Дунё тамаддуни бешигини тебратган буюк шарқ юзлаб, минглаб уламоларни етиштиргани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур уламоларнинг кўпчилиги Марказий Осиёда, хусусан Мовароуннаҳр диёрларида яшаб ижод қилгани ҳам инкор қилиб бўлмас тарихга айланган. Ана шундай уламолардан бири Абул-Юср Паздавийдир. Мотуридия таълимотининг йирик намоёндаларидан бири бўлган бу зотнинг тўлиқ исмлари Абул-Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим Паздавий бўлиб, милодий 1030 йилда ҳозирги Қарши шаҳри ўрнида жойлашган Насаф ҳудудида дунёга келади. Унга берилган “Паздавий” нисбаси эса Насафдан Бухорога кетиш йўлида ундан олти фарсах масофада жойлашган “Пазда” ёки “Базда” деган қўрғон номидан олинган.
Насаф X-XI асрларда ҳадис, калом ва фиқҳ илмлари бўйича Ўрта Осиёда йирик марказлардан бири сифатида саноқли шаҳарлар қаторидан ўрин олган. Чунки IX асрдаёқ Насаф ва ундан унча узоқ бўлмаган Паздада, шунингдек Кеш воҳаларида ҳам ҳадис илмлари, ақида ва фаннинг бошқа соҳаларига оид мактаблар шакллана бошлаган эди.
У дастлабки сабоқни отаси Абул-Ҳасан Муҳаммад Паздавийдан олади. Шу билан бир қаторда у бир қанча ҳанафий олимларидан ҳам таҳсил олиб Ислом асосларини чуқур ўрганади.
Абдулкарим Самъоний аллома ҳақида шундай дейди: “Паздавий халқ орасида қозилар пешвоси сифатида танилган бўлиб, Бухорода бир қанча вақт ҳадис имло қилдирган, фиқҳ соҳасида талабаларга дарс берган забардаст назариётчи олим эди”.
Ислом асосларини чуқур ўрганган аллома ҳаёти давомида кўпгина китоблар таълиф қилади. Олимнинг ёзган китоблари турли соҳаларга оид бўлиб, улар орасида “Усул ад-дин” асари муҳим аҳамиятга эга. Аллома мазкур асарини тўқсон олтита масала кўринишида баён қилган бўлиб, буларнинг биринчисида калом илмини ўрганиш ва ўргатиш ҳукми ҳақида баҳс юритган, охирги масалада эса мотуридийларга мухолиф мазҳабларни баён қилиб ўтган. Мазкур асар мазмун-моҳияти жиҳатидан аҳли сунна вал-жамоа йўналиши ва мотуридия мактаби фикрларининг бутун моҳиятини очиб бериш ва Мовароуннаҳрда тарқалган “Аҳлуз-зайғ вал-бидаъ – адашганлар ва бидъатчилар”нинг таъсирини камайтириш учун ёзилган.
Абул-Юср Паздавий Мовароуннаҳрда, айниқса Бухорода ҳанафия мазҳаби ҳамда мотуридия калом мактабининг ривожланишида улкан хизмат кўрсатган. Бинобарин, унинг пойтахти ҳисобланган Самарқандга кўчиб келиши ҳам, ҳанафия таълимоти ривожланишининг йўналишларини сезиларли даражада ўзгартириб юборади. Уламолар орасида катта обрўга эришган Абул-Юср Паздавий Самарқандда “Қозийул-қузот” унвонига эришади. Лекин салжуқийлардан Маликшоҳнинг Мовароуннаҳрга қарши юриши натижасида алломанинг Самарқанддаги муваффақиятли фаолиятларига якун ясалади.
Паздавийнинг энг машҳур шогирдлари сифатида Абул-Муин Насафий, Рукнул-аимма Абдулкарим ибн Муҳаммад Саноий, “Ақоид ан-Насафий” асарининг муаллифи Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий, Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (Туҳфат ал-фуқаҳо китоби соҳиби) каби олимларни санаб ўтиш мумкин.
Абул-Юср Паздавий 69 ёшида Бухорода вафот этади.
Абул-Юср Паздавий ўз давридаги мотуридийлик ақида мактаби таълимотини пухта ўрганган ва бошқа нотўғри ақидадагилар билан ҳам илмий баҳс-мунозаралар олиб борган. Демак, Аллома Паздавийнинг бой илмий меросини хусусан “Усул ад-дин” асарини мотуридия таълимотини ҳимоя қилувчи асар сифатида баҳолаш жуда ҳам ўринлидир. Шунингдек, бу асар бугунги кунда пайдо бўлган айрим экстремистик адашган оқимларга қарши курашда ҳам катта аҳамият касб этади.
Асадуллоҳ Қудратуллоҳ,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ