Бирор марта ўзингизга шу саволни бериб кўрганмисиз?
Иблис Одамга сажда қилишдан бош тортганида ҳали шайтон йўқ эдику, унга ким васваса қилди?
Бу барчамиз учун жуда жиддий ва ўта муҳим саволдир...
Шайтон Аллоҳга осий бўлганида, унинг шайтони ким эди?
Ушбу сатрларни ўқинг — бизнинг ҳақиқий шайтонимиз ким эканлигини биласиз!
"Нафс" сўзи ниҳоятда муҳим маънони англатади ва у Қуръони каримда жуда кўп оятларда зикр қилинган.
Аллоҳ таоло "Қоф" сурасида бундай дейди:
"Биз инсонни яратдик ва унинг нафси нимани васваса қилаётганини ҳам биламиз. Биз унга йўғон томиридан ҳам яқинроқмиз" (Қоф, 16).
Биз Аллоҳга имон келтирганмиз, Уни зикр қиламиз, масжидда намоз ўқиймиз, Қуръон ўқиймиз, садақа қиламиз ва ҳоказо...
Шунга қарамай, гуноҳлардан ҳоли бўла олмаймиз. Нега?
Сабаби шундаки, биз ҳақиқий душманни қўйиб, заиф ва ожиз душманга қарши борамиз. Аллоҳ таоло бундай дейди:
"Дарҳақиқат, шайтоннинг макри заифдир" (Нисо, 76).
Ҳақиқий душман бу — нафсдир. Ҳа, нафс инсоннинг ичидаги соатли мина, яширин хавфдир.
Аллоҳ таоло "Исро" сурасида бундай дейди:
"Китобингни ўқиб чиқ. Бугун нафсинг сенга ҳисобчи бўлиши етарлидир" (Исро, 14).
Яна Аллоҳ таоло "Ғофир" сурасида бундай дейди:
"Бугун ҳар бир нафс қилган амалларига яраша мукофотланади. Зулм қилинмайди" (Ғофир, 17).
"Муддассир" сурасида:
"Ҳар бир нафс қилган ишининг гаровидир" (Муддассир, 38).
"Нозиат" сурасида:
"Ким Роббининг мартабасидан қўрқиб, нафсини ҳавойи истаклардан тийса..." (Нозиат, 40).
"Таквир" сурасида:
"Ҳар бир нафс қилган амалларини билиб олар" (Таквир, 14).
Кўриб турганингиздек, бу оятларда асосан "нафс" ҳақида сўз кетмоқда. Шундай экан, нафс нима ўзи?
Олимлар бундай дейди: илгари Аллоҳдан бошқа илоҳ сифатида сиғинилган бутлар — Лот, Уззо, Манот, Сувоъ, Вадд, Яғус, Яъуқ ва Наср — барчаси йўқ қилинди. Аммо бир сохта илоҳ борки, уни одамлар ҳануз ҳам Аллоҳдан ўзгача севиб, унга бўйсунади. Бу илоҳ — нафс ҳавосидир. Аллоҳ таоло айтади: "Ўз нафсини илоҳ қилиб олган кимсани кўрмадингизми?" (Жосия, 23).
Нафс ҳавоси инсонни ўз қўлига олса, у на бирор қонунга бўйсунади, на бир диний таълимотга. Шундан уни ўзи истаган нарсасиини қилиб юрганини кўрасиз.
Имом Бусирий ўз қасидасида бундай дейди:
"Нафс ва шайтонга қарши чиқ ва у иккисига итоат қилма".
Қобил Ҳобилни ўлдиргани ҳақида ҳикоя қилар экан, Аллоҳ таоло айтади:
"Унинг нафси уни ўз акаси Ҳобилни ўлдиришга ундади..." (Моида, 30).
Бирор одам гуноҳга қўл урса ва кейин афсусланиб тавба қилса, ундан:
— Нима сени бу гуноҳга бошлади? деб сўрасангиз, у: "Нафсимнинг гапига кирдим", деб айтади.
Хулоса шуки, нафсимиз бизнинг энг катта душманимиз ва биз уни доимо таъқиб қилишимиз лозимдир.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳнинг илм ва фазллари машҳур бўлаётган ва шуҳрат қозонаётган эди. У киши ўзларининг воқеаларини қуйидагича сўзлаб берадилар: «Мен «Сийратун-Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобини олти жилд қилиб тамомладим. «Муҳтарам Зотнинг сийратларидаги бирор жилва ёки кўриниш менинг ҳаётимда ҳам бўлганми ёки йўқ? Агар бўлмаган бўлса, у ҳолда қандай бўлади?» деган ўй қайта-қайта қалбимда тинчлик бермас эди. Шу мақсад учун Аллоҳнинг бирор валийсини қидирдим.
Тҳана Бҳавандаги хонақоҳда яшайдиган ва Аллоҳ таоло файзларини таратиб қўйган Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий ҳазратлари ҳақида эшитган эдим. Шундай қилиб, бир куни Тҳана Бҳаванга боришни ният қилдим ва сафарга чиқдим. Бориб, ҳазрат билан кўришдим ва бир неча кун у ерда турдим. Ортга қайтаётганимда ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳга: «Ҳазрат! Бирор насиҳат қилинг», дедим. У зотнинг хаёлларига ўша пайт: «Шундай катта алломага нима насиҳат қиламан? Илм ва фазли бутун дунёга машҳур бўлса», деган ўй келибди. Кейин: «Эй Аллоҳ! Қалбимга унинг учун ҳам фойдали бўлган ва менинг учун ҳам фойдали бўлган нарсани сол», деб дуо қилибди. Шундан кейин ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳга хитоб қилиб: «Эй биродар! Бизнинг йўлимизда бошидан охиригача ўзингизни хокисор тутишингиз керак», дебдилар.
Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзларни айтаётганларида қўлларини кўксиларига олиб бориб, паст тарафига бир зарба бердилар, зарба худди менинг қалбимга тушгандек бўлди».
Ҳазратимиз Доктор Абдулҳай раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Бу воқеадан кейин Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини шундай хокисор тутдиларки, унинг мисли топилиши қийин эди. Бир куни қарасам, хонақоҳнинг ташқарисида ҳазрат Саййид Сулаймон Надавий раҳматуллоҳи алайҳ мажлисга келганларнинг оёқ кийимларини тартиблаётган эканлар. Шундай тавозеъ ва муҳаббатни Аллоҳ таоло у кишининг қалбида пайдо қилди ва кейин юксак даражаларга кўтариб қўйди».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан