Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди.
Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.
Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.
Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: “Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.
Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.
Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.
Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз, ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).
Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.
Абу Усмон Наҳдийдан, у эса Ҳанзала Усайдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Ҳанзала Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёзувчилари (котиблари)дан бири эди, бундай дейди: Абу Бакр розияллоҳу анҳу менга йўлиқиб қолдилар ва: — Эй Ҳанзала, аҳволинг қандай? — деб сўрадилар.
Мен у кишига жавобан: — Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди! - дедим. Абу Бакр ҳайрон бўлиб: — Субҳаналлоҳ! Бу нима деганинг? — дедилар.
Мен: — Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда, у зот бизга дўзах ва жаннат ҳақида зикр қилиб, эслатадилар. Шундайки, биз уларни худди кўз билан кўраётгандек ҳис қиламиз. Лекин, у зотнинг ҳузурларидан чиқиб, аёлимиз, болаларимиз ва тирикчилигимиз билан машғул бўлсак, кўп нарсаларни унута бошлаймиз, - дедим.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу: — Аллоҳга қасамки, биз ҳам худди шундай ҳолатни бошдан кечирамиз! - дедилар. Шунда мен ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик.
Мен: — Ё Аллоҳнинг Расули, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди! - дедим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: — Бу нима деганинг? - деб сўрадилар.
Мен: — Ё Аллоҳнинг Расули, биз сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда, сиз бизга дўзах ва жаннат ҳақида эслатасиз, шу даражадаки, биз уларни худди кўзимиз билан кўраётгандек ҳис қиламиз. Лекин сизнинг ҳузурингиздан чиқиб, аёлимиз, болаларимиз ва тирикчилик ишлари билан машғул бўлсак, кўп нарсаларни унута бошлаймиз, дедим.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: — Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар менинг ҳузуримда бўлганингиздек ҳолатингизни узлуксиз давом эттирадиган бўлсангиз, фаришталар ётоқларингизда ва йўлларингизда сизлар билан кўришиб, саломлашиб юрар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, (ҳар нарсанинг) ўзига яраша вақти бор (Бу сўзни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта такрорладилар) (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдан олинадиган хулоса:
Одамнинг баъзи вақтларда Аллоҳнинг зикри ва ибодат билан машғул бўлиши, баъзи вақтларда эса ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаши табиий ҳолдир. Бу унинг мунофиқлигига далолат қилмайди. Шунинг учун, ушбу ҳадисдан нотўғри хулоса чиқариб, уни гуноҳларга йўл бериш баҳонасига айлантириш мумкин эмас.
Ҳадисдаги маъно шундан иборатки, мусулмон киши ибодат қилиши билан бирга, вақти-вақти билан танасига ҳордиқ бериши ва ҳалол нарсалардан баҳраманд бўлиш ҳуқуқини ҳам адо этиши керак.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ