Илм эгасига берганинг – Аллоҳга берганингдир! бу сўзлар ҳар бир мусулмон қалбига ёзилиши керак.


Анвар ХУЖАХАНОВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.

Мақолалар