Шу йил 2024 йил 28 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ташаббуси ҳамда йиллик иш режасига асосан навбатдаги сайёр йиғилиш Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Дастлаб вакиллиги ходимлари ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, керакли кўрсатма ва топшириқларини берди.
Мазкур тадбирдан сўнг Ҳасан домла Темиров Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби З.Маҳмудов ҳамроҳлигида шаҳaр марказидаги “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди ҳудудидаги бемор ва ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмак кўрсатиш билан бирга уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилди.
Шундан сўнг Самарқанд шаҳрида жойлашган 59-сон кўзи ожизлар мактаб интернатига бориб, у ерда тарбияланаётган ўқувчи ёшлар билан суҳбат ўтказилди. Унда З.Маҳмудов инсон қадр-қимматининг Аллоҳ таолонинг наздида нақадар улуғ экани, ёшлик даврининг қадри тўғрисида ояти карима ва ҳадиси шарифлардан намуналар келтириб маъруза қилди. Шунингдек, “Самарқанд вилоят ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази”ида ҳам бўлиб, 45 нафар кўнгли ўксик нуроний отахон ва онахоннинг холидан хабар олди.
Шунингдек, шаҳар-туман бош имом-хатиблари ҳам тақсимот асосида шаҳардаги 23 та масжид имом-хатиблари ва 2024 йилда Ҳаж ибодатига бориб келган ҳожилар ҳамроҳлигида 30 та маҳаллада бўлиб, жойларда аҳолининг 150 дан зиёд ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва нотинч оилалар хонадонига бордилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди.
Шу билан бирга, вилоят ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳридаги 23 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилди.
Шундан сўнг ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди.
Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров бевосита бош бўлди. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ва аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан бирга ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш, муборак Рамазон ойига барча масжидларни тайёрлаш ва шу каби долзарб йўналишлар бўйича керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди.
Мазкур тадбирдан сўнг Аллоҳ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмат
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Жаннат сизларнинг ҳар бирингизга кавушининг боғичидан ҳам яқинроқдир, дўзах ҳам худди шундай” (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ: Ушбу ҳадисда озгина бўлсада, яхшилик қилиб қолишга тарғиб ва озгина бўлсада, ҳам ёмонлик қилишдан қайтариш бор. Чунки тоат-ибодат инсонни жаннатга яқинлаштиради, гуноҳ-маъсият эса, уни дўзахга яқинлаштиради. Аллоҳ таоло айтади: “Ким бир зарра миқдорича яхшилик қилса, уни кўради. Ким бир зарра миқдорича ёмонлик қилса, уни ҳам кўради” (Залзала сураси, 7-8-оятлар).
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ