Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Март, 2025   |   13 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:20
Қуёш
06:38
Пешин
12:37
Аср
16:41
Шом
18:30
Хуфтон
19:43
Bismillah
13 Март, 2025, 13 Рамазон, 1446

Рамазоннинг 22 баракаси

14.03.2024   5183   9 min.
Рамазоннинг 22 баракаси

Ислом динида Рамазон ойи улуғ ойлардан ҳисобланади. Унда рўзадор одамнинг уйқуси ҳам ибодат, намозини қоим қилиш ҳам ибодатдир. Унинг ҳар бир амалига кўплаб савоблар зиёда қилинади. Рамазон мусулмон кишининг дуоси қабул бўладиган ойдир. Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг раҳмат ва баракалари ёғиладиган ойдир. Рамазон мўмин ва мусулмонлар учун барака ойидир. Уларнинг ададини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Эътиборингизга Аллоҳ таоло қодир қилганича улардан 22 тасини келтириб ўтамиз:

  1. Рамазонда Қуръоннинг баракаси:

Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида «Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг авжи Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у Зот билан учрашган кезлари бўлар эди. Тасаввур қилинг: Қуръони карим тиловат қилинганда ерга қанчадан қанча фариша тушади. Аллоҳ таолонинг энг сўнги китобининг шу ойда нозил бўлиши ҳам бу ойнинг улуғ баракотли ой эканлигини билдиради.

  1. Рамазонда рўзанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади»,  дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Ҳадиси қудсийда (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Раббилари Аллоҳ таолодан ривоят қилганлар) Аллоҳ таоло: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Магарам, рўза ундай эмас. У Мен учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи)шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилур», –деди. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазондаги биринчи кечанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлса, шайтонлар ва ўзбошимча жинлар кишанланади. Дўзаҳ эшиклари ёпилади. Улардан бирон эшик очилмас. Жаннатнинг эшиклари очилур. Улардан бирор эшик ёпилмас. Хар кеча бир нидо қилувчи: «Эй яхшиликни истовчи, келиб қол! Эй  ёмонликни истовчи, бас қил», – деб нидо қилади», –  дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

  1. Рамазон кечаларида қоим бўлиш ва таҳажжуднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазон ойида садақанинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишда ўз умматларига ўрнак бўлар эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. Саховатларининг энг авжи Рамазонда бўлар эди. У Зот Рамазонда эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар.

  1. Рамазонда ифторнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики, ифторга шошилишар экан, одамлар яхшиликда бўлаверадилар», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жала: «Бандаларимнинг менга маҳбуброғи оғиз очишни тезлатганлари» , деб айтди»,  дедилар.

  1. Ифторлик қилиб беришнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади.бу билан рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас»,  дедилар. Имом Термизий ривоят қилганлар.

Бу билан у ўзи рўза тутмаса бўлади дегани эмас. Чунки рўза фарз ибодат ҳисобланади. Бу ҳадис ифторлик қилиб беришнинг қанчалик савоби улуғ иш эканини билдириш учун айтилган.

  1. Рамазонда ифторлик пайтида қилинадиган дуонинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ифторлик вақтида: «Аллоҳ номи билан, Аллоҳим сен учун рўза тутдик. Сенинг ризқинг билан ифторлик қилдик, бизлардан (рўзамизни)қабул қилгин. Албатта, Сен ўзинггина эшитувчи, билувчисан»,  демоқни васият қилдилар.

  1. Рамазонда ижобат бўладиган дуо баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзадор учун ифторлик вақтида рад қилинмайдиган дуо бор», дедилар. Бошқа бир ҳадисда «Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади. Роббисига йўлиққан вақтда (Рўзаси) билан хурсанд бўлади», дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазонда Лайлатул қарднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасида иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Чунки Қадр кечаси минг ойдан афзалдир. Шунинг учун баъзи саҳоба ва тобеинлар Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ғусл қилиб, ўзларига хуш бўйликлар сепиб юришарди. Қадр кечаси шу ўн кун ичида бўлгани учун.

  1. Рамазонда саҳарликни баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», деганлар. Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда: «Бизларнинг рўзамиз билан аҳли китоблар рўзасини орасини ажратиб турадиган нарса саҳарда таомланмоқ»,  деганлар.

  1. Рамазонда фитр садақасини баракаси: Рўзадор рамазон рўзасини тутиб бўлгандан кейин рўза давомида қилган хато ва камчиликларни тўлдириш учун беради. Фитр садақаси Ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Ундан олдин бериш жоиздир.

 

  1. Рамазон ойида умранинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойида қилинган умра ҳажга тенгдир», деганлар.

  1. Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳиднинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, рўзадорнинг оғзидаги ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир»,  дедилар. Имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазонда чиройли хулқ ва одобли бўлишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз рўза тутса, фаҳш ҳамда лағв сўзларни гапирмасин. Агар бирор киши сўкса ёки уришса, мен рўзадорман», десин», дедилар.

  1. Рамазонда унутиб таом истеъмол қилишнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб еса ёки ичса, рўзасини давом эттираверсин. Чунки Аллоҳ у кишини таомлантирибди ва сероб қилибди, холос»,  дедилар. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилганлар.

  1. Рамазонда рўзани очиб бўлгандан кейин таомланиш ва серобланишнинг баракаси:

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ва то тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар» (Бақара сураси, 187-оят).

  1. Рамазоннинг ёши улуғлар ва ҳомиладор аёлларга баракаси:

Аллоҳ таоло катта ёшдаги рўза тута олмайдиган кишиларни фидя беришга буюрган. Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сураси 184-оятида:«(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим», деб марҳамат қилган.

Ҳомиладор аёл бўлса туғуб бўлгандан сўнг рўзасининг қазосини тутиб беради.

  1. Рамазонда жаннатнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло рамазонниг хар кунида жаннатини зийнатлайди»,  деганлар.

Яна бошқа бир ҳадисда эса Жаннатдаги бир эшик фақат рўзадорлар учун эканлиги айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда бир эшик бор. У «Райён» дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди.«Рўзадорлар қани?» дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар киргач, у беркитилади. Кейин ундан ҳеч ким кирмайди», дедилар. Имом Бухорий ривояат қилганлар.

  1. Рамазонда истиғфорнинг баракаси:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазонда фаришталар рўзадорлар ифторлик қилгунларича уларга истиғфор айтадилар»,  дедилар.

  1. Рамазонда хайрли ишларнинг баракаси:

Имом Суфён Саврий агар рамазон келса, ҳамма нафл ибодатларни тарк қилиб, фақат Қуръон тиловат қилар эдилар.

  1. Барча тоатларнинг жамланишидаги барака:

Рамазонда барча тоатлар жамланади. Мисол: намоз, рўза, кечқурун қоим бўлиш, Қуръонни хатм қилиш, умра, ифторлик қилиб бериш, истиғфор, тавба, қариндошлардан хабар олиш ва бошқа ибодатлар.

Бошқа мақолалар

Қизлар ҳайз туфайли намоз ва рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

17.10.2024   2406   5 min.
Қизлар ҳайз туфайли намоз ва  рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

Бир қиз айтади: «Ҳайз бошланиб қолса, роса алам қилади. Чунки мен намоз ўқишни яхши кўраман, ҳайз эса мени намоздан тўсади. Қайғуларим Рамазонда яна ҳам ортади. Ҳамма рўза тутса, бир ўзим рўза тутмаслигим менга оғир ботади. Бундан ташқари, ўша тутмаган рўзаларимни барибир кейин бир ўзим тутиб беришимга тўғри келади.

Аввалига қалбим хотиржам бўлмас эди. Лекин ҳайз кунларида қила олмаган ибодатларимнинг савоби поклигимда қилиб юрган пайтимдагидек ёзилиб бораверишини билганимдан кейин кўнглим таскин топди.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга муқим ва соғлом пайтида қилиб юрган амалларига ёзилганидек савоб ёзилаверади» (Имом Бухорий ривояти).

 

Масалан, бир киши доим нафл намоз ўқиб, нафл рўзалар тутиб юрса, кейин бир куни сафарга чиқишга мажбур бўлиб ёки касал бўлиб қолиб, доимги ибодатларини қила олмай қолса, унга соғлом, муқим пайтидаги ибодатларининг савоби ёзилаверади.

Мисол учун, бир киши душанба-пайшанба кунлари рўза тутиб юрса, сафар қилгани учун рўза тута олмаса, ўша кунлардаги рўзасининг савоби барибир ёзилаверади. Яна бир одам суннат ва чошгоҳ намозларини доим ўқиб юрган бўлса, бир неча кун бетоб бўлиб, намозларини ўқий олмаган бўлса ҳам, шу кунлардаги намознинг савоби барибир ёзилаверади. Шунга қиёсан, қиз бола ҳам шаръий узр – ҳайз сабабли доимий ўқиб юрган намозини, тутиб юрган рўзасини адо қила олмаса ҳам, Аллоҳ таоло шаръий узри келишидан олдин доимий қилиб юрган амалларининг савобини ёзиб тураверади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотда шундай деганлар: «Ортимизда, Мадинада шундай одамлар борки, биз қайси бир дара ёки водийни босиб ўтмайлик, улар ҳам биз билан бирга бўлдилар, чунки уларни узр ушлаб қолди, холос» (Имом Бухорий ривояти).

 

Шундай экан, хайрли ишни ният қилиб, бажармоқчи бўлган одам узрли сабаб туфайли уни бажара олмаса, ўша амалнинг савоби ёзилаверади. Ҳайз ҳам шаръий узр бўлиб, Аллоҳ таоло уни барча аёлларнинг пешонасига ёзган. Шунинг учун ҳар қандай яхшиликни, ибодатларни бажаришни ният қилган қизни унинг ихтиёрида бўлмаган ҳайз қони амал қилишдан тўсиб қолса, унга ўша амалларнинг савоби ёзилаверади. Ҳайзи сабабли намозни, рўзани тарк этишга мажбур бўлган қизга Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан ўша ибодатларни адо этганларга бериладиган савобларни бераверади.

 

Яна бир қиз айтади: «Ҳайз сабабли эркак зотига ҳасад қилардим, уларга нисбатан гина сақлар эдим. Мен ҳам уларга ўхшаб ҳайзсиз, хотиржам яшашни орзу қилардим.

Лекин қизлар ҳайзнинг жисмоний, маънавий оғриқларини бошдан ўтказганлари учун жуда кўп савобларга эга бўлар экан. Буни билганимдан кейин ичим анча ёришди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради» (Имом Бухорий ривояти).

 

Мўмин бандага етадиган ҳар қандай каттаю кичик мусибат учун унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, қуйидаги мусибатга учрасак, хотиржам бўлайликки, улар туфайли гуноҳларимиз кечирилар экан:

• ҳорғинлик (ҳолсизланиш, меҳнат, ҳатто юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш);

• беморлик;

• ташвиш (ҳали содир бўлмаган ишнинг ғами);

• қайғу (бўлиб ўтган мусибатга сиқилиш);

• озор (ўзгалар тарафидан етадиган ноҳақ жабр-ситам),

• ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгил хира тортиши).

 

Қиз бола ҳайз келишидан олдин ҳадисда келган мана шу қийинчиликларнинг деярли барчасини бошидан кечиради. Ҳайзда жисмоний зўриқиш бор. Бу – ҳадисда келган ҳорғинликдир. Ҳайз келишидан олдин қиз бола ҳайз келишини ўйлаб сиқилади, эзилади. Бу эса мазкур ҳадисда зикри келган ташвишдир. Қиз бола ҳайз вақтида турли дилихираликлар сабаб маҳзун бўлади. Бу – ҳадисдаги қайғудир. Бу даврда баъзилар унга айнан ҳайз кўраётгани учун ҳам қўпол муомалада бўлади, бечора қиз бундан азият чекади. Бу – ҳадисдаги озордир. Ҳайз келишидан бироз олдин қиз бола ўзидан-ўзи сиқиладиган бўлиб қолади. Бу – ҳадисда келган ғам бўлиб, бирор-бир сабабсиз унинг юраги сиқилаверади.

Кўриб турганингиздек, қиз бола ҳайз даврида табиий касалликдан ташқари, турли мусибатларни бошдан кечиради.

 

Энди ушбу саволга жавоб беринг:

Бу мусибатларнинг ҳаммаси ҳайз даврига жамланган экан, унга сабр қилиш, рози бўлишнинг савоби қанчалар улкан бўлар экан-а? Демак, аслида қиз бола ҳайз кўришидан хурсанд бўлиши керак эмасми? Чунки бу нарса унинг кўплаб гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлмоқда-ку!

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.