Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Асокир Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Масжид томон юрдим. Сарпо кийиб олган бир қурайшлик одамни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, бир оз юрганимдан кейин яна бир сарпо кийиб олган қурайшлик одамни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, бир оз юрганимдан кейин пастроқ сифатли сарпо кийиб олган ансорий одамни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
У (Муҳаммад ибн Маслама) масжидга кириб, баланд овоз билан такбир айтди ва:
«Аллоҳу акбар! Аллоҳ ва Унинг Расули рост айтди! Аллоҳу акбар! Аллоҳ ва Унинг Расули рост айтди!» деди.
Умар розияллоҳу анҳу унинг овозини эшитди ва унга «Олдимга кел», деб одам юборди. У икки ракъат намоз ўқиб олиб, кейин боришини айтди. Умар воситачини яна қайтариб юбориб, «Келишингни азм қилдим», деди.
У келганда Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу: «Мен ҳам ўзимча икки ракат намоз ўқимасдан туриб, унинг олдига бормасликка азм қилдим», деди. Бас, Умар розияллоҳу анҳу келиб, унинг ёнига ўтирди. Намозини ўқиб бўлганидан кейин унга:
«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозгоҳларида овозингни кўтариб, такбир айтганингнинг ва «Аллоҳ ва Унинг Расули рост айтди!» деганингнинг хабарини айт. Бу нима?» деди.
«Эй мўминларнинг амири, масжид томон юрдим. Йўлимда сарпо кийиб олган қурайшлик Фалон ибн Фалонни учратдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, бир оз юрганимдан кейин сарпо кийиб олган қурайшлик Фалон ибн Фалонни учратдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Ундан ўтиб, икки сарподан пастроқ сифатли сарпо кийиб олган Фалон ибн Фалон ансорийни кўрдим ва:
«Буни сенга ким кийгизди?» дедим.
«Мўминларнинг амири», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизлар мендан кейин бировни бировдан устун кўришни кўрасизлар», деганлар. Ўша нарса сенинг қўлинг-ла бўлишини хоҳламадим, эй мўминларнинг амири!» деди.
Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб юборди ва «Астағфируллоҳ! Энди қайтармайман», деди. Ўша кундан кейин бирорта қурайшликни бирорта ансорийдан афзал кўрмади».
Муҳаммад ибн Маслама ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг энг ишончли тафтишчилари эди. У киши Муҳаммад ибн Масламани энг нозик ишларни, хусусан, амирлар устидан тушган аризаларни тафтиш қилиш учун юборар эдилар. Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу эса бундай ишларни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кутганларидан ҳам аъло даражада адо этиб келар эди.
Бу сафар ушбу дақиқ тафтишчининг панжасига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари тушиб қолдилар. Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ўз виждони амрига биноан тафтиш юритди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари томон юриб бораётиб, йўлда одатдагидан бошқача кийимлар кийиб олган кишиларни кўрдилар. Улардан кийимлари ҳақида сўраб билдилар.
Шу билан бирга, унинг тафтишчилик қобилияти ўз-ўзидан ишга тушиб, бировнинг, ҳатто адолати ила тилларда достон бўлган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳам хаёлларига келмаган нозик нарсаларни илғаб олдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларига яқин бўлган муҳожирларга ансорийларга қараганда яхшироқ, сифатлироқ кийимлар совға қилган эдилар. Албатта, совға бермоқчи бўлган одам кимга нимани хоҳласа, ўшани беради. Аммо раҳбарнинг, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг жамият мулкидан бўлган нарсаларни бу хилда ҳадя қилишга ҳақлари йўқ эди. Шунинг учун Муҳаммад ибн Маслама масжидга кириши билан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан адолатсизлик содир бўлганини, унга билдирадиган даражада баланд овоз билан айтиб, дод солди.
Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳунинг кимлигини ҳеч ким билмаса ҳам, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу яхши билар эдилар. Шунинг учун у киши ўзларини қўйишга жой топа олмай қолдилар. Муҳаммад ибн Масламанинг нимадан норози эканлигини тезроқ билишга шошилиб қолдилар ва уни ҳузурларига чорлаб, одам юбордилар.
Лекин Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ҳам анойилардан эмас эди. Халифага хушомад эмас, тафтишчилик қилмоқчи эди. Шунинг учун халифа икки марта одам юборса ҳам бормай, намозини ўқийверди. Бу эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ташвишларини яна ҳам оширди. Энди у киши Муҳаммад ибн Масламани чақириш у ёқда турсин, унинг намоз ўқиётган жойига ўзлари келиб олдилар ва намоз ўқиб бўлишини кута бошладилар.
Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳунинг аччиқ танқидларидан кейин дунёдаги энг кучли жамиятнинг раҳбари, забардаст халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз хатоларини тан олиб, дарҳол тавба қилдилар. Шу билан бирга, ўша хатони қайта такрорламасликка ваъда бердилар ва ваъдаларининг устидан чиқдилар.
Бундай ишни қилиш учун масъул киши иймонли, ихлосли бўлиши керак эди.
Бундай ишни қилиши учун масъул киши Аллоҳ таолодан қўрқадиган бўлиши керак эди.
Бундай ишни қилиши учун масъул киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлиши керак эди!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди