Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг Каъбада туғилгани ҳақидаги маълумотлар кенг тарқалган.
Ҳадис тўпламларида бу маълумотнинг тўғрилигини тасдиқловчи биронта ҳадис, ҳатто заиф ҳадис ҳам йўқ.
Фақатгина Имом Ҳокимнинг “Али Каъба ичида туғилган”, деган сўзлари бор – “Мустадрак”, 3/483.
Сирожиддин ибн Мулаққин айтадилар: “Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у Каъбада туғилган, деган нарсага келсак, бу заиф ва кўплаб муҳаддислар Имом Ҳокимни ривоятини инкор қилганлар” – “Бадрул мунир”, 6/489.
Биргина саҳоба Ҳаким ибн Ҳизомнинг Каъба ичида туғилганлиги ишончли ривоят ҳисобланади. Бу ривоятни Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида келтирган: “Ҳаким ибн Ҳизом Каъбада туғилиб, бир юз йигирма йил яшаган” – “Саҳиҳ Муслим”, 1532. Бу ҳақдаги Ҳакимнинг ўзи айтган гапини Имом Заҳабий, Ибн Ҳажар, Суютий ва бошқа олимлар ҳам ривоят қилганлар.
Қолаверса, Қурайшнинг насл-насаби борасида мутахассис бўлган Мусъаб Зубайрий (вафоти 236 ҳижрий сана) Каъбанинг ичида фақат Ҳаким ибн Ҳизом туғилган, ундан олдин ҳам, кейин ҳам, Каъбада ҳеч ким туғилмаган, деган.
Ҳакимнинг оналарини тўлғоқ тутган вақтда Каъба атрофида эди. Шу сабабдан бир қанча аёллар билан Каъбага кириб, ўша ерда фарзанд дунёга келтирди. Бу воқеа “Фил йили”дан ўн уч йил олдин бўлган эди. Мана шу янги туғилган чақалоқ Ҳаким ибн Ҳизом Макка фатҳи арафасида мусулмон бўлган.
Ҳазрати Али милодий 600-йилда Маккаи Мукаррамада таваллуд топдилар. Ҳазрати Али Расулуллоҳ набий қилиб юборилганларидан кейин ёш болалардан биринчи бўлиб иймон келтириб, Исломни қабул қилганлар. Ана шу вақтда ёшлари ҳали саккиздан ўтмаган эди. Ҳижрий 40, милодий 661 йили ўн еттинчи рамазон куни Куфада вафот этган.
Пўлатхон Каттаев,
Тошкент Ислом институти Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
У Ҳажарул асвад рукни билан Каъба эшиги оралиғи бўлиб, ўлчами икки метрдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Мултазам рукн билан эшик оралиғидадир», дедилар.
Мужоҳид: «Рукн билан эшик орасида мултазам бордир», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят килинади:
«Бу зот тавоф қилиб, намоз ўқиб, кейин рукнни ўпиб, сўнгра тош билан эшик олдида тик туриб, икки қўл, чаккаларини кўкракларига ёпиштириб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай қилиб турганларини кўрдим», дедилар.
Абу Зубайр: «Абдуллоҳ ибн Умар, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳулар мултазамда туришганини кўрдим», дедилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Бирор киши қора тош билан Каъба эшиги олдида туриб Аллоҳга дуо қилса, барча яхши кўрган нарсаларининг ҳожати чиққанини кўради», дедилар.
Мужоҳид: «Рукн билан эшик орасидаги жой Мултазам деб номланади. Одамлар ўша ерда Аллоҳдан бирор нарса сўрашса ёки бирор нарсадан паноҳ тилашса, Аллоҳ уни уларга беради», дедилар.
Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари» китобидан