عن أبي هريرة رضي الله عنه: عن النبي صلي الله عليه وسلم قال: مَن أنْفَقَ زَوْجَيْنِ في سَبيلِ اللَّهِ، دَعاهُ خَزَنَةُ الجَنَّةِ، كُلُّ خَزَنَةِ بابٍ: أيْ فُلُ هَلُمَّ، قالَ أبو بَكْرٍ: يا رَسولَ اللَّهِ، ذاكَ الذي لا تَوَى عليه، فقالَ النبيُّ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ: إنِّي لَأَرْجُو أنْ تَكُونَ منهمْ. رواه البخاري.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг йўлида бир жуфт (нарса) нафақа қилса, уни жаннат хозинлари чақиради. Ҳар бир эшик хозини: “Эй фалончи, кел бу ёққа”, (дейди)”, дедилар. Абу Бакр: “Ё Аллоҳнинг Расули, зое бўлмайдиган ўша экан-ку”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Сен улардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар.
Ушбу ҳадиси шарифда раҳмат пайғамбари Саййидимиз Набий алайҳиссалом биз умматни осон, аммо Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта даражаларга, ажр-мукофотга етказадиган амалга буюряптилар. Эътибор билан қараладиган бўлинса, ҳадиси шарифда айтилаётган амални ҳаммамиз ҳар куни қила олишимиз мумкин бўлган амалки, ҳеч биримиз Аллоҳ таолонинг фазл-у марҳаматидан умидимизни сўндирмасак ҳам бўлади.
Ҳадиси шарифда “бир жуфт”, дейилди. Бунда ҳар қандай нарсадан бир жуфтни тушунишган ушбу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз. Бир жуфт кийим, бир жуфт дирҳам, бир жуфт динор, бир жуфт нон, бир жуфт таом ва ҳоказо. Инсонга ёрдами тегиши мумкин бўлган, унга фойда бериши мумкин бўлган ҳар қандай нарса тушунилади. Демак, айнан қайсидир нарсанинг қандай турини инфоқ қилиш шарт эмас. Киши топганини мусулмон биродарига илиниб уни садақа қилса ҳадиси шарифда айтилаётган ваъдага етиши аниқ экан. Қаранг, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган амални ихлос билан, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амалга оширадиган бўлсак, жаннатни ҳаётимизда доим учрайдиган, ҳамма ҳам қила оладиган, оддий амал билан қўлга киритишимиз аниқ экан.
Савол туғиладики, бу амални бир маротаба қилса кифоями ёки доимий шундай амалда бардавом бўлиш керакми? Ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, бу амални бир маротаба ёки доим қилган одамга ушбу ваъда етиши мумкинлигини тушунамиз. Мана шундай амалда чин ихлос-ла, Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилиб собит бўлган одамга қиёмат куни ҳар бир Жаннат дарвозасида турган фаришталар уни эй, фалончи, бу ёққа, кел, дея чақирар экан.
Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳ йўлида икки бор инфоқ қилса-бирор нарса сарфласа (ёки маъноси: Аллоҳ йўлида икки жуфт от, туя, эшак, динор ва ҳоказо сарфласа), жаннат эшикларидан биридан чақирилади: ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, райён эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан чақирилади”. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу шунда: “Ё Аллоҳ пайғамбари, ота-онам сизга фидо бўлсин, барча эшиклардан кириш фазилати ҳам бўлармикан, бирор киши барча эшиклардан ҳам чақирилиб қоладими?” деб сўрадилар. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа. Сиз ўшалардан бўлсангиз керак”, деб жавоб бердилар.
Уламолардан Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ “Ат-Тамҳид” номли асарларида (7/184-185 бетлар) қуйидагиларни айтадилар:
“Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалардан бири шуки, Ислом тарғиб этган амалларни бажаришда ҳар ким ҳам ҳамма соҳада илғор бўлолмайди, бирида жонбозлик кўрсатса, аксар ҳолларда бошқасидан маҳрум қолиши мумкин, жуда кам ҳолатларда буларнинг барчаси бир кишида тўпланади, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ана шундай нодир кишилардан эдилар. Бу ҳадисда яна шунга далолат борки, бир нарсага кўпроқ одатланган киши ўшанга мансуб этиб қайд этилади (албатта, бу ерда фарзи айндан ташқари бўлган ибодатлар ҳақида гап кетмоқда). “Ким намоз аҳлидан бўлса”, деган сўзларига эътибор беринг, яъни, “ким намоздан кўпайтирган, кўп ўқиган бўлса” дегани. Негаки, ҳамма ҳам намоз аҳлидан экани маълум. “Ким жиҳод аҳлидан бўлса”, “ким рўза аҳлидан бўлса” деганлари ҳам шу маънода.
Имом Моликнинг Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Умарий номли зоҳид, обид кишига айтган сўзлари ҳам шунга ўхшаб кетади. Мазкур зоҳид бир куни имом Моликни кўпроқ узлатга даъват этиб, зикру намоз, амални кўпайтиришга, одамлар билан ҳадеб ўтиравермасликка чақириб хат ёзади. Имом Моликнинг унга жавоби қуйидагича бўлган эди: (Аллоҳ таоло худди ризқларни бўлиб берганидек, амалларни ҳам тақсимлаб қўйди; баъзиларга намозда ғайрат берилиб, рўзада унча берилмаган бўлса, айримлар рўзада пешқадам бўлиб, намозда бундай бўлмаган, яна бошқалар садақада жонбозлик кўрсатиб, рўзада илғор бўла олмаган, тағин бирлар жиҳодда ўрнак бўлиб, намозда ўртаҳол бўлган. Илмни ёйиб, ундан таълим бериш энг афзал эзгу амаллардан ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло менга бериб қўйганига розиман. Мен қилаётган иш сиз қилаётган амалдан қуйи бўлмаса керак, иккимиз ҳам яхшилик устидамиз, деб умид қиламан)”. Ибн Абдул Баррдан келтирилган иқтибос тугади.
Демак, ҳаётимизнинг жабҳалари турлича. Инсонлар ҳам турли хил табиат, турли хил қараш, турфа хиллик билан яратилган. Уларнинг дунё қараши, қизиқиши, бирор бир нарсага бўлган рағбати ҳам турли хил. Мана шуларни жуда яхши билган Роббимиз Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг раҳмат набийси саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тиллари билан бизга таълим бериб айтяптики, барчангиз ҳаётнинг турли хил жабҳаларидан юриб менинг розилигимни истанглар, ҳар ким ўзига муяссар қилинган амал ила менинг розилигимни топишга ҳаракат қилсин! Зеро, сизларнинг қай бирингизни қай бир амали қабул қилинишини Мендан ўзга ҳеч ким билмайди. Сизларни кўзингизга катта кўринган амални қабул қилмаслигим, сизларнинг наздингизда кичик, ҳақир кўринган амални қабул қилиб, ундан рози бўлишим ҳамда уни амалга оширган бандамни жаннатимга киритишим ҳам мумкин.
Азизлар! Динимиз барчaмизни амалга буюради. У катта бўлсин, кичик бўлсин, ҳар қандай амални ихлос, муҳаббат ва асосийси Роббимиз азза ва жалланинг розилигини истаган ҳолда амал қилишга ҳаракат қилишимиз лозимки, зеро, Аллоҳ таоло покдир, покни қабул қилади. Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ амалларда собит қилсин! Ўзининг розилигига етказсин! Бизларни набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларга қовуштирсин! Омин!
Абдуллоҳ Абдулғофир,
ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси.
Савол: Маҳалламиздаги қабристонда мевали дарахтлар бор. Уларнинг мевалари пишган пайтда, кўпчилик қатори биз ҳам кириб еб турамиз. Баъзилар бу иш жоиз эмас деб қолишди. Шунга динимизда нима дейилган?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳақида Бурҳониддин ибн Моза роҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилганлар: "Қабристондаги дарахтларнинг ҳукми иккига бўлинади:
1. Улар ер қабристонга айлантирилишидан олдин экилган бўлиши мумкин;
2. Улар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлиши мумкин. Агар дарахтлар ер қабристон қилинишидан олдин экилган бўлса, эккан одамнинг мулки бўлади. Шунинг учун, дарахтларнинг эгаси тирик бўлса, унинг розилиги билан ёки ундан сотиб олиб, кейин истеъмол қилиш жоиз бўлади. Агар дарахтларнинг эгаси улардан одамлар ейишларини мубоҳ қилган (рухсат берган) бўлса, у ҳолда сўрамасдан ейиш ҳам жоиз бўлади. Аммо эгасининг нияти маълум бўлмаса ёки эгаси вафот этган бўлса ва нима мақсадда эккани номаълум бўлса, у ҳолда улардан ейиш жоиз бўлмайди. Агар дарахтлар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлса, ушбу ҳолатда ҳам, улар эгасининг мулки ҳисобланади.
Шунга кўра, бунда ҳам эгасининг ниятига боғлиқ бўлади. Агар эгаси маълум бўлмаса ёки унинг нияти маълум бўлмаса, у ҳолда улар қабристоннинг мулки бўлгани учун, уларни сотиб, пулини қабристоннинг эҳтиёжлари ва таъмири учун ишлатилади” (“Муҳийт”).
Демак, қабристондаги меваларни ейиш ёки бошқа экинларни олиш, уларни эккан эгасининг ниятига боғлиқ бўлар экан. Агар бошқалар ейишлари ёки фойдаланишлари учун эккан бўлса, улардан ейиш жоиз бўлади. Аммо ўзи учун эккан бўлса, ёки нияти маълум бўлмаса, ёки ким эккани маълум бўлмаса, у ҳолда уларни пулга сотиб олиб ейиш ёки фойдаланиш жоиз бўлади холос.
Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзилар қабристондаги мевали дарахтларнинг томири маййитнинг қони ва нажосатидан озуқа олгани учун, уларни ейиш макруҳ деган даъволарни қилишади. Бунга жавобан уламолар ушбу даъво ўринсиз ҳисобланади. Чунки дарахтларнинг илдизлари гарчи нажосатдан озуқа олса ҳам, истиҳола (бир нарсани бутунлай бошқа нарсага айланиши) йўли билан бошқа моддага айланади ва уларнинг меваларини ейиш ҳеч бир макруҳликсиз жоиз ва ҳалол бўлади деганлар ("Аҳкомул-жаноиз"). Аммо шундай бўлсада, қабристонларга мевали дарахтларни экмаслик тавсия қилинади. Зеро, уларнинг томирлари қабрларни ўпирилишига олиб келиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.