Савол: Биринчи ракат тугаб, саждадан иккинчи ракатга тураётганда бир-икки сония ўтириб, кейин туриш суннат деб эшитдим. Бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Буни фиқҳий китобларимизда "Жалсаи истироҳа" яъни, "ором олиб ўтириш" деб номланади. Бундан биринчи ва учинчи ракатлар охирида саждадан кейин қиёмга туришдан олдин бир оз ўтириб олиш тушунилади ва бу амал ҳанафий мазҳабида макруҳ амал саналади ("Ал-Лубоб шарҳул китоб").
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозда бевосита қадамларининг олд қисмига таянган ҳоллларида (яъни, ерга суянмай ва ўтирмаган ҳолда) туришлари ривоят қилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Савол: Масжидимизда тут, олма каби мевали дарахтлар бор. Улар пишган пайтда, намозга келганлар улардан олиб ейишади. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Масжид ҳовлисидаги мевали дарахтлар вақф қилувчи ёки дарахт эккан шахс томонидан одамларнинг умумий фойдаланиши учун экилган бўлса, одамлар бу дарахтларнинг мевасини ейишлари мумкин. Аммо агар бу дарахтлар масжид даромади учун экилган бўлса, яъни эккан одам “шу дарахтнинг мевалари мана шу масжид учун даромад бўлсин” деган мақсадда эккан бўлса, ёки нима ниятда эккани маълум бўлмаса, бу ҳолатда уларни сотиб, пулини масжид эҳтиёжларига сарфлаш зарур бўлади. Шунинг учун, бу турдаги дарахтларнинг меваларини пулини тўламай ейиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.