Одамларга аслий ҳолатингиздан-да гўзал муомалада бўлинг. Зеро, зулм умрни қисқартиради. Биз атрофимиздагиларга зулм қилиб, ҳақларига риоя қилмаганимиз учун ҳам уларни йўқотамиз. Ўз ҳисоб-китобларимизни уларнинг камчиликлари устига қурамиз, лекин улардаги олийжаноб фазилатларни унутамиз. Уларни батамом айбсиз бўлишларига талабгормиз, шунингдек, “одам боласи хатодан холи бўлмайди” деган гапни далил қилиб ўзимизни оқлаймиз.
Мабодо одамлар сизни тошбўрон қилсалар ҳам, бу тошларни тўплаб, бирор-бир уйни таъмирлаш учун ишлатинг. Агар сизни гуллар билан қарши олсалар, гулдасталарни сизга таълим берган ва ночор пайтингизда қўлингиздан тутганларга улашинг.
Аввал Аллоҳга ишонинг, кейин эса ўзингизга. Айбларингизни тан олинг. Ишонинг, агар сиз ўша айбларингиздан халос бўлсангиз, орзуларингизнинг рўёбга чиқишига бир қадам қолади... Ўз хатоларингизни ёдингизда тутинг, дўстларингиз, яқин қариндош-уруғларингизни атрофингизда сақлаб қолишни истасангиз, уларнинг хатоларини эсингиздан чиқаринг. Билингки, ҳақиқий саодат киши бошқаларнинг айбини қўйиб, ўз айблари билан овора бўлишидадир.
Борди-ю, бирорта ишда муваффақиятни қўлга киритсангиз, ғурурланиб кетманг! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бу борада Нажм сурасининг 32-ояти каримасида: “...Шундай экан ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир”, дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камтарликка тарғиб қилиб: “Аллоҳ таоло менга сизларнинг камтар бўлишингизни ваҳий қилди. Тоингки, бирорта одам бошқанинг олдида фахрланмасин ҳам, зулм ҳам қилмасин”,[1] дедилар.
Йиқилганингизда “одамлар атайлаб чоҳ қазиб қўйган” деган номаъқул хаёлни миянгиздан чиқариб ташланг. Аксинча, қайта туришга ҳаракат қилинг. Қаддингизни ростлаб олсангиз-да, ўзингиз каби йиқилганларга ёрдам қўлини чўзинг, ўзларини тиклаб олишларига кўмаклашинг. Ҳаёт йўлларининг пасту баландларига, машаққатларига сабрли бўлинг, кўзингизни каттароқ очинг ва ақлингизни йиғинг.
Душманингиз устидан ғалаба қозонсангиз-да, унинг омадсизлигидан қувонманг. Киши бошига мусибат келса, ҳеч бўлмаса дуо билан ҳамдард бўлинг. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилади: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деб дуо қилардилар: “...Аллоҳ, ҳасадгўй душманни менинг мағлубиятим сабаб қувонтирма”.
Қаноат ҳамда дангасалик, иззат ҳамда ғурур ва тавозеъ билан хорлик орасини жамлай олмайсиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун тавозеъли бўлса, Аллоҳ унинг мартабасини кўтаради, охир бориб иллийиннинг энг чўққисига олиб чиқади”, дея камтар бўлишга тарғиб қилганлар.
Ўзингиз учун бир солиҳ кишини дўст тутинг ва уни асраб-авайланг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз қадрдон дўстининг динида бўлади, шундай экан ҳар бирингиз ким билан дўст тутинганига бир назар ташласин!” дедилар. Солиҳ дўстингизни майда-чуйда нарсалар билан итоб қилаверманг, унинг янглишишларига аҳамият берманг, ахир, тамоми камолот сифатига эга бўлиш фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзигагина хосдир.
Одамлар билан хусуматлашманг. Чунки беҳуда тортишувлар дўстлик арқонини узиб, руҳиятлар орасида тўсиқ пайдо қилади. Солиҳ кишиларнинг ичи тор бўлмайди, аксинча, улар кўнглини кенг қиладилар ва бошқаларнинг айбларини кўтарадилар. Одамларнинг ёмонликларини хотирангиздан ўчириб ташланг ва уларнинг яхшиликларини ёдингизда тутинг.
Сизга тааллуқли ишларда хато қилганларга ҳам бағрикенг бўлинг, уларни “бир узри бордир” дея оқлашни ўрганинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз Абу Замзамдай бўлишга кучи етмайдими?! У қачон уйидан чиқса, мен ўз обрўйимни одамларга садақа қилдим, дер эди”, деган сўзлари ҳам одамларнинг бир-бирларига айтган баъзи гаплари ёки хатолари борасида кенгфеълли бўлишга тарғибдир.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Муслим ривояти.
Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.
Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимистонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!
Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!
Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.
Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].
Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[2] Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).