Ўзбекистон халқаро ислом академияси Малака ошириш марказида жорий йилнинг 22-27 январь кунлари "Хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришнинг долзарб масалалари" мавзусида малака ошириш ўқув курслари ўтказилди.
Олий Мажлис Сенати, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бойича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарларда тингловчилар соҳа мутахассисларидан турли мавзулардаги маърузаларни тинглашди.
Шу йил 27 январь куни мазкур ўқувларнинг якунига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Матлуба Қаҳҳорова, "Оила ва гендер" илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи Фарида Йўлдошева, Малака ошириш маркази директори Ҳусниддин Ахмедов ҳамда тингловчилар иштирок этишди.
Академия ректори тадбирда сўз олар экан, бу каби ўқувларни ташкил этишдан мақсад мазкур соҳадаги фаолиятни янада ривожлантириш, тизимда ишни тўғри ва самарали ташкил этиш, жойларда хотин-қизлар соҳасидаги муаммоларни ечиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан тайинланган масъул ходимларнинг кўникма ва малакаларини ошириш эканини таъкидлади.
Якунда тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йил 11 март куни Рамазон ойи муносабати билан хайр-саховат ишлари уюштирилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Наманган вилояти бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов бошчилигида Мингбулоқ туманида ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган бўлган рус, карейс, ўзбек ва татар миллатига мансуб муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинди.
Зеро, тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳйи ва саллам ҳам бағрикенглик тамойилига амал қилганлар. У зот ўзга юрт ва дин вакиллари, яъни Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни масжидларига таклиф қилиб: “Улар бизнинг дўстларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ҳам уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Бу хайрли ишлар Исломнинг нақадар бағрикенг дин эканини кўрсатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати