Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Сизни дўзахдан халос этадиган ҳасана

27.01.2025   4175   2 min.
Сизни дўзахдан халос этадиган ҳасана

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қадрдоним, тасаввур қилинг, сиз қиёмат кунидасиз. Гуноҳларингиз билан савобларингиз палласи тенг келиб қолди, энди сиз дўзахдан қутулиш пайида битта ҳасанани излаш кераклигини тушуниб турибсиз... Ўша яхшиликни қўлга киритиш учун бор-будингизни сарфлашга ҳам тайёрсиз. Шу зайл ўша узун кун йўлида нима қилишни билмай қоласиз. Ўша куннинг миқдори  эллик минг йил. Яна у кун қуёш одамларнинг бошига яқин келиб қоладиган, тафти эса бир неча баробар кучайтириладиган ҳисоб кунидир. Сиз ана шу вақтда миллиардлаб уст-бошсиз одамлар билан бирга жонингиз чиққудай хавфу хатар ва ашаддий қийинчиликлар гирдобида қолгансиз.

Мана шу даҳшат уммонидаги одамлар орасидан  сизнинг савоб паллангизни тош бостирадиган бир амални сўрагани меҳрибон отангизни қидириб юрибсиз. Ҳолбуки ҳамма ўзи билан ўзи овора, жонини сақлаб қолиш илинжида турибди, ҳамма ҳам сиз қидираётган нарсани қидираяпти. Энди тасаввур қилинг-чи, шунча одам орасидан ўша бир яхшиликни топишга қанча вақт кетаркин?! Сиз учун дунёда мол-давлатини устингиздан тўкиб-сочган меҳрибон отангиз ўша яхшиликни беради деб ўйлайсиз, таассуфки унинг “вой жоним, вой жоним” деганини эшитганингизда ҳафсалангиз пир бўлади. Шу он сиз учун жонини фидо айлаган мушфиқ онангиз хаёлингизга келади.

Энди сиз терингиз сел бўлиб онаизорингизни излаяпсиз, ундан марҳамат сўрайсиз-у, зора у сизга бир ҳасана берса... Дунёдалик пайтингиз назарга илмаганингиз бир ҳасанани... Аммо онангиз ҳам “ўзим, ўзим, ўзимни қутқарай” дейишдан нарига ўтмайди. Бир неча юз йиллар битта ҳасанани излаб топа олмайсиз. Бироқ дунёда қанчадан-қанча савобни бир ондаёқ қўлга киритишга имкониятингиз бор эди, шундай эмасми?!

Не ажабки, савоблар бозорининг нархи ошиб кетганини кўринг!

Фаразан сиз ўша бир савобни маҳшар майдонидагиларнинг бирортасидан қўлга киритган тақдирингизда ҳам, унинг эвазига қанча ҳақ тўлашга тайёрсиз?! Бир савоб учун барча қимматбаҳо нарсаларингизни бериб юборадиган кун эмас бу,  тўғрими? Албатта, ҳа, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир сиз унинг сабабидан жаннатга кириб, жаҳаннамдан қутулиб қолмоқчисиз!..

Кофирларнинг ҳолини баён қилиб Аллоҳ таоло Моида сурасининг 36-оятида айтади: «Дарҳақиқат, куфрда бўлганлар қиёмат кунининг азобидан қутулиш учун мабодо Ер (юзи)даги (ҳамма) нарсанинг икки баробарига эга бўлганларида ҳам, улардан қабул қилинмагай. Улар учун аламли азоб (тайёрлаб қўйилгандир)».

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

Бошқа мақолалар

Нархни Аллоҳ белгилайди

18.06.2025   1049   6 min.
Нархни Аллоҳ белгилайди

Мазкур мақолада ислом фиқҳи нуқтаи назаридан бозордаги нархларни сунъий равишда белгиллаш, товарларни ушлаб туриш орқали нархни кўтариш (иҳтикор) амалиёти шариатда қандай баҳоланишига оид масалалар таҳлил қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва саҳобалар ривоятлари асосида нарх белгилаш ва эҳтикорнинг шариатдаги ҳукми, ижтимоий оқибатлари ҳамда замонавий хатарлари очиб берилган.

Ислом иқтисодий тизими адолат, ўзаро розилик ва зулмсиз муомала асосига қурилган. Бозор иқтисодиётида муҳим тушунчалардан бири – нарх белгилаш ҳуқуқидир. Шариатда бу масала шунчаки иқтисодий восита эмас, балки ахлоқий ва илоҳий қоида билан чамбарчас боғланган. Нархни сунъий равишда чегаралаш ёки тижорат молини ушлаб туриб нархни кўтариш – шариатда қораланган ишлардан ҳисобланади. Бу мақолада мазкур ҳолатларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муносабати, уламолар фатволари ва ижтимоий оқибатлари таҳлил этилади.

«Нархни чегаралаш» деганда масъул шахс ёки тараф томонидан нархни чегаралаб қўйиш тушунилади.

«Иҳтикор» деганда эса, турли йўллар билан бир хил савдо молини эгаллаб олиб нархни оширишга уриниш айтилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Одамлар: "Ё Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди бизга нархни белгилаб беринг" дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳнинг ўзи нархни белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм, даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбаро бўлишни хоҳлайман" дедилар (Сунан эгалари ривоят қилдилар).

Қимматчилик кўпчиликни ташвишга солиб қўяди. Чунки бу ҳолат барчага зарар келтираётган бўлиб кўринади. Ҳамма бу ҳолатдан чиқиш йўлини истайди. Энг осон, энг содда ва ҳаммага «ялт» этиб кўринадиган чора бозорда нархни чегаралаб қўйиш бўлиб, кўринади. Нима учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни қилмадилар? Ҳатто баъзи саҳобалар бу таклифни қилганларида ҳам маъқул кўрмадилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир нарсага юзаки қарамасдилар.

Нархни чегаралаш вақтинча фойда бергани билан алдамчиликдир, кейин эса зарар бўлиши турган гап. Сўнгра тожирлар ўз фаолиятларини тўхтатадилар. Бу ҳол эса эл юртга бошқа томондан ризқ келишини маън қилади. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча бой давлатлар хонавайрон бўлади. Фақирилк ва мискинликка рўбарў бўлади.

Сотувчи ўз молини ўз ихтиёри ила ўзи хоҳлаган нархда сотса, яхши бўлади. Олувчи ўз ихтиёри ила ўзи рози бўлиб, хоҳлаган нархга олса, яхши бўлади. Муҳими, ўзаро розилик бўлиши керак.

Яхши ва сифатли нарсанинг нархи баланд бўлади. Ёмон ва сифатсиз нарсанинг нархи эса паст бўлади. Ҳаммаси бозор кўтаришига қараб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир киши бозор яхши кўтарадиган молни етиштиришга, олиб келишга қизиқади. Ҳамма шунга урингандан кейин юртда доимий ва ҳақиқий серобчилик, арзончилик ҳукм сурадиган бўлади.

Муаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким эҳтикор қилса, ўша хатокордир", дедилар (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

«Иҳтикор» луғатда ушлаб туриш маъносини англатади. Шариатда эса сотиб олинган нарсани нархини ошириш учун қасддан сотмай ушлаб туришга «иҳтикор» деб айтилади.

Уламоларимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг эҳтикорига алоҳида, бошқа нарсанинг эҳтикорига алоҳида қараганлар.

Биринчиси мутлоқ мумкин эмас десалар, иккинчисини қимматчилик вақтида мумкин эмас деганлар. Иҳтикор ҳақида жуда кўп ҳадислар ривоят қилинган.

Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким таомни 40 кеча эҳтикор қилса, батаҳқиқ у Аллоҳдан воз кечган ва Аллоҳ ундан воз кечган бўлади. Қайси юртнинг аҳлидан бир киши оч ётган бўлса, батаҳқиқ, улар Аллоҳнинг зиммасидан тушган бўлурлар", деганлар.

Баъзилар шу ҳадисга суяниб эҳтикор фақат таомда бўлади дейдилар. Лекин жумҳур уламолар эҳтикор ҳақида ҳадислар кўп, шунинг учун бу ҳадис асос бўла олмайди дейдилар.

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жалб қилувчи ризқлантирилгандир, эҳтикорчи эса лаънатлангандир", деганлар.

«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келиб сотувчидир. Демак, бу иш, яхши ишдир. Ким бу ишни қилса ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозорида энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчилар лаънатлангандур. Чунки унга халқ муҳтож бўлиб турганди, у эса ишлаб чиқармай, бошқа юртдан олиб келмай фойда топишга уринган харомхўр кимсадир.

Имом Аҳмад Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким мусуломонларнинг нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ўтказмоғи ҳақ бўлади", деганлар.

Демак, эҳтикорчи бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қаттиқ азоб-уқубатларга дучор бўлади.

Ашуров Маҳмудхон Муҳаммад Ғулом


Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Қуръони Карим. – Тошкент: Ҳилол нашриёти, 2018.
  2. Имом Муслим. Саҳиҳи Муслим. – Қоҳира: Дарул-Ҳадис, 2007.
  3. Имом Аҳмад. Муснад. – Байрут: Муассасатур-Рисола, 1995.
  4. Абу Довуд. Сунан. – Байрут: Дарул-Маориф, 2003.
  5. Ат-Термизий. Сунан. – Байрут: Дарул-Ғарб ал-Исломий, 1996.
  6. Абу Ҳомид ал-Ғаззолий. Иҳё Улумиддин. – Қоҳира: Дарул-Қалам, 1993.
  7. Табароний. Муъжам ал-Кабир. – Байрут: Дарул-Фикр, 1984.