Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Ана шундай қабуллардан бири бугун, 22 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, ҳаж ва умра, оилавий масалалар, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролардан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
11 сентябрь куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров Туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, профессор Али Эрбош, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбой ҳожи Тағанули ва Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Абдулазиз қори Зокиров қатнашди.
Олий даражадаги мулоқотда муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг самимий салом ва эзгу тилакларини қардош халқ Президентига етказдилар.
Ўз навбатида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров жаноби олийлари Муфтий ҳазратларидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига самимий салом ва энг яхши тилакларини етказиб қўйишини сўради.
Ўзаро мулоқотда икки давлат ўртасидаги дўсту биродарлик, қўни-қўшничилик ва яқин ҳамкорлик алоқалари равнақ топаётгани, охирги йилларда чегаралар очилгани, натижада халқларимизнинг азалий алоқалари яна боғлангани таъкидланди. Бундай қулайлик ва ғамхўрликдан барча ниҳоятда мамнун экани айтиб ўтилди.
Туркий давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан илм-фан, таълим-тарбия, ижтимоий-иқтисодий ва диний-маърифий жабҳаларда муносабатлар ривожланаётгани натижасида муфтийлар ҳам бирлашиб, қардош халқлар ҳамжиҳатлиги йўлида хизмат қилаётгани, хусусан, Рамазон ойи, икки ҳайит байрамлари бирга нишонланаётгани, зарур масалаларда кенгашиб, фатво ва баёнотлар эълон қилинаётгани сўзланди.
Шунингдек, қардош давлатлар раҳбарлари ташаббуси билан барча соҳаларда эришилган мана шундай муваффақиятлар мамлакатларимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошираётгани алоҳида эътироф этилди.
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қардош халқлар муфтийларининг ўзаро яқин ҳамкорлиги нақадар аҳамиятли экани, бу эса мўмин-мусулмонлар манфаатига хизмат қилишини таъкидлаб, Туркий давлатлар муфтийлари йиғилишига муваффақият тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати