Вафот этишингиз билан дастлаб номингиз одамлар ёдидан кўтарилади. Ғассол келса: “Майит қаерда” – дейди. Мансабингизни ҳам, насабингизни ҳам ва ҳатто исмингизни ҳам сўрамайди. Жанозангизни ўқишдан олдин Имом: “Марҳумнинг ёши неччида эди?” – дейди. Мансабингиз ҳам, насабингиз ҳам ва ҳатто номингиз ҳам зикр қилинмайди. Кейин: “Тобутни кўтаринглар!” – дейилади. Бунда ҳам на мансабингиз, на насабингиз ва на номингиз эсланади. Ҳаётда тез унутиласиз, шунчаки хотирага айланасиз. Эсингиздан чиқарманг, ҳамма нарса ўткинчи сиздан фақат яхшилик қолади халос..!
Хулоса шуки, бугун сизу бизга АЛЛОҲ томонидан умр берилди. Бугун янги тонг отди. Сиз уйғондингиз, бунинг учун АЛЛОҲга ҳамд айтишни унутманг. Дунёнинг қайсидир бурчагида қанчадан-қанча одам бугун уйғонмади.
Аввало, ёнингизда бўлишса, ота-онангизнинг ҳолларидан хабар олинг, ёнингизда бўлишмаса телефон орқали авҳол сўранг. Ҳар куни кўчага чиқишингиздан аввал АЛЛОҲ номини зикр қилинг, ҳамд айтиб, ота-онангизни дуоларини олинг. АЛЛОҲ касбингизга молингизга ризқингизга, албатта, барака беради, иншааллоҳ. Агар бу оламдан ўтган бўлсалар ҳақларига кўп-кўп дуолар қилинг. Шунда ҳам уларнинг ҳақларини адо эта олмайсиз.
АЛЛОҲ берган ва бераётган барча неъматларни қадрига етайлик!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Савол: Масжидимизда тут, олма каби мевали дарахтлар бор. Улар пишган пайтда, намозга келганлар улардан олиб ейишади. Шу иш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Масжид ҳовлисидаги мевали дарахтлар вақф қилувчи ёки дарахт эккан шахс томонидан одамларнинг умумий фойдаланиши учун экилган бўлса, одамлар бу дарахтларнинг мевасини ейишлари мумкин. Аммо агар бу дарахтлар масжид даромади учун экилган бўлса, яъни эккан одам “шу дарахтнинг мевалари мана шу масжид учун даромад бўлсин” деган мақсадда эккан бўлса, ёки нима ниятда эккани маълум бўлмаса, бу ҳолатда уларни сотиб, пулини масжид эҳтиёжларига сарфлаш зарур бўлади. Шунинг учун, бу турдаги дарахтларнинг меваларини пулини тўламай ейиш жоиз бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.