Шайх Шаъровий айтадилар:
"Йўлда чумолини кўрсангиз, уни босиб эзғиламанг ва бу билан Аллоҳнинг ризолигини истанг. Шоят, унга раҳм қилганингиз учун Аллоҳ сизга ҳам раҳм қилса.
Кўлмакда сув ичаётган қушни ёнидан ўтсангиз, уни чўчитиб юборманг ва шу ишингиз билан Аллоҳнинг ризосини ният қилинг. Шоят, Аллоҳ таоло сизни қиёматнинг қўрқинчидан омон қилса.
Агар йўлингизда мушук боласини ётганини кўрсангиз, уни олиб йўлнинг четига чиқариб қўйинг ва шу ишингиз билан Аллоҳдан ажр умид қилинг. Шоят, Аллоҳ таоло сизни ёмон ҳолатда ўлишдан сақласа.
Агар ортган таомни ташламоқчи бўлсангиз, уни турли жониворлар еб кетишини ният қилинг ва бу амалингиздан Аллоҳнинг ажрини умид қилинг. Шоят, Аллоҳ таоло сизга ўйламаган ерингиздан ризқ ато этса.
Агар ёзда ҳаво ҳарорати ҳаддан ташқари исиб кетса, бирор идишга сув солиб қушлар ичиб салқинлашлари учун хонангиз деразаси олдига қўйинг ва бу ишингизни савобини Аллоҳдан умид қилинг. Шоят, Аллоҳ таоло сизни қиёматдаги чанқоқликдан сақласа.
Шуни унутмангки, Аллоҳ таоло ташна бир итга сув берган зинокор аёлни барча гуноҳларини мағфират этган".
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд ғазоти шаҳидларини дафн қилаётиб: «Абдуллоҳ ибн Ҳаром билан Амр ибн Жамуҳни битта қабрга қўйинглар. Улар бир-бирини яхши кўрар эди!» дедилар.
Аслида, ўлим фироқ эмас. Ҳаммамиз куни келиб вафот этамиз. Ҳақиқий фироқ биримиз жаннатда яна биримиз дўзахда бўлишимиздир.
Ажойиб нарса ўқиган эдим. Бир киши бувисининг бир одати ҳақида шундай ёзган эди: «Бувим бизни бомдод намозига уйғотиб: «Туринглар! Жаннатда сонимиз камайиб қолишини истамайман», дер эдилар».
Ким сизни ҳақиқий яхши кўрса, у дўзахга тушишингизни истамайди. Иброҳим алайҳиссалом оталари Озарни яхши кўришларига қаранг. У киши бундай деган эдилар: «Эй ота! Мен сизни Раҳмоннинг азоби ушлашидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингиздан қўрқаман» (Марям сураси, 45-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини гўзаллигига боқинг: «Улар бир-бирини яхши кўрар эди!».
Инсоннинг ўзгалар олдида муҳаббат, шижоат, саховат ва олийжаноблик каби чиройли сифатлар билан танилиши нақадар гўзал! Унинг номи зикр қилинганида тингловчининг юзида унинг сурати худди қип-қизил юрак сингари порласа. Шунингдек, унинг сурати биз қўяётган гўзал иборалар ортида ҳам порлаб турса!
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ «Сияру аъломин нубало» китобида Муҳаммад ибн Маймун ҳақида бундай ёзади: «Абу Ҳамза Сукарий Муҳаммад ибн Маймун ал-Марвазий. У шакар сотгани учун «сукарий» дейилмаган. Унинг сўзлари ширинлиги учун шу ном билан танилган!».
Бизни танийдиганлар ҳам исмларимизни уларга қиладиган муомаламиз туфайли сифатларимизга алиштириб олишганида нима бўлар эди?!
Ота-онамиз бизга «Ота-онани рози қиладиган, муборак ва яхшилик қиладиган ўғил», деб ном қўярмиди ёки «сурбет, қўпол ва оқпадар ўғил» дебми?!
Хотинимиз бизга «Меҳрибон, сахий ва бағрикенг эр», деб ном қўярмиди ёки «қайсар ва қаттиққўл эр» дермиди?!
Эрлар аёлига «меҳрибон, суюкли, олийжаноб ва сабрли хотин», деб ном қўярмиди ёки «бағритош, тили заҳар ва қўпол сўзли хотин» дебми?!
Қўшнингиз сизни «сахий ва марҳаматли» дермиди ёки «хиёнаткор, очкўз ва бадхулқ қўшни» деб атармиди?!
Ҳамкасбингиз сизни «сир сақлайдиган, ишончли, тарбияли ва одобли ҳамкасб» дермиди ёки «чақимчи ва шарманда» деб ном қўярмиди?!
Исмларимиз бизники. Сифатларимиз эса одамларники. Улар бизга муомаламизга қараб сифат беришади. Куни келиб исмлар кетади, сифатлар қолади. Ортимизда бизга Аллоҳдан раҳм қилишини сўраб турадиганлар қолсин!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди