"Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!"
Мадина! Сенга йиллар талпингандик, соғингандик, сени ҳажрингдан кўз ёшларимизни тўккандик. Сени севмаган мўмин борми дунёда, сенга интилмаган муслим борми дунёда.
Сени гоҳо тушларимизда кўрардик, бу тушлардан ҳеч-ҳеч уйғонгимиз келмасди, сени нега яхши кўрамиз, сени нега юракдан севамиз!?
Чунки сенда энг яхши кўрганимиз, суюклигимиз, соғинганимиз, сени шарафлантирган Расулуллоҳ алайҳиссалом борлар!
Чунки сенда биз дунёга келмасимиздан туриб бизни соғинган, бизни яхши кўрган Зот бордир.
Чунки сенда, охирга нафасларида ҳам "умматим, умматим" дея ғариб умматларини ҳолидан ташвишланган Зот бордир.
Яна сенда, агар Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган бўлсалар мен ҳаммасига ишондим дея Сиддиқ мақомини топган Зот бордир, Расулуллоҳ алайҳиссаломни амакиси иймонга келишини яхши кўрган, Расулуллоҳ сут ичганларида чанқоғи босилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу бордир.
Яна сенда, юрган кўчасидан шайтон қочган, сўзларини Қуръон тасдиқлаган, "Умар хато гапирди" дея олган Амирул мўминийн бордир.
Яна сенда фаришталар ҳаё қилган Зуннурайн Ҳазрати Усмон, вафоти Расулуллоҳни кўзларини ёшлатган ўғли Иброҳим, қизлари Умму Кулсум, Руқайя, Фотима, Азвожу мутоҳҳарот оналаримизни ва яна ўн минга яқин саҳобани бағрига олган Жаннатул Бақеъ бордир.
Бизни яхши кўрадиган, биз уни яхши кўрадиган, Саййиди шуҳада Ҳазрати Ҳамзани бағрига олган Уҳуд тоғи бордир.
Яна сенда, тақво асосида барпо қилинган, унда ўқилган икки ракаат намозга умрани савоби бериладиган Масжидил Қубо бордир.
Сендаги фазилатларни санасам тугамайди. Сенда саҳобаларни излари бордир, Расулимизни ҳидлари бордир.
Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ошиқ маҳбубига етганидек сени висолингга етдик, суюклигимиз живорига келдик, яхши кўрганларимиз бўйларига тўйдик.
Сендан ҳеч кетгим келмайди, Мадина!
Чунки, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Мадинада вафот эта олса, унда вафот этсин. Чунки, унда вафот этган кишини шафоат қиламан” дедилар” (Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривояти).
Мадина! Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!
ТИИ “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам Юсупов
Абу Усмон Наҳдийдан, у эса Ҳанзала Усайдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Ҳанзала Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёзувчилари (котиблари)дан бири эди, бундай дейди: Абу Бакр розияллоҳу анҳу менга йўлиқиб қолдилар ва: — Эй Ҳанзала, аҳволинг қандай? — деб сўрадилар.
Мен у кишига жавобан: — Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди! - дедим. Абу Бакр ҳайрон бўлиб: — Субҳаналлоҳ! Бу нима деганинг? — дедилар.
Мен: — Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда, у зот бизга дўзах ва жаннат ҳақида зикр қилиб, эслатадилар. Шундайки, биз уларни худди кўз билан кўраётгандек ҳис қиламиз. Лекин, у зотнинг ҳузурларидан чиқиб, аёлимиз, болаларимиз ва тирикчилигимиз билан машғул бўлсак, кўп нарсаларни унута бошлаймиз, - дедим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу: — Аллоҳга қасамки, биз ҳам худди шундай ҳолатни бошдан кечирамиз! - дедилар. Шунда мен ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик.
Мен: — Ё Аллоҳнинг Расули, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди! - дедим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Бу нима деганинг? - деб сўрадилар.
Мен: — Ё Аллоҳнинг Расули, биз сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда, сиз бизга дўзах ва жаннат ҳақида эслатасиз, шу даражадаки, биз уларни худди кўзимиз билан кўраётгандек ҳис қиламиз. Лекин сизнинг ҳузурингиздан чиқиб, аёлимиз, болаларимиз ва тирикчилик ишлари билан машғул бўлсак, кўп нарсаларни унута бошлаймиз, дедим.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: — Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар менинг ҳузуримда бўлганингиздек ҳолатингизни узлуксиз давом эттирадиган бўлсангиз, фаришталар ётоқларингизда ва йўлларингизда сизлар билан кўришиб, саломлашиб юрар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, (ҳар нарсанинг) ўзига яраша вақти бор (Бу сўзни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта такрорладилар) (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдан олинадиган хулоса:
Одамнинг баъзи вақтларда Аллоҳнинг зикри ва ибодат билан машғул бўлиши, баъзи вақтларда эса ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаши табиий ҳолдир. Бу унинг мунофиқлигига далолат қилмайди. Шунинг учун, ушбу ҳадисдан нотўғри хулоса чиқариб, уни гуноҳларга йўл бериш баҳонасига айлантириш мумкин эмас.
Ҳадисдаги маъно шундан иборатки, мусулмон киши ибодат қилиши билан бирга, вақти-вақти билан танасига ҳордиқ бериши ва ҳалол нарсалардан баҳраманд бўлиш ҳуқуқини ҳам адо этиши керак.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ