Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу – ниҳоятда фойдали ҳадис. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиб, аҳамиятини ҳис қилиб, уни ўғли Абдуллоҳ ибн Умарга, Абдуллоҳ эса ўз навбатида ўғли Солимга ўргатган. Биз ҳам бу муборак оиладан бизгача етиб келган ушбу ҳадисни ўзимизнинг фарзандларимизга, невараларимизга етказишимиз керак.
Бу ҳадисда бало етган одамларга эътибор қилиб, ҳадисда келган дуони қилишга очиқ-ойдин чақириқ бор. Мўмин-мусулмон одам бало-офатга учраган одамга қандай муносабатда бўлиши кераклигини, бунинг иймоний, руҳий ва тарбиявий фойдаларини, нафсни кибр, ҳасад, норозилик ва ғам-қайғу каби туйғулардан халос қилишни шу ҳадисдан ўрганамиз.
Балога йўлиққанлар ким?
Бу ҳадиси шарифда мусибат етган, жисми касал ёки заиф бўлган, турли дардларга чалинган кишиларни кўрганда улардан ибрат олиш, бундай мусибатдан паноҳ сўраш, ўзига бундай мусибат берилмагани учун шукрона қилишнинг энг олий намунаси бор. Тамаки чекадиган, фосиқлик қиладиган, намозга беэътибор бўладиган, гуноҳ ишларни қиладиган, динида мусибатга учраганлар ҳам ана шулар жумласидан ҳисобланади. Бундан ташқари, оилавий муаммоларга учраганлар, ота-онасига оқ бўлган, ака-укалари, опа-сингиллари билан уришиб, маҳкамаларгача бориб юрганларни ҳам бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Бу дуони мусибат етган кишиларга эшиттирмасдан, ичида айтиш мусулмоннинг одобидир. Лекин оила аъзоларимиз эшитиб, дуони ўрганишлари учун эшиттириб айтсак бўлади.
Мусибатга учраган одамларни кўрганингизда уларнинг ҳаққига ҳам дуо қиламиз. Аммо айни пайтда Аллоҳ таоло уларга етган мусибатдан сизни сақлаганини тушуниб, беихтиёр «Сенга етган балодан мени сақлаган, мени яратган нарсаларининг кўпидан афзал қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» деб юборасиз.
Бу набавий сўзлар мўмина қизларнинг руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки бу сўзларни айтганингизда сизни сийлаган, кўпгина мусибатлардан сақлаган Аллоҳнинг марҳаматини янада чуқурроқ ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло бу балодан сизни сақлабди. Шунинг ўзи буюк неъмат эмасми? Шуни англаб етсангиз, муаммоларингиз қанчалик кўп бўлса ҳам, ҳаётингизда қанчалик катта тўсиқларга дуч келган бўлсангиз ҳам, бахт-саодатнинг, розиликнинг таъмини ҳис қиласиз. Бу дуони қилаётганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «кейинги ҳаётида ана шу балодан сақланади» деган ваъдаларига тўлиқ ишонинг.
Таъкидлаб айтаманки, бу дуони қилаётганингизда мусибат эгасини асло масхара қилманг! Шунда ҳаётингизнинг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳнинг марҳамати билан лиммо-лим эканини кўрасиз.
Динида, хулқида мусибатга учраб, гуноҳ қилиб юрган одам мана шу дуоларни такрорлаб юрса, ўз-ўзидан ўша гуноҳни ёмон кўриб, бу каби ишлардан тийиладиган, қайтиб бу кўйга тушмасликни истайдиган бўлиб қолади. Офатга учраган одамни кўрганда унинг ҳаққига дуо қиладиган, ўзига бу офат етмагани учун шукр қиладиган бўлиб қолади.
Мусибат қанчалик оғир бўлмасин, бу мусибат мўминлар учун марҳамат ҳисобланади, чунки мусибатга учраган одам сабр қилса, кўплаб гуноҳлари кечириб юборилади.
Шу билан бирга, юқоридаги ҳадисда бировга мусибат етганини кўрган кишилар учун эслатма бор. Орамизда мусибат етганлар бўлиши, сизу биз билан бирга яшаши – қалбимиздаги дардлар учун шифодир. Масалан, бир одам камбағал, дейлик. У бошқа бир одамнинг оғир касал бўлиб қолганини, лекин камбағал бўлгани учун даволанишга пул топа олмаётганини кўрса, ўзи камбағал бўлса ҳам, тани-жони соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳ таолога ҳамдлар айтади. Ёки бир қизнинг ҳамма дугоналари эрта-эрта турмушга чиқиб кетиб, ўзига эса ҳамон совчи келмаётганидан маҳзун бўлиб юрибди, дейлик. Ўша турмушга эрта чиққан дугоналаридан бири эридан кўп зулм кўриб, оиласи бузилиб, бир неча ойдан кейин уйига қайтганини кўрса, ўзининг бошига шундай ташвиш тушмагани учун, «ажрашган» деган ном орттириб олмагани учун Аллоҳга ҳамд айтади. Ажрашганидан куйиниб юрган бошқа бир аёл эса эридан ажраб, зино қилиб юрганларни кўрганида ўзининг бундай ҳаром йўлга кириб кетмагани учун шукр қилади. Бундай воқеалар – кўрадиган кўзи, фикрлайдиган ақли, ҳис қиладиган қалби бор инсонлар учун эслатмалар, ибратлар занжиридир.
Ҳаётда шундайлар борки, мусибатга учраганларнинг олдидан ўтади, лекин парво ҳам қилмайди. Улар ўзи билан овора, фақат ўзи ҳақида қайғуради, холос. Яна баъзилар бор, афсуски, мусибатга учраганларни масхара қилишгача боради. Бир кун келиб, ўзи ҳам унинг ўрнида бўлиб қолиши мумкинлиги хаёлига ҳам келмайди. Ақлли одам эса мусибатзадаларга раҳм-шафқат назари билан қарайди, бундай мусибат ўзининг бошига тушмагани, Аллоҳ таоло уни сақлагани учун Роббига ҳамд айтади, Аллоҳ уни бошқа кўплаб махлуқларидан устун қилганини ҳис қилади.
Бир олим айтади: «Бой-бадавлат одамларга қараб, ўзимни маҳрумдек, бечорадек ҳис қилсам, касалхонага бориб, у ерда бошига турли мусибат тушган одамларни, оғир беморларни кўраман-да, ҳаётимдан мамнун бўлиб қайтаман. Шундай пайтларда отамнинг ҳаққига раҳмат-мағфират сўраб, дуолар қиламан, чунки менга бундай қилишни отам ўргатган. Отам доим бундай дер эди: «Қачон ўзингни бечора ҳис қилсанг, дунё матоҳларидан бирор нарсага эга бўлмаганинг учун маҳзун бўлсанг, Аллоҳнинг сенга берган неъматини ҳис қилиш учун касалхонага боргин».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти