Ўз уйида яқинлари, қўшнилари, ёру-дўстлари ёки шулардан бошқа бирор кишига зиёфат бермайдиган инсон бўлмаса керак. Меҳмондорчилик одоблари муқаддас динимизда энг аҳамиятли ислом одобларидан ҳисобланади. Ва динимиз меҳмондорчиликда ҳар икки тараф учун, яъни меҳмон ва мезбон учун лозим бўладиган одобларни шариатга киритган. Меҳмон ва мезбонга зиёфат ўз самарасини бериши учун, ушбу одобларга риоя қилиш лозим бўлади. Биз аввало, мезбонга таалуқли бўладиган одоб ҳақида сўз юритамиз.
Мезбонга таалуқли бўладиган одоблардан биринчиси – яхши ният қилиш:
Ушбу одоб, зиёфат соҳибининг ўз ёру-дўстларига берган зиёфатида, уларга берган таомида ва чиройли кутиб олишлигида ажр олишни ният қилиш билан бўлади. Шунингдек, меҳмон ҳам мезбоннинг чақириғига лаббай деб, ўз дўстини зиёрат қилишда ажр олишни ният қилади. Натижада, уларнинг ҳар бири ушбу қилган амалларига ажр оладилар.
Иккинчи одоб – меҳмонни чиройли кутиб олиш:
Зиёфат соҳибига ўз меҳмонини табассум, очиқ чеҳралилик, шунингдек, хурсандчилик ва хушхабар иборалари билан кутиб олишлиги лозим бўлади. Бу эса, уларнинг қалбларини хушнуд қиладиган амаллардан ҳисобланади. Зиёфат соҳиби дўстлари ҳузурида, улар ўзларини ўз уйларидагидек ҳис қилишлари учун муносиб жой ҳозирламоқлиги хам лозим бўлади.
Зеро, Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўстингни юзига табассум қилишинг ҳам, сен учун садақадур”, деб марҳамат қилганлар.
Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳузурларига келган қавмларни чиройли кутиб олардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдул Қайс қавмига: “Марҳабо! Хафаликсиз ва надоматсиз келган қавм, хуш келибсиз!”, дер эдилар. Термизий ривояти.
Шунингдек, Оиша (розияллоҳу анҳо)дан қилинган ривоятда: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима (розияллоҳу анҳо)га “Марҳабо! Хуш келибсиз! қизалоғим” деб марҳамат қилганлар. Бухорий ва Муслим ривояти.
Учинчи одоб – меҳмонни муносиб ўринга ўтқизиш:
Бу эса, хонадон соҳиби ўз меҳмонларини муносиб бир маконга ўтқазишлиги меҳмондорчиликнинг ҳурматидир. Ана шунда, улар мажлисда хотиржам ўтирадилар. Ўша жой мезбоннинг аҳли байтларини очиқ кўрсатиб турадиган макон бўлмаслиги ёки у ер меҳмонга нохуш ҳидлар келадиган ва шунга ўхшаш ноқулайлик келтирадиган жой бўлмаслиги керак. Ва ҳоказо, уларни ифлослик бўлган маконга ёки нолойиқ бир шаклдаги маконга ўтқазмаслик лозим бўлади. бу эса, меҳмондорчиликнинг ҳурмати эмас, албатта.
Тўртинчи одоб – зиёфатнинг мажбуриятларига риоя қилиш ва меҳмонни ҳурмат қилиш:
Хонадон соҳибига меҳмоннинг ҳаққини ўз ўрнига қўйишлиги лозим бўлади. Масалан, ичимлик, егулик ва шунга ўхшаш нарсалар ила бўлади. Ва ана шу нарсаларни кечиктирмаслиги ёки секин ҳаракат қилиб, меҳмонни қайтиб кетишликка ўйлантириб қўймаслиги лозим бўлади. Қуръони карим мана шу нарсаларни бизларга ўргатади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида баён қилиб, Ўзининг сўзида;
“24. (Эй Муҳаммад), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? 25. Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку?», деди. 26-27. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?» деди. ”, деган.
“Зарият сурасининг 24-27-оятлари ”
Бу ерда маълум бўлишича, Иброҳим алайҳиссалом меҳмонларни огоҳлантирмасдан махфийгина бориб, уларга лойиқ таомни тайёрлаб, тезда уни улар ўтирган жойга келтирдилар. Бу эса, меҳмоннинг ҳақларидан ҳисобланади. Меҳмонни ҳурмат қилишлик, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган вожиб ишлардандир. Динимизда унга иймоннинг аломатларидан деб, эътибор берилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин”, деб марҳамат қилганлар. Бухорий ва Муслим ривояти.
Бешинчи одоб – меҳмони учун ортиқча машаққатни ўз зиммасига олмаслик:
Хонадон соҳибига меҳмонларга тоқатидан ортиғини қилмаслиги ёки меҳмонини ҳурмати учун кўп нарсаларни ўзига юклаб олмаслиги керак. Балки, уларни ҳурмат қилиш билан бирга уларга ўзида бор нарсаларни имконият чегарасида тақдим қилиши лозим бўлади. Чунки, Иброҳим алайҳиссалом ҳам ўз меҳмонларига семиз бузоқни сўйдилар ва пишириб, уларнинг олдиларига қўйдилар. У зот ўзларида бор энг яхши нарсани келтирдилар.
Олтинчи одоб – меҳмоннинг ҳаққини бериш:
Меҳмон бўлиш суннатга кўра бир кеча кундуз, меҳмон кутиш уч кеча кундуз бўлиши жоиз бўлади. Ундан ортиқ бўлиши мажбурий эмас. Аммо, ундан ортиқ бўлиши мезбонга садақа бўлиб ёзилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмонни ҳам, мезбонни ҳам ҳаққини жорий қилиб, Абдуллоҳ ибн Амрга; “Албатта, меҳмондорчилигингни сенинг зиммангда ҳақлари бор” деб, марҳамат қилдилар.
Яъни, меҳмондорчилик ҳақларидан мурод – меҳмонлик ва мезбонликнинг ҳақларидир.
Абдуллоҳ ибн Амрдан қилинган ривоятда; Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Меҳмон бўлиш бир кеча кундуз, меҳмон кутиш уч кеча кундуз бўлиши жоиз бўлади. Ундан ортиқ (меҳмондорчиликни) бўлиши мажбурий эмас. Балки, ортиқ бўлиши садақа бўлиб ёзилади. То уни чиқариб юбормагунича унинг ҳузурида яшамоқлиги унга ҳалол бўлмайди” дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти.
Ибн Ҳажар: “Ибн Баттол шундай деди; “Молик розияллоҳу анҳу меҳмоннинг ҳаққи ҳақида сўралганда, у зот: “Уни бир кеча кундуз икром қилади ва унга туҳфа беради ва уч кун зиёфат қилади.” дедилар.”
Мен: “Биринчи кундан ташқари уч кун ҳисобланадими ёки ундан ҳисобланадими?”, дедим.
Абу Убайд жавобан: “Унга биринчи кунда яхшилик ва илтифотларни қилишлик мажбурий бўлади. Иккинчи ва учинчи кунда олдидаги ҳозир бўлган нарсаларни унга тақдим қилади, холос. Одатдагидан ташқари зиёда қилмайди. Сўнгра унга бир кеча кундуз масофага етадиган нарса беради. У мусофир бир жойдан бошқа жойга боришига етадиган нарса миқдорича бўлиб, “жийза – манзил чегараси” дейилади.” Деди.
Хаттобий шундай деган: “Яъни, агар, меҳмон келиб тушса, унга туҳфа бериш ва ўзида бор имкони етган нарсаларда бир кеча кундуз унга яхшиликни зиёда қилишдир. Кейинги бошқа икки кунда, у меҳмоннинг олдида ҳозир бўлиб турган нарсаларни унга тақдим қилади, холос. Агар учинчи кун ўтса, дарҳақиқат уни ҳаққи тугайди. Кейинги кунларда ҳам, меҳмондорчиликни давом эттирса, унга садақа қилганни савоби бўлади.” деди.” деган.)
Еттинчи одоб – хонадон соҳиби меҳмонларга айнан ўзи хизмат қилиши:
Бу эса, қуръони карим ўша Иброҳим алайҳиссалом қиссасида бизларга ўргатган одобдир. Аллоҳ таоло “Зориёт сурасининг 26-27-оятлари ”да:
"Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?» деди", деган.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссалом айнан ўзлари туриб, меҳмонларига хизмат қилганликлари баён қилинмоқда. Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам бу ҳақида ўзларининг саҳиҳ тўпламларида “Меҳмонни ҳурмат қилиш ва унинг хизматини айнан ўзи қилишлик боби” деб, алоҳида боб ажратганлар. Шубҳа йўқки, бу иш меҳмонни ҳурмат қилиш ва унинг хизматини қилишдаги энг яхши амалдир.
Саккизинчи одоб – меҳмонга у меҳмон бўлиб туриш вақтида яхшиликлар қилиш:
Ушбу одоб, меҳмонга ухлаши учун болаларнинг шовқин-суронидан панароқда бўлган тўла-тўкис муносиб бир ўрин тайёрлаб бериш, унга покиза сочиқни тақдим қилиш, унга ёстиқ тутиш, ҳаммомни унга тайёрлаб қўйиш, хушбўйликларни яқин қилиш, ўзига қараб жамолини кўриш учун кўзгуни ва яна шунга ўхшаш нарсаларни тақдим қилиш билан бўлади.
Тўққизинчи одоб – хонадон соҳиби меҳмонни бирга эшиккача кузатиб чиқиши:
Агар, меҳмон кетишликни хоҳласа, хонадон соҳибининг ўзи ҳам ҳовлининг дарвозасигача унга қўшилиб, бирга кузатиб чиқишлиги лозим бўлади. бу эса, меҳмонни улуғлаш ва уни ҳурмат қилишдир. Меҳмон кетишликка изн сўраб турганда, хонадон соҳиби ўз жойидан қимирламай ўтиравермаслиги керак. Балки, уни кузатиб, ортидан ўзи ҳам чиқади.
Абу Убайд имом Аҳмадниинг манзилларига зиёратга борганлари ҳақида: “Мен у зотнинг уйларидан туришликка изн сўраб, ўрнимдан тургандим у зот ҳам мен билан бирга турдилар”.
Шунда мен у зотга: “Эй Абу Абдуллоҳ ундай қилманг” дедим.
У зот: “Шаъбий розияллоҳу анҳу шундай деган: “Зиёрат қилиб келган кишининг зиёратининг энг сўнги ҳаққи, мезбон ҳовлининг дарвозасигача у билан бирга юриб чиқишлиги ва маркабини ушлаб туришлигидир.” Дедилар.” Деб, айтиб берганлар.”
Ўнинчи одоб – меҳмон кетишидан олдин эшикни ёпиб, кириб кетмаслик:
Меҳмонни эшик олдига кузатиб, хонадон соҳиби меҳмон маркабига миниб ёки юриб кетмагунича уйига кириб, эшигини қулфлаб олмайди. Чунки, бу кутиб туришлик меҳмонни улуғлаш, уни ҳурмат қилиш ва унга илтифот кўрсатишдир. Муслмон кишига бу одобларга беэътибор бўлишлик дуруст бўлмайди.
Маҳбуба Абдуҳалилова,
ТИИ 3-курс талабаси.
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизда маҳрнинг ўрнига «қалин», «сут пули» каби иборалар қўлланади.
Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлганлиги учун шу исмни қўллашни маъқул кўрдик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4-оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам.
Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб эрининг берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «...فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ...». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига:
«...Агар бир темир узук бўлса ҳам топ...», – деганлар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир
Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар (Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилганлар).
Агар ўн дирҳам миқдоридан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам миқдорини бериш вожиб бўлади.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади.
Саҳиҳ хилват деганда, ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
Холи жой деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.
Ҳиссий монеълик деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турганлиги кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
Шаръий монеълик деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
Табиий монеълик деганда, эр-хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, саҳиҳ хилват юзага келгандан кейин эрга маҳрни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки саҳиҳ хилватдан кейин аёл диндан чиқиб, муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр‑хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушганларидан олдин содир бўладими, кейинми, барибир.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда ҳам келин-куёв ёлғиз қолсалар, саҳиҳ хилват ҳисобланаверади.
Давоми бор...
"Бахтиёр оила" китобидан