Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ у тўғри ва тартибли олинмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Кейинги вақтда ҳар ким ўзига керакли маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан олган ҳолда ўзи билганича илм ўрганиш, тасдиқланмаган хулосаларга риоя қилиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Бу иллатлар эса ўз навбатида ҳақиқий билимлар қадр-қийматига путур етказиб қўймоқда. Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далилларни келтириб ўтдик.
Қуръоний далиллар
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят).
2. Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмас эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади: «(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).
Ҳадисий далиллар
3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
«Саҳиҳу Бухорий»га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни бундай изоҳлайди: «Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир». Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган.
4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили яна бир ҳадисдир: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олим қолмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўралганларида, жоҳилларга хос равишда фатво беришади. Натижада улар адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).
Яна бундай ёзади: «Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ» («Адаб ал-ихтилаф», 174-бет).
5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг «Муснади»дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: «Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир» («Фатҳул-борий»).
Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисолар
6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар («Тафсир ал-Қуртубий»).
7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: «Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради» («Жомиъу баёнил илм»; «Маъолим иршодия», 164-бет).
8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломдан илм олганлари маълум.
9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссаломнинг ёрдамчиси вазифасини бажарганлар, уларнинг хизматида бўлганлар.
Салафи солиҳларнинг сўзлари
10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Муслимнинг «Саҳиҳ» асари кириш қисми).
11. Машҳур муҳаддис Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Тақйидул илм» асарида бундай ёзади: «Кўплаб олимлар вафот этишларидан олдин ўзларининг айрим китобларини йўқ қилишди ва бошқаларга ҳам шундай қилишни буюришди. Улар бу китоблар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишидан қўрқиб шундай қилдилар».
Кейин бу ишни Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Қилоба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ кабилар қилганини айтиб ўтди (61–62 бетлар).
12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда илм мажлисида ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: «Уларнинг устози борми?» деган саволларига «йўқ» деган жавоб бўлганда: «Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар» деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет ва «Маъолим иршодия», 163-бет; «Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ», 2-жилд, 83-бет).
13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?» деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: «Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади» («Адаб ал-ихтилаф», 165-бет; «Маъолим Иршодия», 163-бет).
14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Қадим замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож» («Адаб ал-ихтилоф», 174-бет; «Маъолим иршодия», 174-бет).
15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак» («Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ», 2-жилд, 83-бет; «Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис», 259-бет).
16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат» («Адаб ал-ихтилаф», 178-бет).
Салафи солиҳларнинг тутган йўли
17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган» («Адаб ал-ихтилаф», 171-бет).
18. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) «мулозама» – қатъиятлилик ҳисобланмайди («Маолим иршодия»даги изоҳлар, 177-бет).
19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ баён қилади: «Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди» («Адаб ал-ихтилаф», 172-бет).
20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган» («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
21. Илм йўлидаги сафарлар.
Бу ерда муҳокама қилинадиган асосий жиҳат, салафларнинг илм йўлида сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир:
1). Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди («Сафоҳат мин сабрил улама», 60-бет).
2). Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйларидан узоқда ўтказдилар («Сафоҳат мин сабрил улама», 65-бет).
3). Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: «Мен 35 йилдан бери сафардаман», деганлар («Сафоҳат», 61-бет).
22. Дунё кезиб илм излаган олимлар
Толиби илмлар сафарлари чоғида бирорта олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдиришмаган.
1). Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: «Муснад»ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган («Саид ал-Касир»; «Сафаҳат мин сабрил улама», 54-бет) .
2). Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим» («Сафоҳат мин сабрил улама», 64-бет).
23. Фақат битта устоз эмас!
Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.
1). Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: «Мен 1080 устоздан ҳадис ёздим», деганлар («Ҳадю ас-сарий», 670-бет).
2). Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим» («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 921-бет).
3). Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 1032-бет).
4). Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 минг устоздан илм олган («Тазкиратул-ҳуффоз», 1-жилд, 276-бет).
5). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устози борлиги хабарларда келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий «Ал-Хайратул-ҳисон»; «Асорул-ҳадис», 176-бет).
6). Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: «У зот: «6 минг шайхдан ҳадис ёздим», дедилар («Сафоҳат»га изоҳ, 64-бет).
24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ «Адабул ихтилоф» китобида алоҳида таъкидлаб бундай ёзади: «Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди».
25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: «Овозингизни ўчиринг! Сизинг устозинг йўқ!» («Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан олинадиган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ» («Олтин қўлланма», Англия, 8-бет; «Маъолим иршодия», 160-бет ва «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
Хатоларнинг келиб чиқиш сабаби
27. Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ сингари имомлар Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар («Тақйид ал-илм», 61-бет).
28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди» («Тақйид ул-илм», 64-бет).
Бошқа ривоятда бундай дейилади: «...китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!» («Сунани Доримий», 467-ҳадис).
Эслатма! Юқорида келитирилган икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлаш ва китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганиш кераклигини тушунтиришдир.
29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: «Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади» («Адаб ал-ихтилоф», 172-бет; «Маъолим иршодия», 172-бет).
30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди» («Фатво Ҳадисия»; «Адаб ал-ихтилаф», 165-бет).
31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
32. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз: Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида ўтказилган машғулотлар» («Адаб ал-ихтилоф», 162-бет; «Маъолим Иршодия», 174-бет).
Хулоса
33. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз «фатво» ёки «мақола»ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.
Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини зиёда қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон Нурмуҳаммад
«Ҳилол» журнали 5 (62) сон
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта ва буюк вазифалари – таълим бериш бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни гўзал бир ўхшатиш ила таърифлаганлар: "Мўминлар бир-бирига ёпишган бино кабидир", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бу уммат гўёки бир иморатга кабидир. Аммо ушбу бинонинг қурувчилари ким? Уни қуриш учун ғишт қўйганлар кимлар биласизми? Албатта – устозлар.
Агар муаллим ғиштни нотўғри қўйса, касбига масъулиятсиз бўлса бино мустаҳкам бўлмаганидек, миллат ҳам пароканда бўлади, инқирозга юз тутади.
Ўқитувчининг муҳим жиҳатларидан бири бу – унинг ташқи кўринишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатлари гўзал, хушбўй ҳидли, қиёфалари чиройли эди. Аллоҳ таоло шундай яратганди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сақлашга қаттиқ интилардилар. Хушбўйлик ишлатардилар, покиза кийим киярдилар, соч-соқолларини парваришлардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини чиройли юзли ва ёқимли овозли қилган", деб айтганлар.
Нима учун чиройли юз ва овозли биласизми? Сабаби кишиларнинг қалбига йўл очиш учун бўлган.
Агар ўқитувчи ёқимсиз ҳид, ўзига бефарқ ва эскирган кийим билан дарсга келса, ўқувчилар ундан қандай қилиб сабоқ олишини тасаввур қиласизми?
Ўқитувчилар учун муҳим ахлоқ-одоблардан яна бири бу – барча ўқувчиларга бир хил муносабатда бўлишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ҳатто назарларини ҳам тенг тақсимлар эдилар. Бугун кўп ўқитувчилар бутун дарс жараёнига фақат биринчи қатордаги ёки синфнинг маълум бир томонидаги ўқувчиларга эътибор қаратади. Бу адолатсизликдир ва бундай қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
Устознинг бурчлардан яна бири бу – янги истеъдодларни очишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мерос илми бўйича энг илмлиси Зайд, ҳалол ва ҳаром масаласини энг яхши биладиганингиз Муъоз ибн Жабал, мен илм шаҳриман, Али эса унинг дарвозаси", деб айтардилар.
Иқтидорни аниқлаш ҳар бир ўқитувчининг муҳим вазифасидир. Улар эртага жамият учун кимларни тақдим этишади? Малакали шифокорними, муҳандис ёки журналист ё олимними?
Агар ўқитувчи ўз ўқувчиларининг иқтидорини эрта аниқлашга ва уларнинг қизиқишларини рағбатлантирмаса жамиятда турли тартибсизлик келиб чиқади. Соҳалар ривожланмайди, мутахассислар етишиб чиқмайди.
Таълим бериш вазифаси фақатгина мактаб ўқитувчиларига тегишли эмас. Ҳар ким ўқитувчи бўлиб, бу шарафли ва қадр-қиммати юксак мартабага эришиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшиликдан таълим берувчиларга салавот айтадилар", дедилар (Имом Термизий ривояти).
Тасаввур қилинг, агар уч-тўрт кишига бўлса ҳам яхшиликни ўргатсангиз, Ер юзидаги барча мавжудот сизнинг ҳаққингизга дуо қилади. Бундан ҳам каттароқ ажру савоб бўлмаса керак.
Таълим бериш бу умумий масъулиятдир. Бу шундай оғир масъулиятки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосарлик қилишнинг бир қисмидир.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ илмга муҳтож одамларни учратдилар, аммо қўшнилари эса уларга бепарво билан қарашарди. У зот бундан қаттиқ ғазабландилар. Масжидга бориб: "Сизларга нима бўлди-ки, қўшниларингизга таълим бермаяпсиз?" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу танбеҳни икки-уч бора такрорладилар.
Саҳобалардан баъзилари Мадина шаҳридаги бир қабила боришди. Кейин: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтимол сизни назарда тутгандирлар. Чунки сизлар илмлисиз, лекин қўшниларингиз эса илмсиз", дейишди. Улар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз бизни назарда тутган эдингизми?" деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқаларга таълим бериш масъулиятини тасдиқлаб, айтган гапларини яна такрорладилар.
Демак, кимнингдир қўшниси, дўсти ёки ҳамкасби илмсиз бўлса, унга таълим беришга эътиборсизлик қилмаслик лозим экан. Илм излаш ва уни тарқатиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда эдилар. Шунда бир аъробий келиб туяларининг жиловидан тортиб, Набий алайҳиссаломни тўхтатди. Бадавий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: "Эй Муҳаммад, менга нима фойда келтиришини ўргат" деди. Унинг қўпол муомаласидан саҳобалар розияллоҳу анҳум қаттиқ ғазабланишди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга табассум қилдилар ва: "У ҳидоят топди", дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзлари бадавийга ижобий таъсир қилди. Унинг янада илм олишга бўлган иштиёғи ортди. Шунинг учун ўқитувчилар ҳамиша ўқувчиларини яхши сўз билан рағбатлантириб туришлари лозим.
Илм бериш учун ҳар қандай фурсатдан унумли фойдаланиш керак. Аммо зинҳор уни кечиртирмаслик ва орқага сурмаслик лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта мен муаллим этиб юборилдим", деганлар.
Демак, таълим берувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсангиз Аллоҳ таолонинг ушбу оятига амал қилган бўласиз: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД