Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Агар совчи қўйилган аёл ёки унинг валийси томонидан мазкур совчиликка розилик жавоби берилса, унаштирилган бўлади.
Унаштириш икки томондан оила қуриш учун берилган ваъдадир. Бу нарса ҳам уйланиш, эр‑хотин бўлиш эмас. Шунинг учун ҳам унаштирилган икки киши бир-бирига ажнабий – бегона ҳолида турадилар. Улар "унаштириб қўйилдик", деб хилватда ёлғиз қолишлари, бир-бирлари билан эр‑хотиндек муомалада бўлишлари мутлақо мумкин эмас, фақат никоҳ ақдидан кейингина эр‑хотин бўладилар.
Унаштирилгандан кейин тўй қилиб, оила қуриш энг марғуб ишдир. Унаштирилгандан сўнг ажрашиш яхши эмас. Лекин узрли сабабларга кўра ажрашишса, жоиз.
Унаштирилиш фақат ваъдадан иборат бўлганлиги учун, ундан кейин ажрашиш оқибатида ҳеч қандай мажбуриятлар собит бўлмайди.
Агар бу орада ҳадя олди-бердиси бўлган бўлса, айниган томон зарарига бўлади. Мисол учун, эркак айниган бўлса, берганини қайтариб олишга ҳаққи бўлмайди. Агар аёл киши айниган бўлса, ҳадяни эркак тарафга қайтариб бергани яхши.
Ушбу ишларнинг барчаси ўзаро ҳурмат ва Исломий одоб асосида олиб борилиши лозим. Насиб бўлмай, оила қуришга иттифоқ қилинмай, совчилик ёки унаштиришдан кейин ажралиш рўй берадиган бўлса ҳам, бир-бирларининг обрўларини тўкмай, яхшилик билан ажралишлари зарур.
«Бахтиёр оила» китобидан
#xabar #haj2025
Бугун, 12 июнь куни эрта тонгда юртимиз ҳожиларининг илк гуруҳлари юртимизга йўл олишди.
Айтиб ўтиш жоиз, бу йилги ҳаж мавсуми ҳар қачонгидан ҳам файзли, шукуҳли ўтди. Ҳаж арконларини бажариш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара, Маккаи мукаррамада яратилган шарт-шароитларга кўплаб мусулмонларнинг ҳаваси келганига барча гувоҳ бўлди.
Айниқса, меҳмонхоналар, Мино, Арафот водийларидаги қулайлик ва имкониятлар, тиббий ва транспорт хизматлари барчани мамнун этди.
Эндиликда ибодатларни ҳузурланиб адо этган, юз-кўзлари порлаган, пешоналаридан нур балқиган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи диёримизга қайтишмоқда.
Аллоҳ таоло ҳожиларимизнинг ҳажларини қабул айласин. Фарзанду анжумандлари бағрига эсон-омон етиб олишсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати