Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Дунёга муҳаббатни кетказиш ва охират ғамини қалбда пайдо қилишнинг йўли бор. Йигирма тўрт соат ичидан озгина вақт ажратинг, кечаю кундузларимиз ғафлатда ўтаётганини ўйланг, ўлимни унутганимизни ўйланг, ҳали Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳозир бўлишдан, буюк ҳисоб-китобдан, жазо ва мукофотдан ғафлатда қолганимизни ўйланг. Шу нарсалар ҳақида ўйлашга вақт ажратинг, бир кунмас бир кун ўламан, кейин Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай қилиб ҳисоб бераман? Сўровларига нима деб жавоб қиламан?, деб ўйланг. Шу ўйлар ҳар доим қалбда тирик турсин.
Агар киши ҳар куни шу нарсаларни фикрлаб турса, бор-йўғи бир неча ҳафтада, иншаАллоҳ, дунёга муҳаббат қалбидан чиқиб кетади. Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматидан барчамизга бу айтилганларга амал қилиш тавфиқини ато этсин, омин.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан
#xabar #haj2025
Бугун, 12 июнь куни эрта тонгда юртимиз ҳожиларининг илк гуруҳлари юртимизга йўл олишди.
Айтиб ўтиш жоиз, бу йилги ҳаж мавсуми ҳар қачонгидан ҳам файзли, шукуҳли ўтди. Ҳаж арконларини бажариш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррамада яратилган шарт-шароитларга кўплаб мусулмонларнинг ҳаваси келганига барча гувоҳ бўлди.
Айниқса, меҳмонхоналар, Мино, Арафот водийларидаги қулайлик ва имкониятлар, тиббий ва транспорт хизматлари барчани мамнун этди.
Эндиликда ибодатларни ҳузурланиб адо этган, юз-кўзлари порлаган, пешоналаридан нур балқиган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи диёримизга қайтишмоқда.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини қабул айласин. Фарзанду анжумандлари бағрига эсон-омон етиб олишсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати