Мен уйланган эдим. Аёлим паст бўйли, нимжон қоматли ва менга нисбатан кичик жуссали эди.
Мен эса Аллоҳни инояти ила спортчиларга хос қоматга эга, мушакларим бақувват ва салобатли эдим.
Хотинимнинг бўйи пастлиги учун мен унга кўп маротаба ҳазил-мазаҳ қилиб жиғига тегар, унинг устидан кулар эдим. Масалан, баъзан бирор нарсанинг ортига яшириниб олиб, у келганда қўққисдан олдида пайдо бўлиб қўрқитар эдим. Баъзан эса, унинг кундалик хотираларини қайд этиб борадиган дафтарини олиб, бўйи етмайдиган жойга қўйиб қўяр эдим ва бўйи пастлиги учун ололмай қийналаётганини кўриб ҳузурланиб кулар эдим.
Гоҳида телевизор кўраётганида, гоҳида эса, кечки овқатни тайёрлаётганида уни ҳар хил усулларда безовта қилиб ҳазил-мазаҳ қилар эдим.
Мен ҳазиллашиб уни безовта қилишни жуда яхши кўрар эдим, чунки унинг мендан қасос олишга урингани, лекин бунга кучи етмаганини кўриш ҳам менга завқ бағишлар эди.
Аввал бошида хотиним бундан ёқимли кайфият олганини кўрар эдим. Лекин вақт ўтиши билан у менинг болаларча қилиқларимдан безиб қолаётганини сеза бошладим.
Бир куни ишга бориш учун уйқудан эрта турдим. Қарасам, у нонушта тайёрлаётган экан. Ҳар доимгидек, уни ҳазиллашиб қўрқитдим. Шунда у қаттиқ қўрқув билан:
— Бу гал кечқурун уйга қайтганингизда, мени топа олмайсиз, — деди.
Мен уни ҳазиллашаяпти деб ўйладим, чунки ҳар сафар уни қўрқитганимда у шунақа таҳдид қилар эди.
Бироқ кечқурун уйга қайтиб келганимда, у йўқ эди. Уни чақирдим, у жавоб бермади. Яна ва яна чақирдим, аммо у ҳеч нарса демади.
Ҳамма ерни қидириб чиқдим, лекин уни топа олмадим. Охири ошхонага кириб, бир қоғозга кўзим тушди. Унда:
— Ўзингизни асранг, мен энди қайтмайман, — деган ёзувни кўрдим.
Шунда оёқларим бўшашиб, боса олмай қолдим. Бутун бошли танам қувватсизланиб, ўтириб қолдим, ўзимни ҳудди устимдан муздек сув қуйгандек ҳис қилдим.
Ўша пайтда мен дунёдаги энг заиф инсонлардан бирига айландим.
Ўша кичиккина жуссали, нозиккина хотиним менинг асосий қувват манбаим бўлганлигини, усиз мен ҳеч ким эмас эканлигимни англадим.
Деворга суянганча ўтириб, ҳудди онасини йўқотган гўдак боладай йиғладим...
Бир пайт овқатланиш столи остида қандайдир нарса қимирлаётганини кўриб қолдим ва ўша ердан паст овоздаги кулги эшитилди.
Ҳа, у эди! У ўша ерга яшириниб олган экан.
Шунда мен унга ўзимни отдим ва уни қаттиқ бағримга босиб қучоқлар эканман, кўзларимдан шашқатор ёш оқар эди.
У эса мени қўрқитишни уддалай олганидан қувониб ўзини кулишдан тия олмас эди.
Шундай қилиб, ўғрини қароқчи урди деганларидек, ўзимнинг ҳийлам ўзимга қарши ишлади. Шундагина тушундимки, ўша кучсизгина аёлимсиз мен дунёдаги энг заиф инсон эканман.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Эр-хотин тез-тез уришиб қолаверди. Шунда аёли эрига:
– Дадаси, қўшниларимиз бирор марта уришганини эшитмадим. Биз эса тез-тез жанжаллашиб қоляпмиз. Қарши бўлмасангиз, қўшни аёлдан бунинг сирини билиб келаман, – деди.
Эри рози бўлди. Аёл қўшни аёл билан суҳбатлашгани чиқиб, ундан оилада осойишталикни сақлаш сири ҳақида сўради.
Бу пайтда қўшни аёл ошхонада овқат қилаётган, унинг эри эса столда бир нималарни ёзиб ўтирганди. Шунда бирдан телефон жиринглади. Эри телефон олдига борар экан, бехос стол устида турган вазани туртиб юборди. Ваза ерга тушиб, синди. Бу ҳолни кўрган аёли дарров келиб вазани синиқларини тера бошлади. Эри аёлига айбдорона қараб, узр сўради. Аёли эса: “Аслида мен сиздан узр сўрайман. Чунки вазани стол устига – ноқулай жойга қўйган эканман”, деди.
Бу ҳолни кузатган қўшни аёл уйига қайтиб келди ва нималар кўрганини айтиб берди. Сўзи якунида: “Оддий бир ишда улар иккаласи ҳам ўзини айбдор ҳисобларкан. Биз эса ҳар ишда ўзимизни ҳақ, деймиз. Жанжалимиз сабаби шундан экан”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман» (Имом Абу Довуд ривояти).
Мана, осойишталик сири нимада экан!
Акбаршоҳ Расулов